Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизникига келдилар ва озроқ мизғиб, терладилар. Умму Сулайм Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг терларини бир идишга йиға бошлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уйғониб: “Эй Умму Сулайм, нима қиляпсан?”, деб сўрадилар. Умму Сулайм (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ, сизнинг терингиздан хушбўйлик ўрнида фойдаланамиз. Зеро, у хушбўйлар ичра энг хушбўйидир”, деб жавоб берди» (Имом Муслим).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да шундай хислат бор эди. Агар бир кўчадан ўтсалар, ҳидларининг хушбўйлигидан, у зот (алайҳиссалом)дан сўнг ўтган одам у ердан у зот (алайҳиссалом) ўтганларини билиб оларди».
* * *
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сафарда эдик. Суви оз қудуқ ёнида тўхтадик. Идишни ҳовучлаб тўлдириш учун қудуқ тубига олти киши тушдик. Бизга челак туширилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қудуқ бошида қолдилар. Биз челакнинг ярмини ёки учдан икки қисмини сув билан тўлдирдик. Идиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га узатилди. Ўзим эса томоғимни ҳўллаб олиш учун идишимга қараган эдим, сув йўқ экан. У зот (алайҳиссалом) идишга қўлларини ботирдилар ва Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтиб, идишни бизга қайтардилар. Мен қудуқ ичидаги охирги киши чўкиб кетишдан қўрқиб, кийимини ечиб тортиб олишлари учун юқорига узатаётганини кўрдим”. Кейин қудуқдан сув дарё бўлиб оқди (Имом Ибн Касир ва Имом Аҳмад).
* * *
Абу Зайд Амр ибн Ахтоб Ансорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Яқинроқ кел”, дедилар. Борганимда соч ва соқолимни қўллари билан силадилар ва: “Ё Аллоҳ, уни гўзал эт ва гўзаллигини доимий қил”, дедилар».
Амр ибн Ахтоб (розияллоҳу анҳу) юз ёшдан ошганида ҳам соқолига оқ тушмади. Фақат озгина оқи бор эди, холос. Шунингдек, у очиқ юзли киши бўлиб, то вафот этгунига қадар юзига ажин тушмади (Имом Аҳмад).
* * *
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ансорларнинг суғоришда ишлатадиган туялари бўларди. Ўша туя бўйсунмай, ҳеч кимни миндирмай қўйди. Ансорлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Бизларни суғоришда ишлатадиган туямиз бор эди. У бизга бўйсунмай, юк орттирмай қўйди. Хурмо ва экинларимиз чанқаб қолди”, дейишди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга қараб: “Туринглар, мен билан юринглар”, дедилар. Барчалари боққа киришганда, унинг бир четида ўша туя ўтлаб юрарди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у томонга юрдилар. Шунда ансорлар: “Ё Расулуллоҳ, эҳтиёт бўлинг. У итдек қутурган, яна ташланиб қолмасин”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундан менга ҳеч бир зиён етмайди”, дедилар.
Туя Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўриб, ул зот томон юра бошлади. Олдиларига келгач, сажда қилган ҳолида йиқилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унинг пешонасидан ушладилар. Туя, илгари ҳеч кўрилмаган ҳолатда итоаткор бўлиб қолди.
Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бу ақлсиз ҳайвон сизга сажда қилди, ваҳоланки, биз ундан кўра сизга сажда қилишга ҳақлироқмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсоннинг инсонга сажда қилиши мумкин эмас. Агар инсон инсонга сажда қилиши мумкин бўлганида, ҳақ-ҳуқуқи катта бўлгани учун, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлардим”, дедилар» (Имом Аҳмад).
* * *
Ҳанзала ибн Худаймнинг отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, мен кексайиб қолдим. Мана бу ўғлим Ҳанзала. Унинг ҳаққига дуо қилсангиз”, деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй бола”, дея қўлидан ушладилар ва бошини силаб: “Сенга Аллоҳнинг баракоти бўлсин!” дедилар.
Шундан сўнг Ҳанзаланинг олдига елини шишиб кетган қўй ва туяларни, ўсимтаси бор кишиларни олиб келишарди. У қўлига туфлаб, бошининг ўша жойига ишқаларди ва: “Бисмиллаҳ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари изидан”, деб касалларни силар ва улар тузалиб кетишарди (Имом Аҳмад, Имом Бухорий).
Маҳмудахон МУХТОРОВА
“Hidoyat” журналидан
Ўша кезлари Мисрнинг “Ал-Азҳар” университиетида таҳсил олардим. Янги ўқув йили арафаси – таътилдан қайтиб сабрсизлик билан сабоқ соатларини санаб турардик. Эртага худо хоҳласа, биринчи дарс! Оғзим қулоғимда эди, чунки боягина университетнинг эълонлар лавҳидаги дарс ва сабоқлар жадвалига кўз югуртира туриб, кутилмаган бир хушхабардан воқиф бўлдим. Шундан кайфиятим аъло, фикру ёдим эртанги синовдан мувафақиятли ўтиш ташвиши билан банд эди. Бирда, шундай имкониятга мушарраф бўлганим учун қувониб ғурурланардим. Сўнгра унинг масъулияти ёдимга тушиб жиддий тортиб қолар эдим: “саволим салмоқли бўлиши керак”, – деб такрорлардим ўзимга ўзим. Аммо, фикримни ифода этиш учун топган жумлаларим назаримда юпунгина бўлиб туюлар, тузган саволларимнинг арабча қироатидан ҳам кўнглим тўлмаётганди. Хаёлан ўқиган китобларимни варақлаб, арабча луғатимни титкилайман, қани бирор бир арзирлик нарса топсам. Шу пайт эшик шарақлаб очилди-ю, хонага ҳовлиққанча хонадошим Мамат кирди.
– Я-а-н-нгиликни эшитдингми? – Худдики, Марафондан Афинага ғалаба хабарини олиб келган чопарга ўхшаб ҳансирарди у.
– Қанақа янгиликни?
– Эртадан бизга янги курс ўтилар экан, маърузачи ким – биласанми? Нақ Мустафо ад-Доурнинг ўзлари! – Ҳовлиқманинг ҳовури пасаймаганди. У девордаги эълоннинг бошига кўз югуртиргану, давомини ўқишга сабри чидамагани аниқ, акс ҳолда яна бошқа бир янгиликдан бохабар бўлган бўларди. Бир ҳисобда шуниси ҳам маъқул, бўлмаса эртагача ич-этини еб қўярди бояқиш!
Мен ўзимни бепарво тутдим:
– Ким у киши?
Юртдошим менга ўсмоқчиланиб қаради:
– Сен?.. Ростдан ҳам ул зотнинг кимликларини билмайсанми? Ахир, Ислом оламида бармоқ билан санарли шайхларнинг бири-ку! Кеча-ю, кундуз китобга муккасидан кетган сендек одам билишинг керак! Нимангни мақташади, ҳайронман! – Таажжубланиб елкасини қисди у. Сўнг худди ўзига ўзи гапирган каби (аслида жиллақурса шу борада мендан усунлигини намойиш қилмоқ бўлиб) давом этди:
– Билмасанг, билиб қўй: бу одам давлат муҳофазасидаги шахс. Ниҳоятда обрўли олим. Худди президентлардек алламбало машиналарда юради. Ёнида ҳамиша танқўриқчилари... Лекин, жа-а-а-а зап иш бўлди-да, шу кишидан сабоқ тинглашимиз! Ҳали Ватанга қайтгач, тасоввур қилаяпсанми, биргина шунинг ўзи бизга қанчалик обрў олиб келишини?
Албатта, у кишининг сабоқларидан кўпроқ нарса ўргансак, унга амал қилсак ва буни юртда кўрсата олсак ҳурматимиз икки ҳисса ошади. Бунинг учун эса ўқиш керак!
Хаёлимдан кечган бу гапларни унга айтиб ўтирмадим – бефойда! Қанча баҳслашганмиз, жиққамушт бўлганмиз – ўз билганидан қолмаган. Сабоқдошим жағи-жағига тегмай жавраркан, мен унга синчиклаб қарадим. Ватанда таниқ, нуфузли бир кишининг ўғли. Бирор-бир масалада ками йўқ! Илм ўргансин, ҳаётни кўрсин деб, отаси уни шу ёқларга йўллаган, лекин унда илмдан кўра чилимга иштиёқ кучли. Мисрнинг ғарбча ҳаётига қизиқиши зўр. Ҳаттоки, айни пайтда ҳам улуғ шайхнинг сабоқлари эмас, ўша сабоқлардаги иштироки унинг учун муҳим.
– Менга қара, – деб қолди у дабдурустдан, – балки шайх отамни танир-а? Дадам ҳам аҳён-аҳён хорижда бўлиб турадиган қандайдир йиғинларга бориб турадилар – учрашиб қолишган бўлишлари мумкин-ку? “Сиз фалончининг ўғлимисиз” деб сўраб қолса-я! Агар шундай бўлиб чиқса зап иш бўларди-да! – Мазза қилиб керишишидан ҳозир нималар ҳақида ўйлаётганини пайқаш қийин эмасди. Кейин: – Агар шайх менга бир бор эътибор қаратса, – деди-да, узоқ эснади. Шу орада: “ҳали мен билан бир хонада турганингдан фахрланиб юрасан” дея бошлаб қўйган фикрига якун ясади у.
Эртаси куни дарс бошланиши арафасида ҳам гап-сўзлар, асосан, улуғ шайх ва унинг сабоқларини тинглаш бизга насиб этгани ҳақида борди. Бугун дарс сўнгида шайхга мурожаат этиш имкониятига эга бўлганим ҳақидаги хабардан воқиф бўлган дўстларим эса келиб мени табриклаб, қўлларимни сиқиб кетишар, ёнимда турган Мамат бўлса гап нимада эканини англамай, каловаланарди.
Ниҳоят орзиқиб кутилган фурсат келди. Улкан аудиториянинг эшиклари оҳиста очилиб, ичкарига аввал қора дипломат кўтарган норғул йигит кирди. Ортидан ёши саксонларни қоралаб қолган, эгнида узун арабий оқ либос; устидан кулранг нимча кийган, бошида – атрофларига оқ зардан жило берилган оппоқ қалпоқ, оёғида қоп-қора ялтироқ ковуш илган киши кириб келди. Оламга машҳур Мустафо ад-Доур мана шу киши эди. У қариликданми ёки бошқа бир сабабданми бўйнини эгиб олган, нигоҳлари ерга қадалган; ҳаттоки саломимизга ҳам жавобан бошини кўтармади – енгилгина таъзим бажо келтирди холос.
Шайхнинг таърифини келтирганларича бор экан. У ёрдамчиси чиқиб кетгач, оҳиста аммо мафтункор қироат билан сўз бошлади: “Инсоннинг умри тақрибан азон ва намоз орасидаги фурсатдан иборат. Тақво аҳли мана шу дамда покланиб, ибодат тадоригида бўлади. Ислом илм демакдир. Башарти қулоғимизга азон айтилган фурсатдан то бошимизда жаноза намози ўқилгунга қадар покланиш, жаннат ҳаваси билан яшаш имконимиз бор. Ўткинчи дунёнинг ҳою ҳавасларига алданмаган, ҳақ йўлдан чалғитувчи иллатларга булғанмаган мўмин ва муслималар, шубҳасиз охират саодатига эришгайлар, инша Аллоҳ!..”
Кеча Маматнинг қитиқ патига тегиш учун, жўртага шайхни танимаганга олгандим. Аслида, университетниг ҳар бир талабаси бу хусусда керагидан ортиқроқ маълумотга эга эди. Шайхнинг тоблари бўлмай, соғликлари ёмонлашгани туфайли кейинги икки-уч йил мобайнида сабоқлари тўхтаб қолгани ҳақида аҳён-аҳён таассуф билан эслаб туришарди. Нақшбандия тариқатини тутиб, пиру комиллик мартабасига эришган бул зотнинг узоқ муолажалардан кейин яна қадрдон даргоҳга қайтишлари ва бизнинг у кишидан сабоқ тинглашга ноил бўлганимиз – тақдирнинг туҳфаси эди.
Пирнинг фақат ўзигагина хос жиҳатлари бор, масалан ул зот ҳеч қачон суҳбатдошииниг кўзига тик қарамас, бу ҳақда сўраганларга: “Самовий юксаклик истаги осмонга термулиш билан қондирилмас; оёғинг остига боқ – қоқилиб кетма тағин”, дея жавоб қайтарар эканлар. Яна бир усуллари, ўз мартабаларини билгани ҳолда, университетда энг билимдон талаба дея эътироф этилган илму толибга ўзлари билан мулоқот қилишга ижозат берар эканлару, ўтган ўқув йили якунига кўра шу мартабага каминани муносиб кўришибди.
Бу пайтга келиб Мамат ҳам янгиликдан воқиф бўлган, қизғанчиқлиги шундоққина ёвқараш нигоҳларидан сезилиб турарди. У бир варақчага хат ёзиб олдимга суриб қўйди. Унда юртдошимнинг айни дамдаги изтироблари ифода этилганди: “Ишқилиб, хол қўйиб қўйма тағин!”.
Устоз маърузасини тугатиб, бир муддат сукут сақлаб турди-да, сўнг: “Савол?” – деди дабдурустдан. Бу дарс итмомига етганидан дарак, менинг галим келганига ишора эди. Довдираб қолдим. Нутқ ирод этишларига маҳлиё бўлиб вазифамни деярли унутган эканман. Шундан ўзимни таништириш ёдимдан кўтарилиб, ҳозирги дарс тавридан келиб чиқиб, тилимга келган бир саволни таваккал ифода этдим:
– Тақсир, биз узоқ юртлардан келиб шунда таҳсил олмоқдамиз. Илм ўрганмоқдамиз. Аммо, ташқаридаги ҳаётда бизни чалғитувчи унсурлар бисёр. Исломнинг тараққий этмоғи учун шу иллатларга давлат йўли билан, куч ишлатиб барҳам берилса бўлмасми? Беҳаёликлар, бузуқиликлар, экстремистик ғояларни таг-туги билан суғуриб ташлаган дуруст эмасми?
– Шайх мулоҳазакор сукут билан мени тинглади, сўнг: “Ўзингизни таништиринг – қаерликсиз?” – деб сўради совуққина қилиб. Маматга шу асно жон кирди. “Аттанг” деган маънода бошини чайқади: “Назаримда расво қилдинг!” – оҳиста шивирлади у, кесатиқ оҳангида.
Ножўя иш қилиб қўлга тушган одамдек қизариб кетдим. Устоз томонга қарашга ботинолмадим: менга у ҳам ҳозир бошини қуйи эгганча, “бамаънироқ савол берадиган бошқа бир дурустроқ одам йўқмиди?” – деб афсусланаётгандек бўлиб туюлди. Бўлар иш бўлди, шайхнинг сўровига жавоб қайтардим. Исми шарифимни, ўзбекистонлик эканимни айтдим.
Барчанинг нигоҳи шу лаҳзаларда шайхга қадалган, камина ҳам ўзимни таништира туриб, бошимни озод кўтариб унга боқдим: “Нима келса ўзимдан кўраман!” Урвоққина бўлиб ўтирган устознинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, танасида кечаётган ҳар бир ўзгариш назаримиздан қочиб қутулмас, шундан унинг илкис қалтираб кетганини ҳамма илғади. Столга суяниб аста ўрнидан турди. Ҳеч қачон талабаларига тик қарамаган устоз оҳиста бошини кўтариб, мен томонга боқди. Афтидан роса жаҳлланибди! Камина шу лаҳзаларда ер ёрилса, унинг қаърига кириб кетишга тайёр эдим. Қолаверса, Мамат бу ишга бажонидил қарашиб юборган бўларди. Хаёлимдан нуқул: “Тамом! Ҳаммаси тамом. Пачава қилдим!” деган бадбин ўйлар кечмоқда эди. Шу пайт шайх кафтини кўксига босиб, енгилгина таъзим айлади-да:
– Улуғ муҳаддис Имом ал Бухорий авлодларига чексиз ҳурмат ва эҳтиромимни қабул айланг! – деди. Унинг хира тортиб қолган кўзларида самимий бир чўғ яллиғланганини кўрдим. Кутилмаган бу каби мулозаматдан довдираб қолгандим. Йиғлаб юборишдан ўзимни зўрға тийиб турардим.
Устоз эҳтиёткорона яна курсисига чўкди-да, яна аввалги ҳолатига қайтди.
– Биласизми, “Нилуфар”нинг ватани қаер? – саволимга савол билан юзланди у. Ўртага бир оз жимлик чўкди. Қўшалоқ саволлар исканжасида қолдим: бир пайтнинг ўзида ҳам “Нилуфар”нинг ватани қаер? ҳам “устоз жавоб кутаяптими ёки мушоҳадага ундади”, – деган жумбоққа ечим ахтармоқда эдим. Бир қарорга келиб улгурмай шайхнинг ўзи гапни илдириб кетди.
– Билиб қўйинг, “Нилуфар”нинг ватани – ботқоқ! Оҳу чаманларга ярашиқ жонивор эса-да, манзил-макони тошлоқ. Илло, иккиси ҳам ўзига гард юқтирмайди. Ҳар иккиси ноёб ва бетакрор мавжудот. Ҳар иккисининг васлига етишмоқ учун, ҳою ҳавас каби домига тортиб турган ботқоқдан, илон изи каби чигал сўқмоқдан кечиб ўтиш талаб этилади. Бинобарин Аллоҳ сиз ва бизнинг қалбимизда, нафс иллатларини, ҳою ҳавас зиллатларини енгибгина унга етишишимиз мумкин. Илм бу йўлда сизга ҳидоят бўлғуси...
Ташқарида қўнғироқ чалинди. Бу дарс тугаганидан дарак, аммо, у менинг назаримда талабалик ҳаётимда янги саҳифа очилганидан жар солаётгандек бўлиб туюлди...
Давоми бор...
Фозил Тиловатов,
Ҳадис илми мактаби матбуот котиби.