Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Май, 2025   |   23 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
04:59
Пешин
12:25
Аср
17:28
Шом
19:44
Хуфтон
21:15
Bismillah
21 Май, 2025, 23 Зулқаъда, 1446

Қуръонда ота ва ўғил муносабатларига оид масалалар

27.07.2018   15881   7 min.
Қуръонда ота ва ўғил муносабатларига оид масалалар

Ҳар бир оилада ота ва ўғил ўртасидаги муносабатлар доимо барчани ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайдиган масалалардан биридир. Бу ришта ўта нозик,  ҳамда ўз навбатида ўта масъулиятли бўлганидан Қуръони каримда бир неча оятлар, қиссалар ва гўзал насиҳатлар ила чиройли таълим берилган. Бундан мурод — ота ва болалар бир-бирларининг ҳақларига хиёнат қилмасликлар ва ҳаддиларини бузиб ўтмасликлар, ким-кимга қандай муносабатда бўлишларини билиб олсинлар деган ундаш бор.

Қуръони каримда Луқмони Ҳаким ширк деб аталмиш зулмдан фарзанд ақидасини поклаган, ҳусни хулқий одобларни ўргатган, дин ва дунё ишларини чиройли тарзда амалга оширишни таълим берган пешқадам оталардан ҳисобланадилар. Бунинг учун  гўзал зарбулмасал келтириб, ўз ўғилларига насиҳат қиладилар, шу орқали фарзандларнинг оталардаги ҳақларини ҳам баён қилиб ўтадилар.

«Луқмон деди: “Эй, ўғилчам, шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг)уруғидек яхши ёки ёмон амал қилинадиган бўлса бас, у амал бир харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотир. Эй ўғилчам, намозни мукаммал адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган балоларга сабр қил! Албатта мана шу ишларнинг пухтасидандир. Одамларга (кибрланиб)юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин. Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўрта ҳол юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёқимсизи  эшаклар овозидир”. (Луқмон сураси, 16-19 -оятлар)

Ислом тарихида ҳамда бугунги кунда кўплаб тарбиявий китобларда ибрат олиш учун, Луқмони Ҳаким  энг яхши насиҳатгўй ва солиҳ ота сифатида барча оталарга ўрнак бўлишга арзигулик инсондирлар.

Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг мўжаз китоби Қуръони каримнинг бошқа бир оятида, отасига итоаткор ва солиҳ ўғил намунаси қилиб Исмоил алайҳиссалом қиссалари келтирилади. Исмоил алайҳиссалом пайғамбар отанинг пайғамбар ўғли бўлганлар. Туғилишидан олдин ҳушхабари берилган фарзанд эдилар.

У кишини Аллоҳ Ўз каломида мадҳ этиб айтади: «(Эй, Муҳаммад,) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи ва элчи – пайғамбар эди. У ўз аҳли (ва умати)ни намозга ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган эди. (Марям сураси, 54,55-оят).

У кишининг ваъдасида садоқатли бўлганлари ва Аллоҳнинг ризолигига қандай эришганлари эса қуйдаги оятда зикр қилинган: “Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): Эй ўғилчам, мен тушимда сени(қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй(фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин”, деган эди, у айтди: “Эй, отажон,(сенга тушингда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилгин. Ишааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсан”. Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга)ётқизган эдики, биз унга нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Дарҳақиқа, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни эваз қилиб бердик». (Соффат сураси, 102-107-оятлар)

Исмоил алайҳиссалом ҳаётларига сўнги нуқта қўйилишини аниқ билиб турсалар ҳам, бу иш Аллоҳнинг буйруғи дея, оталарига қарши бирор сўз айтмадилар. Нега? Қайси гуноҳим учун? деб ҳам сўраб ўтирмадилар. Чунки у киши оталари беҳикмат бир иш қилмасликларини билар, оталарини Аллоҳ олдида ҳижолатга қўйишни сира истамасдилар. Гарчи зиёнларига бўлса ҳам Аллоҳга ва унинг пайғамбарига ҳақиқий итоат наъмунасини амаллари билан исбот қилдилар. Яна бошқа Қуръон қиссасида у киши оталарига Каъбани барпо қилишда ёрдам берганлари, ёнларида бирга туриб Аллоҳга дуо қилганлари айтиб ўтилади. Исмоил алайҳиссалом ваъдасига садоқатли бўлишни қасд қилган ва Роббиси ҳузурида рози бўлинганларнинг даражасини истайдиган ўғиллар учун энг яхши наъмунадирлар.

Динимиз таълимотларидан маълумки, фарзанд ота онага ҳамиша итоаткор бўлмоғи даркор. Аммо улар ёмон йўлга чорласалар, Аллоҳга осий бўладиган амалларга буюрсалар, яна бир пайғамбар ва унинг отаси ҳақидаги қисса бу масалани муолажа қилиб беради.

Иброҳим алайҳиссалом кичик ёшдаги бола бўлишларига қарамай, қавмлари ва оталари қилаётган ишлар – бут санамларга сиғинишдан безор эдилар. То у кишига рисолат келмагунича ҳақ йўлни излайвердилар. Ниҳоят Аллоҳ пайғамбарликка танлаб олганидан сўнг, қавмлари ва оталари ибодат қилаётган олиҳалардан безор эканликларини айтиб, ўз йўлларидан кетдилар. Шундай бўлса ҳам, оталарига қарши дағал сўз айтмадилар. Аксинча бир муддатгача истиғфор айтиб юрдилар.  Кейин Аллоҳ таоло буни маън қилган: «На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам уларнинг дўзах эканликлари маълум бўлгандан кейин истиғор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас. Иброҳимнинг (ўз) отаси учун истиғфор сўраши фақат унга қилган ваъдаси туфайли эди. Аллоҳнинг душмани эканлигини билганидан кейин ундан (отасидан) воз кечди. Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”. (Тавба сураси, 113,114-оятлар)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оналарига истиғфор айтишга Аллоҳдан изн сўраганларида, Аллоҳ бунга изн бермаганлигини Абу Ҳурайра р.а бундай ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар, бас, йиғладилар. Атрофларидагилар ҳам йиғлашди. У Зот айтдилар: “Роббимдан у киши (онам)га истиғфор айтишга изн сўраган эдим, менг изн бермади. Ундан  (онамнинг) қабрини зиёрат қилишни сўраганимда, изн берди. Қабрларни зиёрат қилинг. Албатта, у ўлимни эслатади”. (Муслим ривояти)

Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги қиссаларида оталари аниқ мушрик ва Аллоҳнинг душмани эканлиги зоҳир бўлгач, ундан юз ўгирганлари маълум бўлмоқда. Аммо уни ҳозирги кунимизга қиёсласак, Озар сингари ота оналар топилмаса керак. Лекин динни ҳали мукаммал билмайдиган, ҳатто намоз ўқишни тўлиқ ўзлаштирмаганлар ҳам бор. Лекин уларга Озардек муносабатда бўлинмайди. Улар шукрки, мусулмон, имон эътиқодли инсонлардир. Баъзи фарзандлар ота оналарига қаттиқ ва қўпол муомала қилаётганлари, оддий ишларда ҳам итоат қилмаётгани қулоққа чалинади. Ота онанинг ҳаққини поймол қилиш, дилларини оғритиш,  айрим соддаликларига ғашлари келиши жуда номақбул ишдир. Фарзандлик бурчи ўлароқ, ширин сўз, гўзал муомала қилиб боравериш керак, шояд Аллоҳ уларни ҳам ҳидоятга бошласа, динини гўзал қилувчилардан айласа!

Дарҳақиқат бугун ушбу мавзу доирасида сўз юритар эканмиз юқорида келтирилган Қуръоний қиссалардан олишимиз зарурий бўлган фойдалар ҳақида ҳам сўз юритиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Инша Аллоҳ!

Оилада ота ва ўғил муносабатларини чиройли бўлиши учун фарзандларга панд насиҳат қилиш жоиздир. Унга дин ва дунё одобларидан таълим бериш, Ота-онага сўзсиз итоат қилиш, Маъсият ўринларда уларга чиройли тарзда тушунтириш, Ваъдасига содиқлик Аллоҳга маҳбуб амаллардан бир эканлиги, Киши аҳли ва қариндошларини яхши ишларга тарғиб қилиш, Ота-онаси мусулмон бўлса ҳақларига дуо ва истиғфор айтиш жудда ҳам машҳур ва маҳбуб амаллардандир. Аллоҳ таоло барчаларимизни оилаларимизда исломий муҳит ила яшашликка тавфиқу хидоят берсин.

Авазбек МЎМИНОВ
Андижон шаҳар 
“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Мабрур ҳаж қандай бўлади?

19.05.2025   2226   6 min.
Мабрур ҳаж қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳажга кетаётганларга ёки ҳаждан қайтганлар ҳаққига «Ҳажингиз мабрур ҳаж бўсин!» дея дуо қилинади. Умуман, ҳожиларнинг ўзлари ҳам ўз ҳажларининг мабрур бўлишини истаб, дуои хайрлар қиладилар. Нима учун бундай дуо қилинади? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадиси шарифлари бор: Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади! (Имом Бухорий, 3/1773; Имом Муслим, 2/1349).

Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсоният учун энг афзал амаллар қайсилигини сўралганида, ул зоти шариф томонларидан бундай амаллар қаторида ҳажжи мабрур ҳам санаб ўтилган эди (Имом Бухорий, 2/1519; Имом Муслим, 1/83).

Шундай экан, ҳажнинг қай тариқада мабрур бўлишини билиб олиш жуда зарур экан. Аввало «мабрур» сўзининг луғавий маъноси қандай?

«Мабрур» сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган деган маънодадир. Унинг «холис» деган маъноси ҳам бор. Демак, «мабрур» сўзи «мақбул» сўзига маънодош бўлади.

Мабрур ҳаж бўлиши учун қуйидагилар бўлиши лозим:

1) Имом Бухорийнинг “Тарихи кабир” асарида бир ривоят бор. Унда машҳур олим Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бундай дегани нақл қилинади: Мабрур ҳаж шуки, ҳаждан дунёда зоҳид ҳолда, охиратга рағбатли бўлган ҳолатда қайтмоқликдир (Имом Бухорий, «Тарихи кабир», 3/808).

Демак, ҳожилар юртга қайтар эканлар дунё борасида зоҳид, зуҳду тақвога берилган, охират борасида эса унга рағбат қўйган, ҳаром ва шубҳали нарсаларга парҳезгор бўлиб, ҳар дам ва ҳар қадамда охиратини ўйлайдиган бўлишлари керак экан. Агар ана шундай ҳожилар бўлса, уларнинг ҳажларининг мабрур бўлганининг аломати ана шудир.

2) Ҳаж вақтида гуноҳ иш ва қилиқлар аралашмаган ҳаж мабрур бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Термизий, 2/808).

Ҳадиси шарифда тилга олинган “рафас” сўзи луғатда шаллақилик қилиш, беҳаё гапларни гапириш, бузуқ, ифлос ишларни қилиш маъносида экани айтилади. Қуръони каримда у «хотини билан жинсий яқинлик қилиш» маъносида келган. Бу ерда эса у умумий бўлиб, ёмон гап-сўз, қабиҳ ишлар маъносида қўлланган. Демак, ҳажда бу хилдаги ишлар мутлақо мумкин эмас.

3) Ҳаждан кўзланган мақсад фақат Аллоҳнинг фарз қилган ҳажини адо қилиш бўлиши керак. Шундагина ҳаж мабрур бўлади. Бу тўғридаги Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу гапига эътибор беринг:

Ким мана бу Уйни бошқа нарсани ирода қилмасдан ҳаж қиладиган бўлса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади (Ибн Абу Шайба, 3/12785).

Инсон ҳажга борар экан, тижорат, савдо-сотиқ ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий ва ҳаждан ўзга диний ишлар ҳажнинг баҳонаси ила сафарнинг биринчи мақсадига айланиб қолмаслиги керак.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» дебдилар. Хотин тасдиқ жавобини берганида, унга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деган экан.

Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Каъбага суяниб ўтирганида, Ироқдан келган ҳожилар у ёқдан бу ёққа ўта бошлабдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларни олдига чақирибди. «Сизлар ҳажга келдингларми? Тавоф қилдингларми, Сафо ва Марва орасини саъй қилдингларми?» дебдилар. Улар тасдиқ жавобини қилибдилар. «Ҳозир нима қилаяпсизлар? Ҳаж мавсумидан фойдаланиб қоляпсизларми?» дебди.

Ҳожилар фурсатдан фойдаланиб, у ер бу ерларни кўриб юришганини, у ёққа бу томонга ўтиб, бориб-келиб юрганларини, бошқа хайрли амаллар, кўпроқ зикр, кўпроқ нафл ибодатлар қилмаётганларини айтишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳажни қайта қилишларини буюрибдилар (Ибн Абу Шайба, 3/12787).

Саҳоба Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳаж кунларида Рабза деган жойни айланиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳажларини қайта қилишни бурган экан.

Демак, инсон ҳаж кунларини ғанимат билиши, бошқа нарсаларга, совға-саломларга чалғиб кетиб, ибодатлардан, зикрлардан қолиб кетмаслиги керак. Шунда унинг ҳажи мабрур бўлади.

4) Ҳажи мабрур бўлганининг аломати ҳожи ҳаж қилиб қайтганидан сўнг унинг ҳоли яхши тарафга ўзгаришидир. Ҳар бир ҳожи ўз ҳолига қараб кўрсин: кўпроқ ибодатлар қилаяптими, ўқиётган нафллари аввалгидан кўпайдими, одамларга қилаётган хайрли амаллари ортдими, оғзидан чиққан ёмон гаплар энди йўқолдими, ёмон амаллари йўқолдими, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган гуноҳлари, айбу нуқсонлари озайдими?

5) Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтган: “Ҳаж мабрур бўлиши учун ҳаж арконлари, маносиклари, амаллари, фарзу, вожибу суннат ва мустаҳабларининг барчаси мукаммал ва тўлиқ адо қилиниши керак”. Бу жуда муҳим гап! Ҳожилар бунга эътибор қаратишлари керак бўлади. Ҳажнинг амалиётларининг бирортаси қолиб кетмаслиги, амалларнинг кетма-кетлиги, тартиби ўзгармаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, бировлар гапига кириб осон ва қулай йўлга ўтиб олмаслиги керак.

6) Муҳаммад Юсуф Баннурий раҳимаҳуллоҳ ҳажнинг мабрур бўлиши учун у риёдан холи бўлмоғи керак, деб таъкидлаган. Зотан, риё савоблар кушандасидир. Хўжакўрсинга, одамлар ҳожи десин, ҳамманинг эътибори ва обрў-ҳурматига сазовор бўлиш мақсадида ҳажга борса; ҳамма ҳажга бораяпти-ку, деб одамлар кўзи учун ҳажга кетса, унинг ҳажи мабрур бўлмаслиги мумкин.

7) Умуман, мабрур ҳаж деганда гуноҳ, маъсият аралашмаган ҳажга айтилади. Чунки унинг «холис ҳаж» деган маъноси бор. Бу гуноҳлардан холи, деганидир. Тавоф асносида, одамлар тиқилинчида бировга туртилмасликка, бировнинг оёғини босиб олмасликка ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Бировнинг кўнглига оғир келадиган гапларни гапирмаслик керак. Бунинг учун зикрга зўр бериш керак. Ҳажга бориб, меҳмонхонада оёқ узатиб ётиб, умрида бир марта бўладиган, атиги ўн беш кунлик муборак сафарида бу ёқдаги, юртидаги дунёвий ишларини муҳокама қилишнинг ҳеч кераги йўқ.

Барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур бўлсин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