Яқинларимиз даврасида ўтирганимизда, суҳбат асносида, уларнинг на уйқусида, на ишида, на вақтида, на пулида барака борлигидан шикоят қилаётгани қулоққа чалинади.
Ушбу мақолада барака нима ва уни қаердан топиш ёки қандай ҳосил қилиш мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз
Барака нима?
Олимлардан бири бундай дейди:
“Барака кам нарсада бўлса, уни кўпайтиради, агар кўп нарсада бўлса, фойда келтиради. Аллоҳ таолога ибодат қилишда барака бўлиши бу – энг муҳим нарсадир”.
Барака манбалари
Барака йўқолган хазина эмас, у доим биз билан бирга, кўз ўнгимизда. Бу хазина бизнинг ҳаракатимизни кутмоқда. Ҳозир бараканинг баъзи манбаларини санаб ўтамиз. Бу кенг қамровли рўйхат эмас, аммо у буюк хазина ҳақида етарлича тушунча бера олади, деган умиддамиз.
1. Яхши ниятли бўлинг.
Агар барака бўлишини истасангиз, доимо яхши ният қилинг. Бараканинг таърифига яна бир назар ташлар эканмиз, биз қилган ва қиладиган ишларимизни Аллоҳ таоло истамас экан, унда барака бўлмаслигига амин бўламиз.
2. Аллоҳ таолога тақво қилинг.
Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آمَنُواْ وَاتَّقَواْ لَفَتَحْنَا عَلَيْهِم بَرَكَاتٍ مِّنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ وَلَـكِن كَذَّبُواْ فَأَخَذْنَاهُم بِمَا كَانُواْ يَكْسِبُونَ
“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик”. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин) (Аъроф сураси, 96-оят).
3. Аллоҳ таолога таваккал қилинг.
Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْراً
“Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйган” (Талоқ сураси, 3-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий ишонч билан тақво қилсангиз, У зот сизга қушларга бергани каби ризқ беради. Эрталаб бўшашиб, тушдан кейин тўқ қорин билан қайтиб келасиз” (Имом Аҳмад, Имом Насоий, Имом ибн Можа, Ҳаким Термизий).
4. Қуръони карим ўқинг.
Бу барака фаввораси. Аммо биз ундан камдан-кам ичамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
وَهَـذَا كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ مُّصَدِّقُ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَلِتُنذِرَ أُمَّ الْقُرَى وَمَنْ حَوْلَهَا وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالآخِرَةِ يُؤْمِنُونَ بِهِ وَهُمْ عَلَى صَلاَتِهِمْ يُحَافِظُونَ
“Бу, Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирарлар. Ва улар намозларини муҳофаза қиларлар”. (Уммул Қуродан мурод Маккаи мукаррамадир. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган. Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи «Байтуллоҳ» бор.) (Анъом сураси, 92-оят)
Шундай қилиб, Қуръон ўқинг ва Аллоҳнинг неъмат ва баракаларидан баҳраманд бўлинг.
5. Кўпчилик билан бирга овқатланинг.
Баъзида озиқ-овқат қанчалик кўп бўлмасин, келаётган меҳмон учун камдек туюлади. Ҳадисда шундай дейилган: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишини тўйдирадиган овқат уч кишига кифоя қилади ва уч киши тўядиган овқат тўрт кишига кифоя қилади”, дедилар” (Ал Жоме Ас Саҳиҳ, 3-жилд, 10-боб, 987-жавоб). Кўпчилик билан овқатланишдан барака ҳосил бўлади.
6. Савдода ҳалол бўлинг.
Ёлғончи ва фирибгар одамлар савдони самарали қилмайди, савдо-сотиқдаги баракани қочиради. Ҳаким ибн Хизом розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сотувчи ўз молининг айбини яширса ва олувчи ҳам ғирромлик қилса (яъни, сотувчи ва олувчи бир-бирига ғирромлик қилса), ундай савдода барака бўлмас! Агар сотувчи ва олувчи бир-бирига рост гапирса, бир-бирини алдамаса, бундай савдода барака бўлур!” дедилар” ( Ал Жоме Ас Саҳиҳ, 2-жилд, 20-боб, 24-жавоб). Бирор нарсани сотишда савдогар учун ҳалол бўлиш қийиндек кўринади, лекин Аллоҳга ишонинг, имонингизни сақланг. Шунда олган ва сотган нарсангиздан барака топасиз.
7. Доимо дуода бўлинг.
Ишингизни баракасини сўраб Аллоҳга дуо қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барака сўраб Аллоҳга дуо қилганлар. Бировнинг уйига таклиф қилинганингизда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилишингизни таклиф қиладилар: “Эй Аллоҳим, уларга берган нарсаларингни мағфират қил, гуноҳларини кечир, ишларига барака бер”.
8. Ҳалол даромад топинг.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар, Аллоҳ яхши, шунинг учун фақат яхши нарсаларни қабул қилади”, дедилар. Олимларнинг аниқлашича, бунда ҳалол даромад ва унинг аҳамиятига ишора қилинган. Олимлардан бири шундай деган экан, ҳаром еган киши Аллоҳга итоатсизлик қилган бўлади, ҳалол еган ва ҳалол даромад излаганнинг ишида барака бўлади ва оёқлари чаққон бўлади. Бу гаплар олимга ёш кишиларнинг сакраши қийин бўлган ариқдан кекса кишининг сакрагани ҳақидаги ҳикояни эс солибди. Айтишича, бир кекса одам шундай ариқдан сакрабди, одамлар буни қандай уддалаганини сўрабди. Шунда у: ”Биз ёшлигимизда оёқ-қўлларимизни гуноҳлардан сақлаганмиз, шунинг учун улар чаққон”, деб жавоб қилибди.
9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилинг.
Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб яшасангиз, ишингизда барака бўлади. Суннатлардан намуналар: ўнг қўл билан овқатланиш, овқатланишдан олдин ва кейин қўл ювиш, байрам намозига чиқиш ва бошқалар. Ер юзидаги энг муборак инсоннинг ҳаётига тақлид қилиш ишингизнинг баракасини оширади.
10. Истихора намозини ўқинг.
Ҳар бир масалада Аллоҳга таяниб, истихора намозини ўқиб, натижасини Аллоҳдан кутиш бараканинг асосий омилидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам истихора намозини ўқиш бизга тўғри қарор қабул қилишда ёрдам беришини айтган. Аллоҳ ўзидан йўл-йўриқ сўраган ва иймондошларга маслаҳат берган, Аллоҳнинг қарорида собит қолган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай деган:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ
“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир”. (Аллоҳ таоло ушбу амр ила Пайғамбар алайҳиссаломни қалби кенгликда, мулойимликда – кишиларни атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айблар ўтган бўлса хам, мусулмонларни афв этишга буюрмоқда) (Оли Имрон сураси, 159-оят).
11. Аллоҳга шукр қилинг.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Шукр қилинг, сизларга кўпроқ яхшиликларни зиёда қилурман”. Аллоҳ таоло шукр қилган кишига яхшиликларни ваъда қилади.
12. Муҳтожларга ёрдам беринг.
Бир ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Эй, одам боласи, садақа беринг, шунда мен сизларга бераман”. Турмуш тарзингиз ёмон аҳволга тушиб қолса, уйингиздан барака чиқиб кетса, нима қиласиз? Ҳаётингизни изга тушуриб олишнинг энг яхши йўли садақа беришдир. Садақа берсангиз гуноҳларингиз ювилади, барака келади, яхшиликларингиз кўпаяди. Балки биз хайр-садақа бериш ва уни Аллоҳ зиёда қилиб қайтаришини яхши тасвирлаб бера олмагандирмиз. Хоҳласангиз ўзингиз синаб кўринг!
13. Эрта уйғонинг.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган: “Аллоҳ таоло умматларига эрталабки вақтларни баракали қилган”. Эрта уйғониш кунингизни баракали қилишда муҳим ўрин тутади. Эрта уйғониб, таҳажжуд намозини ўқинг, бомдод намозигача ўз ишларингизни қилиб олинг, чунки бу соатлар жуда баракали бўлади. Шунда кун бўйи дам олишга вақтингиз ҳам бўлади.
14. Турмуш қуринг.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:
وَأَنكِحُوا الْأَيَامَى مِنكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِن يَكُونُوا فُقَرَاء يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
“Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир)” (Нур сураси, 32-оят).
15. Аллоҳдан мағфират сўранг.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳдан мағфират сўраса, ҳар қандай ташвишдан қутулиши учун ёрдам ва кутилмаганда ризқ беради”.
Умид қиламизки, бу рўйхат сизга ишингизни баракали қилишда ёрдам беради. Барчамизнинг уйимиздан барака кетмасин, қилган ҳамма яхши ишиларимиз баракали бўлсин! Омин!
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
- 56وَتُعْطَى الْكُتْبُ بَعْضًا نَحْوَ يُمْنَى وَبَعْضًا نَحْوَ ظَهْرٍ وَالشِّمَالِ
Маънолар таржимаси: Номаи аъмоллар баъзиларга ўнг томондан берилади, баъзиларга орқа ва чап томондан (берилади).
Назмий баёни:
Айримларга номалар келар ўнг қўлдан
Баъзиларга берилар орқа ва сўлдан.
Луғатлар изоҳи:
تُعْطَى – икки мафъулли феъл.
الْكُتْبُ – ноиб фоил, биринчи мафъул. كُتْبُ калимаси كِتَابٌ нинг кўплиги бўлиб, аслида, كُتُبٌ дир. Бу ерда назм заруратига кўра كُتْبُ қилиб келтирилган.
بَعْضًا – иккинчи мафъул.
نَحْوَ – наҳв калимасининг бир қанча маънолари бўлиб, бу ерда “томон” маъносида келган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Қуйидаги байтларда نَحْو калимасининг беш хил маъноси баён қилинган: 1. “қасд”; 2. “жиҳат”; 3. “миқдор”; 4. “мисл”; 5. “қисм”.
نَحَوْنَا نَحْوَ دَارِكَ يَا حَبِيبِي
لَقِينَا نَحْوَ أَلْفٍ مِنْ رَقِيبِ
وَجَدْنَاهُمْ جِيَاعاً نَحْوَ كَلْبٍ
تَمَنَّوْا مِنْكَ نَحْوًا مِنْ شَرِيبِ
Эй дўстим, йўл олдик ҳовлинга томон,
Йўлиқдик минг қадар рақибга ҳамон.
Уларнинг ит мисол очлигин билдик,
Бирор қисм ютиминг кутишар ҳар он.
يُمْنَى – “ўнг” маъносида бўлиб, тараф ва аъзога нисбатан ишлатилади.
وَبَعْضًا – олдин ўтган بَعْضًا га атф қилинган.
ظَهْر – орқа тараф маъносини билдиради. Масалан, ظَهْرُ الاِنْسَان деганда инсон елкаси ортидан белигача бўлган қисми тушунилади.
الشِّمَالِ – чап тараф маъносини англатади.
Матн шарҳи:
Қиёмат кунида ҳамма маҳшар майдонига тўпланади. Барчага бу дунёда қилган ишлари ёзиб қўйилган китоб – номаи аъмол тарқатилади. Ушбу номаи аъмоллар инсонларнинг ҳаётлари давомида қилган барча ҳатти-ҳаракатлари давомида ёзилган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[1].
