Жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг деҳқону боғбонлари йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, ҳосилни сарҳисоб қиладиган кунларга ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларни ато этишни хоҳлаганининг аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олишимиз мумкин.
Яъни: "Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Роббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳарнинг ери эса) фақат унумсиз бўлур" (Аъроф, 58).
Дарҳақиқат, бозорлардаги тўқин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар — оятда таъкидланганидек — Парвардигорнинг изни билану чиқмокда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқ диёрдир.
Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса, деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин:
Яъни: "Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни гиёҳлар билан ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни зайтун ва хур-моларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир" (Абаса, 24 — 32).
Ушбу оятларда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир куз фасли давом этмоқда. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг натижаси бўлган ҳосилни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва унга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир. Чунки шу ҳосиллар билан юртимиз обод, дастурхонимиз тўкин бўлади. Бу йилги ҳосил кейинги йиллардаги фаровон ҳаётимиз гаровидир.
Шу ўринда кишлоқ жойларда учрайдиган бир муаммо ҳақида ҳам сўз юритсак. Ҳали ҳосили тўлиқ йиғиб олинмаган пахтазор ва далаларда ёки янги экилган буғдойзорларда чорва ҳайвонларини боқиш, афсуски, одат тусига кириб қолган. Бу қанчалик оғир гуноҳ эканлигини Қуръони карим оятларидан билиб олишимиз мумкин. Жумладан:
Яъни: "(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди" (Бақара, 205).
Ушбу оятда экинларни пайҳон қилувчилар фитначилар билан бир қаторда зикр этилди. Оқибатлари ҳам ўхшашдир. Яъни, Аллоҳ бундай бузғунчи кишиларни ёмон кўради.
Бундай кишиларга нисбатан турли хил моддий жарима ва жазоларнинг кўлланиши ҳам адолатдандир. Бунга Довуд (а.с.) ва Сулаймон (а.с.)нинг қиссаси мисол бўла олади:
Яъни: "Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида хукм қилган кезларини (эсланг). Ўшанда унга қавмининг қуйлари (тунда) кирган (ва уни пайҳон қилган) эди. Биз уларнинг (чиқарган) ҳукмига шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик..." (Анбиё, 78-79).
Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб, бирон нарсани сог қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд (а.с.) қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон (а.с.) эса: "Ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтариб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда тугилган қўзиларни ҳам ўзига олиб қолса", — дейдилар. Шунда Довуд (а.с.) Сулаймон (а.с.)га қараб: "Уғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир" — деб ўзи чиқарган ҳукмларини бекор қилади.
Демак, келтирилган зарарни қоплаш учун уларни турли хил жавобгарликларга тортиш жуда ўринлидир.
Азизлар! Бу йил омборларимиз буғдой билан тўлди, пахтазорларимизда мўл-ҳосил етиштирилди. Фурсатни ғанимат билиб, уни териб олишга ҳисса қўшиш ҳар бир Ўзбекистонлшснинг бурчидир.
Аллоҳ таоло деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака берсин! Юртимиз тинч ва обод бўлсин!
Одилжон Нарзуллаев
Зангиота тумани «Имоми Аъзам» жоме масжиди имом хатиби
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.