Ҳар бир оилада ота ва ўғил ўртасидаги муносабатлар доимо барчани ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайдиган масалалардан биридир. Бу ришта ўта нозик, ҳамда ўз навбатида ўта масъулиятли бўлганидан Қуръони каримда бир неча оятлар, қиссалар ва гўзал насиҳатлар ила чиройли таълим берилган. Бундан мурод — ота ва болалар бир-бирларининг ҳақларига хиёнат қилмасликлар ва ҳаддиларини бузиб ўтмасликлар, ким-кимга қандай муносабатда бўлишларини билиб олсинлар деган ундаш бор.
Қуръони каримда Луқмони Ҳаким ширк деб аталмиш зулмдан фарзанд ақидасини поклаган, ҳусни хулқий одобларни ўргатган, дин ва дунё ишларини чиройли тарзда амалга оширишни таълим берган пешқадам оталардан ҳисобланадилар. Бунинг учун гўзал зарбулмасал келтириб, ўз ўғилларига насиҳат қиладилар, шу орқали фарзандларнинг оталардаги ҳақларини ҳам баён қилиб ўтадилар.
«Луқмон деди: “Эй, ўғилчам, шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг)уруғидек яхши ёки ёмон амал қилинадиган бўлса бас, у амал бир харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотир. Эй ўғилчам, намозни мукаммал адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган балоларга сабр қил! Албатта мана шу ишларнинг пухтасидандир. Одамларга (кибрланиб)юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин. Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўрта ҳол юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир”. (Луқмон сураси, 16-19 -оятлар)
Ислом тарихида ҳамда бугунги кунда кўплаб тарбиявий китобларда ибрат олиш учун, Луқмони Ҳаким энг яхши насиҳатгўй ва солиҳ ота сифатида барча оталарга ўрнак бўлишга арзигулик инсондирлар.
Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг мўжаз китоби Қуръони каримнинг бошқа бир оятида, отасига итоаткор ва солиҳ ўғил намунаси қилиб Исмоил алайҳиссалом қиссалари келтирилади. Исмоил алайҳиссалом пайғамбар отанинг пайғамбар ўғли бўлганлар. Туғилишидан олдин ҳушхабари берилган фарзанд эдилар.
У кишини Аллоҳ Ўз каломида мадҳ этиб айтади: «(Эй, Муҳаммад,) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи ва элчи – пайғамбар эди. У ўз аҳли (ва умати)ни намозга ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган эди. (Марям сураси, 54,55-оят).
У кишининг ваъдасида садоқатли бўлганлари ва Аллоҳнинг ризолигига қандай эришганлари эса қуйдаги оятда зикр қилинган: “Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): Эй ўғилчам, мен тушимда сени(қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй(фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин”, деган эди, у айтди: “Эй, отажон,(сенга тушингда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилгин. Ишааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсан”. Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга)ётқизган эдики, биз унга нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Дарҳақиқа, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни эваз қилиб бердик». (Соффат сураси, 102-107-оятлар)
Исмоил алайҳиссалом ҳаётларига сўнги нуқта қўйилишини аниқ билиб турсалар ҳам, бу иш Аллоҳнинг буйруғи дея, оталарига қарши бирор сўз айтмадилар. Нега? Қайси гуноҳим учун? деб ҳам сўраб ўтирмадилар. Чунки у киши оталари беҳикмат бир иш қилмасликларини билар, оталарини Аллоҳ олдида ҳижолатга қўйишни сира истамасдилар. Гарчи зиёнларига бўлса ҳам Аллоҳга ва унинг пайғамбарига ҳақиқий итоат наъмунасини амаллари билан исбот қилдилар. Яна бошқа Қуръон қиссасида у киши оталарига Каъбани барпо қилишда ёрдам берганлари, ёнларида бирга туриб Аллоҳга дуо қилганлари айтиб ўтилади. Исмоил алайҳиссалом ваъдасига садоқатли бўлишни қасд қилган ва Роббиси ҳузурида рози бўлинганларнинг даражасини истайдиган ўғиллар учун энг яхши наъмунадирлар.
Динимиз таълимотларидан маълумки, фарзанд ота онага ҳамиша итоаткор бўлмоғи даркор. Аммо улар ёмон йўлга чорласалар, Аллоҳга осий бўладиган амалларга буюрсалар, яна бир пайғамбар ва унинг отаси ҳақидаги қисса бу масалани муолажа қилиб беради.
Иброҳим алайҳиссалом кичик ёшдаги бола бўлишларига қарамай, қавмлари ва оталари қилаётган ишлар – бут санамларга сиғинишдан безор эдилар. То у кишига рисолат келмагунича ҳақ йўлни излайвердилар. Ниҳоят Аллоҳ пайғамбарликка танлаб олганидан сўнг, қавмлари ва оталари ибодат қилаётган олиҳалардан безор эканликларини айтиб, ўз йўлларидан кетдилар. Шундай бўлса ҳам, оталарига қарши дағал сўз айтмадилар. Аксинча бир муддатгача истиғфор айтиб юрдилар. Кейин Аллоҳ таоло буни маън қилган: «На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам уларнинг дўзах эканликлари маълум бўлгандан кейин истиғор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас. Иброҳимнинг (ўз) отаси учун истиғфор сўраши фақат унга қилган ваъдаси туфайли эди. Аллоҳнинг душмани эканлигини билганидан кейин ундан (отасидан) воз кечди. Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”. (Тавба сураси, 113,114-оятлар)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оналарига истиғфор айтишга Аллоҳдан изн сўраганларида, Аллоҳ бунга изн бермаганлигини Абу Ҳурайра р.а бундай ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар, бас, йиғладилар. Атрофларидагилар ҳам йиғлашди. У Зот айтдилар: “Роббимдан у киши (онам)га истиғфор айтишга изн сўраган эдим, менг изн бермади. Ундан (онамнинг) қабрини зиёрат қилишни сўраганимда, изн берди. Қабрларни зиёрат қилинг. Албатта, у ўлимни эслатади”. (Муслим ривояти)
Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги қиссаларида оталари аниқ мушрик ва Аллоҳнинг душмани эканлиги зоҳир бўлгач, ундан юз ўгирганлари маълум бўлмоқда. Аммо уни ҳозирги кунимизга қиёсласак, Озар сингари ота оналар топилмаса керак. Лекин динни ҳали мукаммал билмайдиган, ҳатто намоз ўқишни тўлиқ ўзлаштирмаганлар ҳам бор. Лекин уларга Озардек муносабатда бўлинмайди. Улар шукрки, мусулмон, имон эътиқодли инсонлардир. Баъзи фарзандлар ота оналарига қаттиқ ва қўпол муомала қилаётганлари, оддий ишларда ҳам итоат қилмаётгани қулоққа чалинади. Ота онанинг ҳаққини поймол қилиш, дилларини оғритиш, айрим соддаликларига ғашлари келиши жуда номақбул ишдир. Фарзандлик бурчи ўлароқ, ширин сўз, гўзал муомала қилиб боравериш керак, шояд Аллоҳ уларни ҳам ҳидоятга бошласа, динини гўзал қилувчилардан айласа!
Дарҳақиқат бугун ушбу мавзу доирасида сўз юритар эканмиз юқорида келтирилган Қуръоний қиссалардан олишимиз зарурий бўлган фойдалар ҳақида ҳам сўз юритиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Инша Аллоҳ!
Оилада ота ва ўғил муносабатларини чиройли бўлиши учун фарзандларга панд насиҳат қилиш жоиздир. Унга дин ва дунё одобларидан таълим бериш, Ота-онага сўзсиз итоат қилиш, Маъсият ўринларда уларга чиройли тарзда тушунтириш, Ваъдасига содиқлик Аллоҳга маҳбуб амаллардан бир эканлиги, Киши аҳли ва қариндошларини яхши ишларга тарғиб қилиш, Ота-онаси мусулмон бўлса ҳақларига дуо ва истиғфор айтиш жудда ҳам машҳур ва маҳбуб амаллардандир. Аллоҳ таоло барчаларимизни оилаларимизда исломий муҳит ила яшашликка тавфиқу хидоят берсин.
Авазбек МЎМИНОВ
Андижон шаҳар
“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(2-қисм)
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:
Ü Ота-она рози – Худо рози!
Ü Яхши ўғил ота молини бийлар,
Ёмон ўғил ота молини сочар.
Ü Ўзингга раво кўрмаганни
Ўзгага ҳам раво кўрма!
Ü Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –
Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчилар бор!
Ü Яхшига қилсанг яхшилик –
Ҳам айтади, ҳам қайтади.
Ёмонга қилсанг яхшилик –
На айтади, на қайтади.
Ü Кўза кунда эмас, кунида синади.
Ü Одоб билан бахт топилар,
Сабр билан – тахт.
Ü Ошиқмаган олисга етар.
Ü Сабр – аччиқ, меваси – ширин.
Ü Сабр таги – раҳмон,
Шошган иши – шайтон.
Ü Аччиқ савол бериб,
Ширин жавоб кутма.
Ü Аччиқ тил – заҳри илон,
Чучук тилга – жон қурбон.
Ü Сабр этган етар муродга,
Бесабр – қолар уятга.
Ü Сабр этган – муродга етган.
Ü Ёмонликка яхшилик – эр кишининг ишидир.
Ёмонликка ёмонлик – ҳар кишининг ишидир.
Ü Қарғишнинг икки учи бўлар.
Ü Сабрли бўлсанг – ўзарсан,
Сабрсиз бўлсанг – тўзарсан.
Ü Узун тил – бошга тўқмоқ,
Бўйинга – сиртмоқ.
Ü Сабрли кишининг иши соз!
Ü Сабрлининг бошига олма битар,
Сабрсизнинг бошига – ғавғо.
Ü Сувсаган ўлмас, ҳовлиққан ўлар.
Ü Сўраган адашмас, ўйловчи шошмас.
Ü Тек юрган, тўқ юрар.
Ü Той минган от ҳам минар.
Ü Тоқат қилсанг, тоғ эгилар,
Сабр қилсанг – боғ эгилар.
Ü Тоқатлига тоғлар эгар бошини,
Бетоқатнинг итлар еяр лошини.
Ü Чопиб борган ерга,
Юриб борса ҳам бўлар.
Ü Шошган ишга шайтон қўшилар.
Ü Дўст орттираман десанг –
Ширин суҳбат қил!
Душман орттираман десанг –
Чақиртикан бўл!
Ü Шошган эр уйига етолмас,
Шошган қиз эрга ёлчимас.
Ü Шошганнинг иши ўнгмас.
Ü Яхши гап билан илон инидан чиқар,
Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.
Ü Шошилган йиқилар,
Шошмаган ойга чиқар.
Ü Ўзи совуқнинг – сўзи совуқ.
Ü Ҳамма яхши – мен ёмон,
Ҳамма буғдой – мен сомон.
Ü Ўзига боқма – сўзига боқ!
Ü Таом лаззати ўзида,
Одам лаззати – сўзида.
Ü Ҳар меванинг пўчоғи бор,
Ҳар сўзнинг ўлчови бор.
Ü Тилингда бўлса болинг –
Кулиб турар иқболинг.
Ü Ёмон тил бошга бало келтирар.
Яхши тил давлат, дунё келтирар.
Ü Мазлумлар дилини оғритма бир зум,
Балки бир кун ўзинг бўласан мазлум...
Ü Шошмасанг, тез етасан,
Шошгандан ўзиб кетасан.
Ü Яхши от кейин чопар.
Ü Кимки қилса ёмонлик – асло топмас омонлик.
Ü Қаноат қилсанг, қорнинг тўяр,
Беқаноат – отини сўяр.
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
v Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғиллари бўлибди...
Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.
Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:
– Ўзимиз ҳам бир жамоа эканмиз-ку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз... Худо хоҳласа, ўттиз ўғлим бор, ҳақ динни бутун элга ўзим етказаман, деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибдилар.
...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.
Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...
Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:
– Ўттизта ўғлингизни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми? – деб сўради.
– Сенинг амринг икки бўлмайди... Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин... Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас...
– Айтганингиз бўлсин! Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман.
– Майли, шунисига ҳам шукр! – деб, Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўрадилар.
У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:
– Ўғлим, сен энди бизнинг уйга келган меҳмонларнинг ёш-ми, қари-ми ҳаммасининг қўлига сув қуйиб тургин! Сувни уч марта узиб-узиб қуясан. Тўртинчи марта, агар меҳмон сўраса, қуясан.
– Ота, нега узиб қуйишим керак?
– Сабаби – ўликни ювишганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясан-да, ўғлим... Иккисини фарқи бор – дедилар.
Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”, “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.
Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.
У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.
Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...
Шунда Хақ Таоло:
– Менинг исмларимдан бири – Раҳимдур! Минглаб одамлар сизнинг болангизга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман... Сулаймон узоқ умр кўради, У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балиқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга ҳукмронлик қилади, – деб жавоб берди.
Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...
v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».
(Ҳожа Аҳмад Яссавий)
v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».
(Алишер Навоий)
v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,
Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.
Қулоғимга берган пандинг олайин,
Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».
(Махтумқули)
v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин».
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,
Беш маҳал саждаю намозинг бекор.
Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни
Агар бир мўминга етказсанг озор».
(Абдулла Орипов)
v «Маккага етти қат борганча бўлур,
Бошини силасанг ўксик инсонни».
(Абдулла Орипов).
(2 – қисм тугади. Давоми бор...)
Иброҳимжон домла Иномов.