Яъни инсонларнинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли фаришталар бўлиб, инсонларнинг талаффуз қилган барча сўзларини ва қилган барча амалларини ёзиб турадилар. Қуртубий ушбу оят ҳақида: “Устиларингизда кузатиб турувчи фаришталар бордир” маъносини англатади, – деган. Ушбу ҳурматли фаришталар инсонлар тарафидан содир бўлган барча яхшию ёмон ишларни билиб турадилар ҳамда қиёмат кунида қилмишларига яраша жазо ё мукофот олишлари учун номаи аъмолларига ёзиб турадилар.
Қиёмат кунида фаришталар барча инсонларни бир жойга тўплаганларидан сўнг ҳар бири билан алоҳида ҳисоб-китоб бошланади. Ҳисоб-китобдан олдин уларга бу дунёда қилган барча ишлари ёзиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Ашаддий кофирларга номаи аъмоллари орқа томондан берилади ва улар уни чап қўллари билан оладилар. Баъзи кофирларга чап томондан берилади.
Тақводор мўминларга ўнг томондан берилади. Тавба қилишга улгурмасдан ўлган фосиқ мўминга номаи аъмоли қайси тарафдан берилиши ҳақида уламолар икки хил қарашда бўлганлар:
– Ўнг тарафдан берилади;
– Бу ҳақида гапирмасликни афзал кўришган.
Ўнг тарафдан берилади, деганлар ҳам қачон берилиши ҳақида ўзаро икки хил гапни айтганлар:
1. Дўзахга киришидан олдин берилади ва бу унинг дўзахда абадий қолмаслиги аломати бўлади;
2. Дўзахдан чиққандан кейин берилади.
Номаи аъмоллари ўнг тарафларидан берилганлар осонгина ҳисоб китобдан сўнг жаннатдаги аҳллари олдига хурсанд ҳолда қайтадилар:
“Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак”[2].
Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлиги ҳақида бундай ёзган:
Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,
Юборур номайи аъмолимизни.
* * *
Юборса номани раҳмат йўлидин,
Келур нома у қулни ўнг қўлидин.
* * *
Қизил юзлик бўлуб ул ҳам сарафроз
Суюнганидин қилур ул банда овоз.
* * *
Ўқунг номамни эй турғон халойиқ
Келубдур нома ихлосимға лойиқ.
Яъни Аллоҳ таолога барча ҳолатларимиз маълум бўлса-да, амалларимиз ёзилган саҳифаларни юборади. У зотнинг буйруқларини бажариб, раҳматига сазовор бўлганларга амаллари ёзилган саҳифаларни ўнг тарафидан юборади.
Бундай бахтли инсонлар китоблари ўнг томондан берилиши биланоқ ўзларининг абадий бахт-саодатга эришганларини биладилар ва мислсиз хурсандчиликдан қувонч кўз-ёшлари билан энтикишиб:“Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар! Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим”, – дейдилар:
“Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”, – дер”[3].
Аммо кимки Аллоҳга иймон келтирмай, Унинг буйруқларини бажармасдан ўзига берилган фурсатни фақат айшу ишратда яшашга эришиш, гўё дунё лаззатларининг охиригача етиш йўлида сарф қилиб юборган бўлса, унга китоби орқа тарафидан берилади. Китоби орқа тарафидан берилганлар қизиб турган дўзахга кирадилар:
“Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак”[4].
Баъзиларга китоби чап тарафидан берилади. Бундай кимсалар китоби чап тарафдан берилганнинг ўзидаёқ шарманда бўлганларини биладилар. Олдиндаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳис этганларидан титраб-қақшаб: “Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди”, – деб қоладилар.
“Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам! Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса! Менга мол-мулким ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди”[5].
Хулоса қилиб айтганда, барчанинг қилган қилмишлари ва ҳолатлари маълум бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга номаи аъмолларининг ҳам берилишини ирода қилган. Ушбу номаи аъмолларнинг қандай берилишининг ўзидаёқ яхши амал қилганларни тақдирлаш кўриниши бор.
Кейинги мавзу:
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз