Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июл, 2025   |   1 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:13
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:50
Хуфтон
21:19
Bismillah
26 Июл, 2025, 1 Сафар, 1447

Қалбни юмшатиб, кўз ёшларни сиздирган сўзлар

26.07.2018   3718   5 min.
Қалбни юмшатиб, кўз ёшларни сиздирган сўзлар

Кеча Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” (Кўкча) жоме масжидида кар-соқовлар билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирга Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов, Тошкент Ислом институти сийрат фани устози Абдул Азим Зиёвуддин домла, Islom.uz портали ходими Ҳайруллоҳ Ҳабибуллоҳ домла, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили Дилбар Аҳмедова ва Тошкент шаҳри отинойилари ҳамда “Кар-соқов”лар жамияти аъзоси Моҳира Кубаевалар иштирок этишди.

Ўзлигини, динини янада кўпроқ ўрганишга интилган одамлар тадбирга доимгидан-да кўпроқ ташриф буюришди. Ўртада кечган саволларга мутахассисларнинг жавоблари янада қизиқарли тарзда бир-бирига уланиб кетди.

Бу галги учрашувда улар қалбини оғритаётган долзарб муаммо – яқинларининг миссионерлар тузоғига тушиб қолганлиги ва бу йўлдан уларни қандай қайтариш чора-тадбирлари ҳақида савол беришди.

Дарҳақиқат, улар бу йўлга ўз-ўзидан кириб қолганлари йўқ. Улар доимий равишда молиявий томондан кўмак олиб, таом ва совғалар эвазига тўғри йўлдан озишган.

Саволларга Ҳабибуллоҳ домла ва ТИИ сийрат фани устози Абдул Азим Зиёвуддин домла жавоб бердилар.

Абдул Азим Зиёвуддин домла: “Уларга аввало Ислом асоси бўлган Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сийратларини ўқиб чиқишни ҳамда ғарблик олимларнинг Ислом дини ҳақидаги холис фикрлари билан ҳам танишишни тавсия этиш керак.

Яқинларингизни миссионерлар яхши сўз ва ҳадялар бериб ўз тузоғига илинтирган экан, сизларнинг дўқ-пўписа, қўполликларингиз билан уларни тўғри йўлга бошлаб бўлмайди. Аввало ҳар қандай шароитда оғир-босиқлик, ўта вазминлик билан муомалада бўлиш талаб этилади. Зеро, Аллоҳ таоло ўз китобида қуйидагича буюради: (Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир” (Наҳл сураси, 125-оят).

Юқоридаги жавобларга қўшимча тарзда Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси Мунира Абубакирова бундай дедилар: “Улар сизу бизда Исломнинг гўзал одобини кўриши керак. Сизга ёқмаган гап-сўзларига ҳиссиётларга берилмасдан муомалада бўлиш ижобий натижаларни олиб келади. Бу йўлдан уларни яхши сўз билангина қайтариш мумкин”.

Залда иштирок этаётганлар орасидан ўрта ёшли йигит ўз сўзларини имо-ишора ила баён этар экан, сурдо таржимони Ойдиннинг изоҳидан кейин кўплаб отинойилар қатори менинг ҳам кўзимдан ёшлар беихтиёр сизиб чиқди: “Менинг энг яқин дўстларим миссионерлар алдовига учиб ўз динидан кечди. Уларни қайтаришга қанча уринмай, барибир натижа бўлмади. Ишонинглар улар учун қаттиқ қайғудаман. Динимизни яхши билмасдан туриб, воз кечишди. Барча уринишларим зое кетгандан сўнг тинмай дуо қила бошладим: “Эй, Раббим! Ўзинг уларга тўғри, ҳақ йўлингни кўрсат, ҳидоятга бошла!” деб кечаю-кундуз дуодаман. Натижа ёмонмас, улар мени ниҳоят эшитадиган бўлишди”, деди куюнчалик билан.   

Ва яна шундай саволлар ўртага ташланди: “Аёл мусулмон, эр эса бошқа динни қабул қилган бўлса, уларнинг топгани, яшаши ҳалолми-ҳаром?”.

Бу каби саволларга Мусулмонлар идорасининг фатво бўлимидан маслаҳат олиш тавсия этилди.

Аҳолининг имконияти чекланган эҳтиёжманд қатлами бўлган ногиронларни қўллаб-қувватлаш борасидаги қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов уларнинг дардини тинглади ва муаммоларини ижобий ҳал этишга ваъда берди. Ҳамда касалманд, дори-дармонга муҳтожларга ҳам кўмак бериш учун улар ҳақидаги маълумотларни назардан четда қолдирмай беҳад самимий суҳбат олиб борди. Ташқаридан қараганда энг кўнгилни шод этадиган ҳолат, Шуҳрат аканинг: “Тортинмай, беҳижолат муаммоларингизни айтаверинглар, биз шунинг учун шу ерда йиғилиб турибмиз, нима камчилик ва етишмовчиликлар бўлса, эшитамиз ва ижобий ҳал этамиз” деб ўзлари уларнинг қалбидаги айтолмаган сўзларини айтишга куч берди. Тўғри-да, тилимиз сўзлашга қодир бўлса-да, муаммоларимизни айтишга истиҳола қиладиган халқмиз. У ерда ўтирганларнинг ҳаммаси гапирмасангизда юз ифодангиздан сизнинг фикрингизни ўқиб олади. Уларга фақат ва фақат ширинсўз, самимий чеҳра керак.

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя мана шу тарзда ҳаётда ўз ифодасини топмоқда.  Йиғилишга ташриф буюрган давлат идора ходимлари ҳам юқоридаги ғояни амалга оширишга бел боғлаганлар.

Кар-соқов инсонлар – ҳар гал жонбозлик кўрсатиб, ушбу тадбирларни ташкиллаштирган раҳбарлардан, холисона-самимий савол-жавоблардан ниҳоятда кўнгиллари ёришиб ўз дилларида дуолар қилишди.

Имконияти чекланган ногиронлар билан ўтказилаётган тадбирларга қатнашган одам, халқ дардини тинглаган раҳбар ва мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари, чинакам фидойиликларининг гувоҳи бўлади. Бу каби раҳбарлар одил сиёсат эгаси, адолатли Юртбошимиз издошчилари ҳамда ёрдамчиларидир.

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Сафар ойи бошланди

06.08.2024   13709   3 min.
Сафар ойи бошланди

Сафар ойида тўй қилса, сафарга чиқса бўлади(ми?)

 

Сафар ойи қандай ой?

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича (муҳаррамдан кейинги) йилнинг иккинчи ойидир. 

 

Сафар қандай маънони англатади?

Бу ой мевалар ғарқ пишиб, барглар сарғайган вақтга тўғри келгани учун сафар صفر – “сариқ ой” деб номланган. Агар сафар сўзидаги “сод (ص)” ҳарфи “син (س)” билан ёзилса “сафарга чиқмоқ” деган маънони англатади.

 

Сафар ойи Исломдан олдинги жоҳилият даврида.

Жоҳилият даврида “Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди, оила қуриб бўлмайди” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирор ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, қайтадан учириб кўришар эди.

 

Ислом дини келгандан кейин сафар ойи – “Яхшилик ойи” деб номланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ”, дедилар.

Сафар ойи тўғрисидаги турли бидъат-хурофотлар рад этилди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари экани эълон қилинди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойини қандай ўтказганлар?

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги “Масжидун Набавий”масжидларини сафар ойида қурганлар.

2. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар.

3. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар.

Демак, бу ойда янги иш бошлаш, оила қуриш ва сафарга қилиш жоиз экан.

 

Аммо, ҳозирги кунда...

Афсуски, бугунги кунда ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар тез-тез учраб туради. Уларнинг ҳеч қандай асоси йўқ экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва суннатларидан маълум бўлди. 

 

Энг муҳими – бандага етадиган мусибат бирор ойга боғлиқ бўлмайди. Балки ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан содир бўлади. Тақдирга иймон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билмоғи лозим. Аллоҳ таоло: “(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга иймон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло ақидамизни мустаҳкам, ҳидоятида бардавом қилсин. Сафар ойини барчамиз учун хайрли ва баракали бўлишини насиб этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди Сафар ойи бошланди