Бугун биз асрлар давомида орзиқиб кутилган озод, эркин ва фаровон ҳаётда ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадлар сари қадам қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечиряпмиз. Эришаётган ютуқларимиз бисёр. Бу ютуқларимизни нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти тан оляпти. Халқимиз тўқ, ибодатларимиз эмин-эркин адо этилмоқда, буларнинг замирида, албатта, тинчлик-осойишталик ва истиқлол неъмати ётибди. Буларнинг барчасининг қадрига етиш ҳар биримизнинг гарданимиздаги бурчимиз ҳисобланади. Мамлакатимизда икки мингдан ортиқ масжидлар халқимизга хизмат кўрсатиб келмоқда. Уларнинг ҳаммаси замон талабларига жавоб беради. Ҳар йили етти мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини ва ўн мингдан зиёд юртдошларимиз умра ибодатларини адо қилиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси ҳамда тўққизта ўрта махсус ислом билим юртлари ўз фаолиятини олиб бормоқда ва юртимизга чуқур диний ва дунёвий илмларни эгаллаган мутахассисларни етиштириб чиқармоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида Қуръони карим, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, сарф, наҳв, мутолаа каби диний илмлар билан бир қаторда ўзбек тили ва адабиёти, тарих, жўғрофия, инглиз тили, физика, математика, астрономия, информатика каби давлат таълим стандартларига мос бўлган фанлар ўқитилади. Таълим муассасаларида олий маълумотли мударрис ва ўқитувчилар дарс бериб келмоқдалар.
Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Албатта, қувонч билан айтишимиз мумкинки, диний таълим муассасаларида таълим олаётган ёшларга яратилаётган бундай шарт-шароитлар келажакда жамиятимиз учун зарур мутахассис-ходимлар тайёрлашда пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Аллоҳ таоло барчамизни неъматлари қадрига етувчи ва ўз Ватани, оиласи ва фарзандларига садоқатлилардан қилсин!
О.Ҳошимов,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393 м.й.): “Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).
Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).
Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.
Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид)мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).
Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.
Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:
– бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар.
Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади.
– Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар.
Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, фитна қўзғаш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.
Ғуломов ФАТҲУЛЛОҲ,
Ал-Ҳудайбия жомеъ масжиди имом ноиби