“Бўладиган бола бошидан”, деб бежизга айтилмаган. Одина ўнларга кирганда бувиси вафот этди. Буваси Муҳаммад ота ёлғиз қолди. Кексайганда ёлғизлик азоби қийин бўлар экан. Кекса одамнинг кўнглини топиш учун бир сўз кам, икки оғиз сўз кўп. Уларнинг кўнгли нозик, хизмати оғир бўлади. Ўн ёшли Одинани отаси ёнига чорлаб, бувасига хизмат қилиб, дуосини олиш кераклигини тушунтирди. Одина ёш бўлса-да, зийрак эди. Отаси тушунтирган ҳамма ишни бажаришга ваъда берди. Муҳаммад бува намозхон. Эрта тонгда туриб, намоз ўқир, узоқ дуо қилар, нонуштани ҳам эрта қиларди. Муҳаммад буванинг хонасида Одина ва кичик укаси Абдулазиз бирга ётарди. Муҳаммад ота набираларини уйқуси бузилмасин деб энди ўрнидан турмоқчи бўлса, зийрак Одина намоз вақти бўлганини, бувасига тез таҳорат суви тайёрлаш лозимлигини сезиб, ўрнидан сакраб турарди. Бувасининг ухлайвер, дейишига қарамай таҳорат сувини тайёрларди. Буваси намоз ўқиб бўлгунига қадар нонуштани ҳозирларди. Яна нолимасдан ойисига уй ишларига ёрдам берарди. Буваси эса ҳар намоздан сўнг: “Умринг узоқ бўлсин, бахтли бўл, қизим! Олижаноб инсон жуфтинг бўлсин!” деб дуо қиларди. Отанинг сўзини қолдирмаган, буванинг дуосидан насибасиз қолмаган Одина ўн йилга яқин, яъни турмушга чиққунига қадар бувасига холис хизмат қилди. Бу катта матонат, отага итоат ва бувага ҳурмат эди. Уйқу ва роҳатдан савобни устун қўйди. Ўзи катта олийгоҳни тугатмаса-да, энг обрўли, илмли шаҳарлик йигитлардан бирига турмушга чиқди. Одина турмуш ўртоғи Муродга ҳам хизматини аямади. Эрини тонг саҳарда туришга ундаб, шундай дерди:
– Бувам, тонгда ухлаш ризқни кесади. Ризқи мўл бўлишни хоҳлаган одам, саҳар туради. Бувам: “Тонгда қилинган иш унумли, дуолар эса қабул бўлади”, – дердилар. Қани ўрнингиздан туринг! – деб эрини ҳоли-жонига қўймай уйғотарди.
Мурод эса:
– Қишлоқ қизисан-да, танноз келинлар каби дангасаликни ёқтирмайсан-да! – дерди.
Одина ўз одатига кўра, қайнота-қайнона ва эрига нонуштани эрталаб тайёрлаб қўярди. Уни шундай тайёрлардики, ҳаммаси ҳайрон қоларди. Эрини бирор марта бўлса-да, ишига нонуштасиз кузатмасди. Қайнота ва қайнонаси ҳам уни кўп дуо қиларди. Дуо ва олқишнинг сабабидан неча йил заҳмат чекиб, бувасининг дуосини олган, отасининг назарига тушган, қайнота ва қайнонанинг олқишини олган, эрига итоатли келин ҳамма орзусига етди. Эри Мурод уни бирор жойда ишлатмас, “Қишлоқда роса ишлагансан, шунинг ўзи етади”, дерди. Қайнотаси вафот этгач, қайнонасига қизларидан ҳам яхшироқ хизмат қилиб, дуосини олди. Ўзи ҳам кексалик ёшига етди. Уч қиз, икки ўғилни вояга етказди. Уларни илмли, одобли ва ҳаёли қилиб тарбиялади. Дастурхон атрофида ўтирганларида, болаларига:
– Бува, бувиси, қайнота ва қайнонаси бор ўғил-қизлар ва келинлар жуда бахтли-да! Уларнинг хизматини қилади, дуосини олади, билмаганини ўрганади. Дуо ва олқиш олган инсон кам бўлмайди. Бувамнинг хизматини қилдим, қайнонам ва қайнотамнинг дуосини олдим, оталарингизнинг ҳурматини жойига қўйдим, мана бугун сизларнинг ардоғингиздаман. Таҳоратга сув иситаман деб, қиш кунлари совқотган қўлларимни совуқ сувга урдирмайсиз, ухлаб қолмай деб қаттиқ ерларда ётардим, энди эса пар тўшакларда иззатдаман. Савоб топаман деб озгина қилган хизматим эвазига ҳажга бордим, бугун сизнинг ардоғингиздаман. Ҳа, холис қилинган хизматнинг мукофоти, дуолар самараси мана шундай азизликдир, – дерди мамнун.
Азиз қизларим! Албатта, ота-онанинг хизматини қилиб, дуосини олиш шарафдир. Ҳамма ҳам дуо олавермайди, ҳаммага ҳам олқиш насиб қилмайди. Ким хизмат қилса, кун келиб унга ҳам хизмат қилишади. Ким ҳурмат қилса, ҳурмат топади. Ким нима экса, шуни ўради. Шунинг учун хизмат қилинг, хизмат ва дуо боис улуғлик, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўласиз.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби