Қуръони каримда ҳар бир неъмат бенуқсон ва бетакрор қилиб яратилгани ва уларнинг барчаси инсонлар учун хизмат қилиши ҳақида кўплаб оятлар туширилган. «Албатта осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик ерни тирилтириб, бор жонзотни тарқатиб-ёйиб юборган сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва ер орасидаги итоатгўй булутда (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир» (Бақара, 164).
Атмосфера ер шарининг ҳаво қобиғи бўлиб, биосферада ҳаёт мавжудлигини таъминловчи асосий манбалардан биридир. Атмосфера барча жонзотларни зарарли космик нурлардан ҳимоя қилиб туради, сайёра юзасидаги иссиқликни сақлайди. Агар ҳаво қобиғи бўлмаганида ер юзасида кундузи +1000С ва кечқурун -1000С ҳарорат кузатилган бўлар эди. Атмосферанинг юқори чегараси тахминан 2000 км. баландликдан ўтади. Атмосфера бир неча қатламлардан иборат бўлиб, унинг асосий массаси (90%) 10-16 км. баландликкача бўлган қуйи тропосфера қисмида жойлашган. Об-ҳаво ва иқлим асосан тропосферадаги жараёнлар билан боғлиқ. Атмосферанинг шу қатламида барча ёғинлар ва булутлар ҳосил бўлади, бўронлар юз беради. Тропосфера устида 40-50 км.гача баландликда стратосфера жойлашган ва унда ҳарорат пасайиб боради. Стратосферада 22-24 км. оралиқда Ердаги тирик организмларни ҳимоя қиладиган, ультрабинафша нурланишнинг катта қисмини ютиб қоладиган озон (03) қатлами жойлашган. Озон гази йиғилганда юпқа, 2-4 мм. қатламни ҳосил қилади, лекин ҳимоя аҳамияти жуда ҳам катта.
Стратосферадан кейин, 50 км. дан юқорида мезосфера жойлашган ва унда ҳарорат пасайиб боради. 80 км. юқорида ҳарорат –700 С ни ташкил қилади. Ундан юқорида термосфера жойлашган бўлиб, 500-600 км. баландликда ҳаво ҳарорати +16000 С гача кўтарилади. 800-1600 км. да экзосфера жойлашган ва унда ҳаво жуда ҳам сийракдир.
Бегона қўшимчалари бўлмаган атмосфера ҳавоси қуйидаги таркибий қисмлардан иборат: азот-78.09%, кислород 20.94% , аргон 0.93 %, углерод қўшоксиди- 0.03 %. Бошқа газларнинг миқдори нисбатан кам. Бундан ташқари, ҳавода доим 3-4 % сув буғлари мавжуд, чанг зарралари бўлади. Атмосферадаги ҳар бир газ ўзига хос физик ва кимёвий хусусиятларга эгадир. Масалан, кислород тирикликни таъминловчи, азот тўйинтирувчи ва совитувчи ва ҳоказо.
Бироқ кейинги вақтларда саноатнинг ривожланиши натижасида атмосферага кўплаб чиқинди газлар чиқарилиши оқибатида глобал миқёсдаги экологик муаммолар келиб чиқмоқда. Жумладан “Иссиқхона самараси”, “Озон қатламини емирилиши”, “Чўлланиш жараёнининг авж олиши” кабилар. Бу жараёнларгаҚуръону каримидаги қуйидаги оятни мисол қилиб келтириш мумкин.
«Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) бало-офатлар юз берди.(Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятлардан)қайтишлари учун, уларга қилган гуноҳларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир» (Рум, 41).
Аҳолининг эҳтиёжлари доимий равишда геометрик шаклда ўсиб бормоқда. Бироқ моддий неъматлар яратилиши эса арифметик шаклда ўсмоқда. Ўртадаги тафовут табиий ресурлардан янада кенг ва кўпроқ фойдаланиши тақозо этмоқда. Натижада атмосферага янада кўпроқ чиқиндилар чиқишига сабаб бўлмоқда.
Халқимизнинг ажойиб бир мақоли бор “Тоза ҳаво-танга даво”. Албатта ,халқимиз азалдан атроф-муҳитни асраб авайлаган, айниқса, бекордан бекорга хазон ва баргларни ёқмаган, далаларни ўт қўйиш орқали тозаламаган. Сабаби инсонлар учун энг зарур бўлган кислород (О2) ёниб кетади. Масалан 1 литр бензин ёниши учун 15 кг. ҳаво зарур. Лондондан Нью-Йоркка учун Боинг 747 самолёти 80 тонна керосин сарф қилади ва бу ўртача кенгликда жойлаган 10 минг гектар ердаги ўрмоннинг бир кун давомида ишлаб чиққан кислородига тенг келади. Эндиликда ўйлаб кўринг, дунё бўйича қанча транспорт техникаси (самолёт, кемалар, автомашиналар, поездлар ва ҳоказолар) ҳаракатланади. Рум сурасинининг 41-оятида келтирилганидек, қилган ишларимиз бизларга бало қазо бўлмасилиги учун ақл кўзи билан атроф-муҳитга муносабатда бўлсак, уни асраб авайлаш, тежашга тарғиб қилсак, Аллоҳнинг берган неъматлари янада зиёда бўлиб бораверади. Иншоаллоҳ
Воҳиджон ИНОМОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
КИРИШ
Онг инсон туғилганидан бошлаб доимо ривожланиб боради. Бу онгнинг тўғри ривожланишида атроф-муҳит таъсири муҳим ўрин тутади. Хусусан, ёш бола ҳамиша атрофдагиларнинг ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади.
МУАММО
Аммо, айрим ота-оналарнинг фарзандига нисбатан қўпол муносабатда бўлиши, дўқ-пўписа қилиши, болани ҳақоратлаши, оғзаки қўрқитиши ёки бақириши кўплаб салбий оқибатларга олиб келади. Катталарнинг бундай ҳаракатлари болаларнинг ривожланишини зарарлайди, боланинг ўзига бўлган ишончини синдиради.
ТАДҚИҚОТЛАР
Бу борада кўплаб тадқиқотлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси бир ҳақиқатни тасдиқлайдики, яъни болалик даврида турли зўравонликларга дучор бўлган шахслар депрессияга икки баробар кўпроқ мойил бўлади.
Қўпол муносабатда улғайган боланинг миясидаги нуқсон ва шикастланишлар Гарвард университетининг тиббиёт факультетида олиб борилган тадқиқотларда ҳам исботланган.
Замонавий технологиялар асосида олиб борилган тадқиқотларга кўра, ёшлигидан қўполликдан азият чеккан болаларнинг миясида ва фикрлаш қобилиятида нуқсонлар кузатилган, айниқса миянинг ўнг ва чап ярим шарларида заифлик аниқланган.
Болалар зўравонлиги бўйича эксперт Шанта Дюб айтади: “Ота-оналар баланд овозлари ва “аҳмоқ”, “дангаса” каби сўзлари фарзандларига қанчалик салбий таъсир кўрсатишини афсуски яхши билишмайди”.
Тадқиқотчи Питер Фонагининг қайд этишича, болалар катталар нима деса, шунга ишонадиган бўлади. Улар катталарни жиддий қабул қилади. Катталарнинг болаларга қўпол сўзлари нафақат болаларнинг миясига шикаст етказади, балки жамият билан алоқа қила олмаслигига ҳам сабаб бўлади.
21 минг нафар иштирокчи қатнашган тадқиқотда: болаликда қўпол муомалада вояга етганлар бошқаларга қараганда 20% фоиз кўпроқ гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга мойил бўлиши, уларнинг қамоққа тушиб қолиш хавфи эса ота-онасининг бақиришларини эшитмаганларга қараганда 2 баробар кўпроқ экани аниқланди.
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЁШ БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БЎЛАРДИЛАР?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 10 йил хизмат қилдим. У зот бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки “Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди”, дер эдилар”.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар ва: “Аллоҳим, мен буни яхши кўраман, Сен ҳам яхши кўргин” деб айтардилар».
Сиз ҳам фарзандларингизга уларни яхши кўришингизни айтинг ва “Аллоҳим фарзандларимни Сен ҳам яхши кўргин”, деб дуо қилинг.
ЯКУН
Аллоҳ таолодан бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлардан қилишини ва фарзандларимизни у зот алайҳиссаломдан ўрнак олиб тарбия қилишимизга мадад беришини сўраб қоламан.
Даврон НУРМУҲАММАД