Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Декабр, 2024   |   04 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:09
Қуёш
07:33
Пешин
12:19
Аср
15:13
Шом
16:57
Хуфтон
18:16
Bismillah
05 Декабр, 2024, 04 Жумадул сони, 1446

Жаннатга яқинлаштирувчи амал

6.09.2018   13175   2 min.
Жаннатга яқинлаштирувчи амал

Исломдаги энг гўзал буйруқлардан бири силаи раҳм, яъни, яқинлар билан қариндошлик ришталарини боғлаш, дўстларга меҳр-оқибат кўрсатишдир. Силаи раҳм аввало Аллоҳ таолони бандаларига буюрган амрларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Ва ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи қўйиладиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз” (Нисо сураси, 1-оят).

Силаи раҳмда Аллоҳнинг розилиги, мўминлар ва фаришталарнинг хурсандчилиги, шайтонга ғам етказиш, умрнинг зиёдалиги ва ризқнинг баракаси каби гўзал хислатлар мужассам.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимни ризқи  кенг  ва умри баракали бўлишлиги  хурсанд қилса, силаи раҳмни боғласин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким умрини узун, ризқини кенг бўлишини ва ёмон ўлимдан қутулишни ҳоҳласа, қариндошлари билан алоқасини тикласин”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бу шунчалик улуғ ибодатки, уни бажарган киши қанчалик кўп ажр ва фойдалар топса, уни тарк қилган, унга бепарволик қилган одам шунчалик қаттиқ гуноҳкор ва зиёнкор бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Силаи раҳм савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезда азоб бериб, охиратда ҳам азоб келтирадиган гуноҳ силаи раҳмни узишликдир” (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа ривояти).

Қолаверса, силаи раҳмнинг дўзахдан узоқлашишига ва жаннатга яқинлашишига сабаб бўладиган амаллар билан бир қаторда зикр қилиниши нақадар улуғ ибодатлигига далолат қилади.

Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бир аъробий Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалдан хабар беринг!”, деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка ва намоз ўқишга, закот беришга ва силаи раҳм қилишга буюрдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Демак, силаи раҳм қилиш динимизнинг биз мўминлардан талаб қилган қатъий талаби. Шундай экан, бу гўзал амалга бепарво бўлмайлик.

 

Ёрбек  ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар

Динни тўғри англаш нима дегани?

4.12.2024   1839   4 min.
Динни тўғри англаш нима дегани?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динни тўғри англаш деганда, Қуръон ва Суннатни саҳобалар, тобеъинлар ва мужтаҳид имомларнинг тутган йўли орқали тушуниш назарда тутилади. Бу эса фиқҳ, ақийда ва ахлоқ мазҳаблари воситасида амалга ошади. Бу уммат хатодан муҳофаза қилинган, бу ҳақда Қуръон ва Суннатда саҳиҳ хабарлар ворид бўлган. Демак, бу йўл муҳофаза қилинган экан. Умматимиз эса Ислом тарихи давомида айнан шу йўлдан юриб келди. Агар биз бу йўлни муҳофаза қилинган, демасак, Қуръонни ёлғонга чиқарган бўлиб қоламиз.

Аҳли суннанинг афзаллиги шундаки, у фақат мустаҳкам илмларга эргашади ва шу йўлдан кетади. Биз Ислом тарихидан билган барча буюк давлатлар – умавийлар, аббосийлар, усмонийлар, салжуқийлар, ғазнавийлар ва бошқалар мазҳаб йўлидан юришган. Агар уларни ҳақ демасак, демак, ботил деган бўлиб қоламиз. Энди айтинг-чи, сиз бу умматнинг залолатдаги уммат дейилишига рози бўласизми?

Таҳаллул ва ташаддуд мактаблари мазҳабларни умумий маънода тан олишмайди, умматни ҳақ йўлда деб ҳисоблашмайди ҳам. Аслида эса минг йилдан ошдики, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санад ҳам йўқ. Мазҳаблар орқали, мазҳаб уламолари воситасида у зотга етиб борадиган йўллари ҳам мавжуд эмас. Улар ўзлари фахрланадиган умматга тегишли ҳам эмас.

Биз эса бу уммат билан фахрланамиз, бошқа ҳеч бир умматнинг бундай шарафли тарихи йўқ деб биламиз. Улар эса тарихга шубҳа билан қарашади, дин пешволари ҳақида нолойиқ гаплар айтишади, ақийда борасида айблар тўқишади. Биз эса барча уламолар ҳақида фақат яхши гумонда бўламиз.

Бу буюк зотларда тарбиявий-тасаввуфий мактаблар бўлган; ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий фиқҳий мазҳаблари бўлган; мотуридия ва ашъария ақийдавий мазҳаблари бўлган. Мана шу тўғри йўлдир. Мана шу йўлдан юриб, мусулмонлар ер юзига ҳукмрон бўлишди, раҳбар бўлишди, устоз бўлишди. Ислом ўзининг беқиёс ўрнига эга бўлди.

Юқорида айтганларимнинг барчасидан шундай хулоса қиламанки, Аллоҳнинг душманлари таҳаллул ва ташаддуд мактабларини бу умматни бугунги аҳволга келтириш учун ўйлаб чиқаришди. Натижада дин ғариб бир кўринишга келиб қолди, бир мактаб сабабли ҳамма нарса «ҳалол» бўлиб қолди, бошқаси сабаб ҳатто ғулувга кетиб, қон тўкишгача борилди. Шунинг учун одамлар диндан узоқлашиб, дунё билан овора бўлиб кетишди. Уммат барчамиз кўриб турган ҳолатга маҳкум бўлди...

Биз ушбу маълумотлардан нимани ўрганамиз? Айтилган барча муқаддималардан келиб чиқиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан, саҳобалар замонидан, дин пешволарининг юрган йўлларидан ушбу фиқҳий манҳажнинг ҳақ эканига далиллар келтирамиз, бу мавзу доирасида келган шубҳаларга имкон қадар жавоб берамиз. Шу орқали динни тушунишдаги ягона йўл, ҳақ ва тўғри йўл фиқҳий мазҳаблар эканини исботлаймиз.

Фиқҳий мазҳабларни ўрганмай туриб, фақиҳ бўлишнинг мутлақо имкони йўқ. Бу ягона ҳақ йўлдир. Бу Аҳли суннанинг йўлидир. Ҳанафий бўласизми, шофеъий ёки моликийми, бунда муаммо йўқ. Асосийси – мазҳаб ҳақ йўлдир.

Биз бу маълумотларда йўлимизни заиф қилиб кўрсатиш учун келтирилаётган шубҳа ва муаммоларни рад қиламиз. Беш-олтита мавзу шунга бағишланган. Охирида эса ҳанафий мазҳабига амал қилиб яшашга оид муҳим масалаларга ҳам тўхталиб ўтамиз.

Азизлар, мана, мазҳаб ҳақида умумий тушунча олдик, мазҳабнинг ҳақ йўл экани, ундан бошқа йўл залолат экани борасида муқаддима қилдик. Фиқҳ фанини фиқҳий мазҳаблардан айро ҳолда ўрганиб бўлмайди. Мазҳаблардан ажратиб олиб, эллик йил ўргансанг ҳам, фиқҳни ўрганган бўлмайсан. Мазҳаб мусулмонлар учун яхшилик йўлидир, мусулмонлар дуч келаётган барча чалкашликларнинг, муаммоларнинг ечимидир. Биз мана шу манҳажни маҳкам тутиш ҳақида қатъий эътиқодни шакллантиришимиз, интернет ва бошқа ахборот воситалари орқали мусулмонлар орасида тарқатилаётган барча шубҳа-гумонларни рад қилишимиз керак. Шундан кейин ҳанафий мазҳабининг нозик жиҳатларини қандай тушуниш ҳақида баъзи масалаларнинг қоидаларига тўхталамиз.

Демак, аввало мазҳаб ҳақидаги фикрни шакллантириб, сўнг уни ўрганишга киришиш керак.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан