Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари, ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг ака-укалари, ё ака-укаларининг ўғиллари, ё опа-сингилларнинг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл остиларидаги (чўри)лар, ёки аёллардан беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолганлар, хунасалар ёки ақлсиз-девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган ёш болалардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар! Яна яширган зийнатларини билдириб, оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят).
Ислом умматининг бахт-саодатга эришиши учун барча нарсани батафсил баён этиб берган Қуръони карим аёллар зийнатларини кўрсатиши мумкин бўлган умр йўлдошидан ташқари маҳрам эркакларни умумий ҳукмдан истисно тарзда бирма-бир баён этган. Бунинг ҳикмати оятда зикр қилинган эркаклар билан аёлнинг доимий муомалада бўлиш заруратидир. Бу зикр қилинган эркаклар аёл ила қариндошлик риштаси билан боғлиқ ва фитнага ўрин йўқ. Демак, аёлнинг маҳрамлари билан танишиб чиқамиз.
Санаб ўтилганларнинг барчаси аёлга маҳрам ҳисобланади. Булар олдида зийнатларини очиш мубоҳдир. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда амаки ва тоғаларига оид ҳукмни баён этмаган. Фиқҳ илми олимларнинг фикрига кўра, амаки ва тоғаларнинг ҳукмлари ҳам маҳрамият эътиборидан яқинлик даражалари саналган кишилар билан бирдир. Амаки ва тоғалар ота ҳукмида бўлгани учун оятда алоҳида саналмаган. Оятда айтиб ўтилган қариндош эркаклар аёлнинг маҳрами бўлгани каби эмикдош (бир онанинг сутидан озиқланган) ака-укалар ҳам аёлнинг маҳрамлари ҳисобланади.
Шу ўринда зийнат ва зийнат ўринларини билиб олишимиз шарт. Зийнат икки хил бўлади. Бири халқий (яратилишдан) бўлган зийнат, иккинчиси эса эришилган зийнат. Тананинг аъзолари халқий зийнатдир. Эришилган зийнат эса, кийилган гўзал либос, тақинчоқлар, кўзга сурилган сурма, қўлга қўйилган хинага ўхшаш нарсалардир. Зийнат ўринларига аёлнинг бўйни, қўл ва билаклари ҳамда оёғи киради. Аёлнинг маҳрамлари мана шу зийнат ўринларини кўришлари мубоҳ саналади. Маҳрамлардан ташқари бегона эркаклар юз ва қўлларидан бошқа ўринларни кўриши ҳаромдир. Юз ва қўлнинг аврат эмаслигини айтадиган олимлар у иккисида ҳеч бир зийнат ашёси бўлмаслигини ва буларнинг очилиши фитнага сабаб бўлмаслигини шарт қилиб қўядилар.
Имом Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Оятдаги зийнатнинг зикр этилишидан ҳикмат – зийнат жойларини беркитиш зарурлигини ифода этишдир. Чунки Аллоҳ таоло “Зийнатларини кўрсатмасинлар” дея буюрар экан, аслида зийнат жойларини ирода қилган, яъни мақсад қилиб қўйган. Чунки тақилмаган зийнатларни кўриш ҳаром эмас. Бу жиҳатдан зийнатларнинг тақиқланишига зарурат йўқ. Демак, аслида тақиқланадигани – зеб-зийнат буюмлари тақиладиган жойлардир”.
Уламолар “ҳали аёлларнинг яширин жойларидан хабардор бўлмаган болалар” ояти ҳақида турли фикрларни айтганлар: Бу оятда балоғатга етмаган болалар назарда тутилган; ёшлиги туфайли аёлнинг махфий бўлмаган жойларини фарқлай олмайдиган болалар. Булар ўн ёшга етмаган бўлишлари керак. Агар бола балоғатга етмаган бўлса ҳам аёлнинг махфий жойларини тушунса, аёллар бундай болалар олдида зийнатларини кўрсатмаганлари маъқул.
Манбалар асосида “Мирза Ғолиб” жоме масжиди имом ноиби Қ. Салимов
тайёрлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг Арафот майдонида қилган энг кўп дуолари:
لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Ўқилиши: "Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду биядиҳил хойру ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр".
Маъноси: "Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, барча мақтовлар ҳам Унга хосдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У ҳар бир нарсага қодирдир".
اللَّهُمَّ اجْعَل فى قَلبى نُوراً وفى صَدْرى نُوراً وفى سَمْعى نُوراً وفى بَصَرى نُوراً اللَّهُمَّ اشْرَحْ لى صَدْرِى ويَسِّرْ لى أَمْرى وأعُوذُ بِكَ مِنْ وَسْاوسِ الصَّدْرِ وشَتَات الأمْر وفِتْنةِ القَبْرِ اللَّهُمَّ إنى أعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ ما يَلِجُ فى اللَّيْل وشَرِّ ما يَلِجُ فى النَّهارِ وشَرِّ مَا تَهُبُّ بِهِ الرِّياحُ وشَرِّ بَوائِق الدَّهْر.
Ўқилиши: "Аллоҳумма, ижъал фии қолбий нурон ва фий содрий нурон ва фий самъий нурон ва фий басорий нурон. Аллоҳумма, ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ва аъуузу бика мин васваасис-содри ва шатаатил-амри ва фитнатил-қобри. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин шарри маа йалижу фил-лайли ва шарри маа йалижу фин-наҳаари ва шарри маа таҳуббу биҳир-рийаааҳу ва шарри бавоиқид-даҳр" (Ғуниятун носик).
Маъноси: "Аллоҳим қалбимни, кўксимни, қулоқларимни ва кўзларимни нурга тўлдир. Аллоҳим! Қалбимни очгин, ҳар ишимни осон қилгин.Аллоҳим! Сендан кўксимдаги васвасалардан, ишларимнинг парокандалигидан, қабр фитнасидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳим, тунда ва кундузи бўладиган нарсаларнинг ёмонлигидан, устидан шамол эсган нарсаларнинг ёмонлигидан, замона ҳалокатининг ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ сўрайман".
“Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар”.
“Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин”.
“Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи”.
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.
“Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн”.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.
Даврон НУРМУҲАММАД