Ҳар йили Ҳаж мавсумининг бошланиши мўмин-мусулмонлар учун катта шодиёна бўлади. Ер юзининг ҳар бир гўшасидан зиммасига ҳаж ибодати фарз бўлган инсонлар катта иштиёқ ва муҳаббат билан Маккаи мукаррамага қараб йўл оладилар. Яратганнинг марҳамати билан биз ҳам она юртимиздан бир гуруҳ зиёратчиларга элликбоши этиб юборилдик. Айни кунларда йўлдошларимизнинг хизматида бардавом бўлиб турибмиз.
Моҳиятан ҳаж – машаққат. Ана шуни ҳисобга олган Давлатимиз раҳбарияти қулай имкониятдан фойдаланиб қолиш – минглаб ҳажга бораётган юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиб, бунинг эвазига чандон-чандон савобларга эга бўлиш мақсадида, биринчи ўринда ҳажнинг квотасини йилдан йилга ошириб бормоқда. Жумладан, Ватанимиздан 2019 йил 7200 нафар, 2022 йил 12000 нафар юртдошимиз ҳаж амалини бажариб қайтди. Жорий йилда эса ҳожиларимиз сони 15000 тага етиши кутилмоқда.
Ундан кейин эса мусофир юртга ҳажни ният қилиб келган юртдошларимизнинг истиқоматининг сифати яхшиланди. Биласиз, ҳажга келувчиларнинг аксари нуроний отахонлару муниса онахонлар бўлади. Уларнинг ҳар бири эътиборга, парваришга муҳтож бўлиши ёш билан боғлиқ табиий ҳол, албатта.
Масаланинг ана шу жиҳатини ҳисобга олган Диний Қўмитамиз раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Муфтий ҳазратнинг ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов ва бошқа улуғларимиз зиёратчиларимизнинг ҳар бирининг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб, уларга зарур бўлган барча шароитларни ҳозирлашга бош-қош бўлиб турибдилар. Айниқса, бу борада пойтахтликларнинг мингбошиси – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов, ишчи гуруҳ таркибидаги Алишер Соатов бошчилигидаги малакали шифокорлар, маҳоратли ошпазлар, элликбошилар ҳожиларимизга астойдил хизмат қилмоқдалар.
Музаффархон АЪЗАМ,
Тошкент шаҳридаги“Пулемас ота” масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқишди. Улар араб маҳаллаларидан бирига тушиб, меҳмон қилишини сўрашди. Маҳалладагилар эса уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Ногаҳон, ана шу маҳалла оқсоқолини бир нарса чақиб олди. Унга ҳамма нарсани қилиб кўришди, аммо фойда бермади. Баъзилар: «Ана у меҳмонларга боринглар-чи, шояд, уларда бирор нарса бўлса?» дейишди. Улар бориб: «Эй меҳмонлар жамоаси, бизнинг бошлиғимизни бир нарса чақиб олди. Ҳамма ҳаракатни қилиб кўрдик, аммо фойда бермади. Сизларда бирор нарса борми?» деб сўрашди.
Меҳмонлардан биттаси: «Аллоҳга қасамки, мен дам солинадиган бир дуони биламан. Лекин сизлардан бизни меҳмон қилишингизни сўраганимизда, рад этдинглар. Бизга бу дуонинг эвазига бирор нарса бермасанглар, уни айтмайман», деди. Улар бир тўда қўй беришга келишиб олишди. Шунда у саҳоба «Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн»ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб суфлади. Оқсоқол гўё арқон ечилганидек ҳаракатга келди. Унда бирор оғриқ қолмай юриб кетди. Кейин улар келишилган нарсани беришди. Саҳобалар: «Уни тақсимланглар», дейишган эди, дам солган киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу тўғрида сўраб, бизга бирор нарсани буюрмагунларича тақсимламанглар», деди. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу воқеани айтиб беришди. Шунда у зот: «Сен унинг (Фотиҳа сурасининг) шифо эканини қаердан билдинг? - дедилар, сўнгра тўғри қилибсизлар, уларни тақсимланглар. Менга ҳам улуш ажратинглар», деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб қўйдилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
Мана шу имом Бухорийнинг ривоятлари мукаммалроқдир.
Бошқа ривоятда эса: «Фотиҳани ўқиб, туфугини тўплаб суфлаб қўйди. Сўнг ҳалиги киши тузалиб кетди», дейилади.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан