Қуръони Карим оятларига диққат билан назар солсак, “Сирож” калимаси Қуёшга, “Мунийр” калимаси Ойга сифат қилиб келтирилганини, шу икки калима бир вақтнинг ўзида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам сифат қилиб келтирилганини кўрамиз.
“Сирож” (سراج) калимаси ҳам, “Мунийр” (منير) калимаси ҳам Қуръонда иккита оятда келган.
Биринчи оятда бу калималар Қуёш ва Ойнинг сифати бўлиб келган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
تَبَارَكَ الَّذِي جَعَلَ فِي السَّمَاء بُرُوجاً وَجَعَلَ فِيهَا سِرَاجاً وَقَمَراً مُّنِيراً
“Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли-буюк бўлди” (Фурқон сураси, 61-оят).
Иккинчи оятда бу калималар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари бўлиб келган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِداً وَمُبَشِّراً وَنَذِيراً وَدَاعِياً إِلَى اللَّهِ بِإِذْنِهِ وَسِرَاجاً مُّنِيراً
“Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи, Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик”. (Ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртта вазифалари ва битта сифатлари зикр қилинмоқда. Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошловчи нурли чироқдирлар) (Аҳзоб сураси, 45-46-оятлар).
Айтганимиздек, биринчи оятда “Мунийр” калимаси Ойнинг сифати бўлиб келди. Дарҳақиқат, Ой ўзидан нур ишлаб чиқармайди, балки Қуёшдан келаётган нурни қайтаради. Шунинг учун уни мунийр – нур сочувчи дейилади. “Сирож” эса Қуёшнинг сифти бўлиб келди. “Сирож”нинг маъноси чироқдир.
Кейинги оятда “Мунийр” ва “Сирож” сўзлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари бўлиб келди.
Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуёш каби эдилар. Худди Қуёшсиз ҳаёт бардавом бўлмаганидек, у зотсиз ҳам ҳаёт давом этмасди.
Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Ой каби эдилар. Худди Ой кечаларни ёритгани каби у зот ҳам Роббиларидан қабул қилиб олган ҳақ нури ила мўинларнинг ҳаётини ёритадилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўз нафсларидан бир гап айтиб, “Мана шу шариат кўрсатмаси” демаганлар. У зот алайҳиссаломнинг барча айтган гаплари, қилган ишлари Аллоҳ тарафидан келган ваҳий асосида бўлган. Ой каби ўзларига келган ваҳий нурини атрофларига акслантирар, таратар, етказар эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Карим ҳақида шак қилувчиларга раддия қилиб шундай деган:
وَإِذَا تُتْلَى عَلَيْهِمْ آيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ قَالَ الَّذِينَ لاَ يَرْجُونَ لِقَاءنَا ائْتِ بِقُرْآنٍ غَيْرِ هَـذَا أَوْ بَدِّلْهُ قُلْ مَا يَكُونُ لِي أَنْ أُبَدِّلَهُ مِن تِلْقَاء نَفْسِي إِنْ أَتَّبِعُ إِلاَّ مَا يُوحَى إِلَيَّ إِنِّي أَخَافُ إِنْ عَصَيْتُ رَبِّي عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ
«Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт». (Бу гапни ўта кетган жоҳилларгина айтиши мумкин. Улар ваҳий нима эканини билишни ҳам хоҳламайдилар. Унинг кимдан чиққанини ҳам, унинг инсоният учун аҳамиятини ҳам билмайдилар. Яъни, Қуръоннинг ўрнига бошқа нарса келтириб ёки уни алмаштириб, Роббимга осийлик қилсам, улуғ қиёмат кунининг азобига дучор бўлишдан қўрқаман. Пайғамбар бўлатуриб у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалик қўрқсалар, Қуръон ўрнига бошқа дастур келтираётган ва унинг оятлари ёки ҳукмларини алмаштираётган оддий одамларни нима деса бўлар экан?!) Юнус сураси, 15-оят
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
таржима қилди
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати