Чанқаганда сув ичинг,
Чарчаганда чой ичинг.
Чойнинг тарихидан. Чой – tea кўп йиллик, доим яшил, тропик ўсимлик. Баъзи мамлакатларда чой дарахтининг баландлиги 3-4 метргача ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Чой дарахти Хитойда IV асрдан, Япония, Кореяда IX асрдан, Индонезияда XIX асрдан, Ҳиндистон ва Шри Ланкада 1830 йиллардан, Грузияда 1840 йиллардан, Россияда (Краснодарь ўлкасида) 1901 йилдан, Озарбайжонда 1910 йиллардан бошлаб ўстирилади. Ҳиндистон, Хитой, Японияда сариқ ва қизил чой тайёрланади.
Чой дарахти август ойидан бошлаб кеч кузгача гуллайди, меваси октябрь-декабрда етилади.
Географик тарқалиши. Чойнинг ватани Хитой ва Ҳинди Хитой. Грузия, Озарбайжон, Қрим ва Краснодарь ўлкасининг нам субтропик зоналарида 1 метрли бута ҳолида ўстирилади. Қўлланиладиган қисми, асосан, барги. Чой барги йилига бир неча марта йиғилади ва махсус технология бўйича ишлаб тайёрланади. Кофеин ва бошқа алкалоидлар ҳамда катехинлар чойни ишлаш жараёнида ажралган чиқиндисидан олинади.
Кимёвий таркиби ва ишлатилиши. Чой барги таркибида 2-5 фоиз кофеин, теофиллин ва теобромин алкалоидлар, 20-28 фоизгача ошловчи моддалар, флавоноидлар (кемп-ферол, кверцетин, гиперин, кверцимеритрин ва бошқалар), 156-233 мг. фоиз С, B1, В6 витаминлари, никотин ва пантотен кислоталар, эфир мойи ва бошқа бирикмалар бор. Чой ишлаб чиқариш саноати чиқиндисидан кофеин ва ошловчи моддалар — чой танини олинади. Кофеин марказий нерв системасини қўзғатувчи таъсирга эга. У таблетка ва эритма ҳолида ҳамда турли комплекс препаратлар таркибида чиқарилади. Юқумли ва бошқа оғир касалликлардан сўнг юрак, нафас олиш фаолияти сусайишида, қон айланишининг чуқур бузилишларида (қон томирлар касалланганда), нерв системаси чарчаганда, бош оғриганда, наркотиклар билан заҳарланганда ва бошқа касалликларда организмнинг умумий тонусини кўтарувчи восита сифатида қўлланилади. Чой таркибидаги ошловчи моддалар витамин Р таъсирига эга бўлиб, геморрагик диатезда, организм шишган вақтда, кўзга қон қуйилганда ва бошқа касалликларда ишлатилади. Чой баргидан (чиқиндисидан) олинадиган теофиллин юрак ва буйрак касалликларида сийдик ҳайдовчи, унинг препарати эуфиллин — спазмолитик дори сифатида ҳамда бронхиал астмани даволаш учун қўлланилади.
Чойни «аччиқ» қилиб дамлаб ичавериш қабзиятга олиб келади. Туриб қолган дамланган қора чойни ичмаслик керак, лекин кўк чойни ичиш мумкин. Унинг ижобий томони сийдик ҳайдаш хусусиятига эга бўлиши билан бирга — бактерицид таъсирига ҳам эга. Кўк чойнинг шу хусусияти борлиги учун ҳам, оғиз яллиғланишида, ичбуруғда, қуюқроқ дамлаб ичиш, ёки оғизни чайиш фойдалидир.
Дунё миқёсида Англия аҳолиси чойни энг кўп истеъмол қилади. Биз, ўзбеклар ҳам чой ичишда инглизлардан қолишмаймиз. “Эрталаб чой, пешинда чой, кечқурун ширчой”, деган ҳазиломуз ибора бор. Қишнинг совуғи-ю, ёзнинг жазирамасида энг кўп ичиладиган ичимлик ҳам чой ҳисобланади. Ҳа, чой бизга ҳар доим керак, лекин унутманг, чой – шифобахш ичимлик, у сув эмас.
Энди ўйлаб кўринг, ўша ичимликни чанқаганимизда ҳам, овқат маҳалида ҳам, ётишдан олдин ҳам ичаверсак зарар қилмайдими?
Бу савол ҳаммага эриш туюлиши мумкин. Аммо чой тўғри ичилгандагина даво, фойдали бўлишини ҳам унутмаслигимиз лозим.
Овқатланаётганда кўпчилик чой ичади. Чойнинг таркибидаги кофеин, танин моддаси эса озиқ маҳсулотларда мавжуд бўлган фойдали моддаларни парчалаб юборади, натижада организмда витаминларнинг, микроэлементларнинг етишмаслиги юзага келади. Чой билан бирга истеъмол қилинганда гўштнинг 30-70 фоизи, меваларнинг эса 30 фоиздан кўпи сўрилмайди. Умумий овқатлардан кўрадиган бўлсак, чой билан истеъмол қилинган маҳсулот таркибидаги витаминлар ва темир моддасининг камида 50 фоизи сўрилмай қолади. Бу эса инсон саломатлиги учун салбий таъсир кўрсатади, камқонлик пайдо бўлади. Ҳозир дунёда кўпчилик аҳоли камқонлик билан касалланган.
Юртимизда кўп сонли аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар темир танқислигидан келиб чиқадиган касалликларга чалинаётгани туфайли, кундалик истеъмол қиладиган нонимизга темир моддасини қўшиш, яъни унни бойитиш йўлга қўйилган. Бу камқонликка қарши курашлардан биридир. Сиз нонни қандай истемол қиласиз? Албатта, чой билан. Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, темир моддаси мавжуд бўлмаган нонни ейиш билан баробар.
Яна кўпчилик ёш болага чой бериб хатоликка йўл қўяди. Уч ёшгача болаларга чой ичириш тиббиёт нуқтаи назаридан ман этилган. Болакайнинг чойига ёки сутига шакар қўшиб бериш ҳам нотўғри. Болаларни ёшлигидан тўғри овқатланиш тартибига эътибор бериш лозим. Агар унинг организмида темир етишмовчилиги юз берса, бу кейинчалик ақлий ривожланишдан орқада қолиш хавфини ҳам туғдиради.
Саломатлик учун курашиш йўлида чой ичиш анъаналарини ўзгартиришимизга тўғри келади. Овқатланаётганда ёки овқатдан сўнг 30 минутгача чой ичманг. Чой ўрнида бошқа ичимликлар, масалан, қайнаган ёки маъданли сув ва шарбатлар ичиш маслаҳат берилади. Бу маьлумотлар чой соғлигимиз кушандаси, дегани эмас.
Мўъжизавий кўк чой. Кўк чойнинг организмдаги аҳамияти катта. У кўплаб касалликлар учун даво бўлади. Чойга шифобахш ичимлик сифатида қараб, меъёрга ва вақтига кўра ичсак, саломатлигимиз учун фойдадан ҳоли эмас. Овқатлангандан 30 дақиқа кейин ичилган чой безарар ва фойдалидир. Келинг, ҳозирги дақиқадан эътиборан ҳар кунги чойимизга нисбатан янгича муносабатни шакллантирайлик.
Инсон организми учун кўк чойнинг аҳамияти жуда катта. Кўк чойнинг афзаллигини кўп олимлар, хусусан, япон олимлари исботлаган. Қора чойга нисбатан таркиби микроэлементларга, витаминларга ва бошқа фойдали моддаларга бой ҳисобланади. Кўк чой муайян табиий технология асосида тайёрланиб унинг таркибида кофеин, танин моддалари кам. У модда алмашинувини, жигар, буйрак ва бошқа муҳим органларнинг иш фаолиятини яхшилайди, атеросклероз касаллигининг олдини олади ва даволайди, қонни тозалайди, қон томирларини кенгайтиради, қон босимини, холестеринни пасайтиради, хотирани кучайтиради, энг яхши чанқовбосди ичимликлардан бири ҳисобланади.
Кўк чойнинг шифобахш хусусиятлари ҳакида кўп гапирилган. Унинг минг дардга даво экани ҳам айни ҳакиқат. Овқатни осон парчалайди, ҳазм бўлишини тезлаштиради, асабни тинчлантириши билан бир қаторда, кайфиятни чеҳрани очади. Хотирани яхшилайди, фикрлашни равонлаштиради. Унинг яна бир фойдали хусусияти - қонни суюлтиради, томирларни кенгайтириб, қон юришини яхшилайди ва энг муҳими, қондаги хилтларни тозалайди.
Мутахассислар уни саломатлик ва ҳаётий фаоллик бағишловчи мўъжизавий ичимлик деб ҳисоблайдилар. Хушбўй кўк чойнинг ватани Хитой бўлиб, ундан бир неча минг йиллар давомида кўплаб касалликларни даволовчи дармон сифатида фойдаланишган. Кўк чой таркибидаги дармондорилар ва минерал моддалар туфайли (Р, С, В1, В3,К каротин, никотин кислота, кальций, магний, темир) кучли антиоксидант ҳисобланади, У кайфиятни кўтаради, кислород, сув ва туз алмашиниш жараёнини яхшилайди, калилляр-қон томирларини мустаҳкамлайди, қондаги холестерин микдорини камайтиради, организмдагм токсин-чиқиндиларни чиқаради.
Мунтазам кўк чой ичадиган одамлар эрта қаримайди, деган нақл мавжуд. Табиийки, ушбу ичимликнинг бу каби мўъжизавий хусусиятлари косметалогияда ҳам кенг қўлланилади. Кўк чой экстракти ажинлар пайдо бўлишининг олдини олади, терини намлантириб. томир деворларини мустаҳкамлайди. У, албатта. юз ва тери кремлари, ювиниш геллари, целлюлитга қарши воситалар ва пилинглар таркибига киритилади. Кўк чойнинг нафис ифори эса парфюмерияда қўлланилади.
Чой дамлашни ва қандай истеъмол қилишни биласизми? Сифатли (юмшоқ) сувни қайнатиб, қайноқ сув билан чойнак чайқалади. Қайнаган сувнинг 5 минут давомида парланиши тугаши кутилади. Бу вақт давомида қайноқ сув температураси 800-900га тушади. 250 мл. қайноқ сувга 1 чой қошиқ қуруқ чой ҳисобидан иситилган чойнакка қайноқ сув ва қуруқ чой солиб 5 минут дамлаб қўйилади. Чойнак қалин мато билан беркитилади. Белгилаган вақт ўтгач чой бир неча марта қайтарилади ёки чой қошиқ билан аралаштирилади.
Суннатилла ТОЛИПОВ,
олий тоифали шифокор
Одамларга аслий ҳолатингиздан-да гўзал муомалада бўлинг. Зеро, зулм умрни қисқартиради. Биз атрофимиздагиларга зулм қилиб, ҳақларига риоя қилмаганимиз учун ҳам уларни йўқотамиз. Ўз ҳисоб-китобларимизни уларнинг камчиликлари устига қурамиз, лекин улардаги олийжаноб фазилатларни унутамиз. Уларни батамом айбсиз бўлишларига талабгормиз, шунингдек, “одам боласи хатодан холи бўлмайди” деган гапни далил қилиб ўзимизни оқлаймиз.
Мабодо одамлар сизни тошбўрон қилсалар ҳам, бу тошларни тўплаб, бирор-бир уйни таъмирлаш учун ишлатинг. Агар сизни гуллар билан қарши олсалар, гулдасталарни сизга таълим берган ва ночор пайтингизда қўлингиздан тутганларга улашинг.
Аввал Аллоҳга ишонинг, кейин эса ўзингизга. Айбларингизни тан олинг. Ишонинг, агар сиз ўша айбларингиздан халос бўлсангиз, орзуларингизнинг рўёбга чиқишига бир қадам қолади... Ўз хатоларингизни ёдингизда тутинг, дўстларингиз, яқин қариндош-уруғларингизни атрофингизда сақлаб қолишни истасангиз, уларнинг хатоларини эсингиздан чиқаринг. Билингки, ҳақиқий саодат киши бошқаларнинг айбини қўйиб, ўз айблари билан овора бўлишидадир.
Борди-ю, бирорта ишда муваффақиятни қўлга киритсангиз, ғурурланиб кетманг! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бу борада Нажм сурасининг 32-ояти каримасида: “...Шундай экан ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир”, дея марҳамат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камтарликка тарғиб қилиб: “Аллоҳ таоло менга сизларнинг камтар бўлишингизни ваҳий қилди. Тоингки, бирорта одам бошқанинг олдида фахрланмасин ҳам, зулм ҳам қилмасин”,[1] дедилар.
Йиқилганингизда “одамлар атайлаб чоҳ қазиб қўйган” деган номаъқул хаёлни миянгиздан чиқариб ташланг. Аксинча, қайта туришга ҳаракат қилинг. Қаддингизни ростлаб олсангиз-да, ўзингиз каби йиқилганларга ёрдам қўлини чўзинг, ўзларини тиклаб олишларига кўмаклашинг. Ҳаёт йўлларининг пасту баландларига, машаққатларига сабрли бўлинг, кўзингизни каттароқ очинг ва ақлингизни йиғинг.
Душманингиз устидан ғалаба қозонсангиз-да, унинг омадсизлигидан қувонманг. Киши бошига мусибат келса, ҳеч бўлмаса дуо билан ҳамдард бўлинг. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 43-оятида бундай марҳамат қилади: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деб дуо қилардилар: “...Аллоҳ, ҳасадгўй душманни менинг мағлубиятим сабаб қувонтирма”.
Қаноат ҳамда дангасалик, иззат ҳамда ғурур ва тавозеъ билан хорлик орасини жамлай олмайсиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун тавозеъли бўлса, Аллоҳ унинг мартабасини кўтаради, охир бориб иллийиннинг энг чўққисига олиб чиқади”, дея камтар бўлишга тарғиб қилганлар.
Ўзингиз учун бир солиҳ кишини дўст тутинг ва уни асраб-авайланг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз қадрдон дўстининг динида бўлади, шундай экан ҳар бирингиз ким билан дўст тутинганига бир назар ташласин!” дедилар. Солиҳ дўстингизни майда-чуйда нарсалар билан итоб қилаверманг, унинг янглишишларига аҳамият берманг, ахир, тамоми камолот сифатига эга бўлиш фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзигагина хосдир.
Одамлар билан хусуматлашманг. Чунки беҳуда тортишувлар дўстлик арқонини узиб, руҳиятлар орасида тўсиқ пайдо қилади. Солиҳ кишиларнинг ичи тор бўлмайди, аксинча, улар кўнглини кенг қиладилар ва бошқаларнинг айбларини кўтарадилар. Одамларнинг ёмонликларини хотирангиздан ўчириб ташланг ва уларнинг яхшиликларини ёдингизда тутинг.
Сизга тааллуқли ишларда хато қилганларга ҳам бағрикенг бўлинг, уларни “бир узри бордир” дея оқлашни ўрганинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз Абу Замзамдай бўлишга кучи етмайдими?! У қачон уйидан чиқса, мен ўз обрўйимни одамларга садақа қилдим, дер эди”, деган сўзлари ҳам одамларнинг бир-бирларига айтган баъзи гаплари ёки хатолари борасида кенгфеълли бўлишга тарғибдир.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.