Бу йил муборак Ҳаж сафарига бориш бахтига муяссар бўлиб, сафар арафасида турганлар учун муҳим маълумотларни тақдим қилишда давом этамиз.
Ҳаж зиёрати ҳар бир мусулмон киши ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом яшаган, Қуръони карим нозил бўлган жойларни ўз кўзимиз билан кўриб, ана шу ерларда зиммамиздаги фарзни адо этамиз. Шу сабаб ҳам, Мадинаю Мунаввара ва Маккаю Мукаррамада ўтадиган ҳар лаҳза жуда қимматли ҳисобланади. Шунинг учун, Ҳаж сафарига йўл олишдан аввал барча ишларни ҳал қилиб олиш лозим, токи сизни у ерда ҳеч нима чалғитмасин. Бу оёқ кийимларга ҳам дахлдор. Ушбу мақоламизда Ҳаж сафари учун қандай поябзал олиш яхшироқ эканлиги, уларни танлашда нималарга аҳамият бериш даркорлиги ҳақидаги тавсиялар билан ўртоқлашамиз:
1. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, аёллар учун ҳажда, эҳром вақтида оёқ кийимлар учун ҳеч қандай шаръий талаблар йўқ. Эркакларда эса, эҳромда тўпиқ, товон ва бармоқлар очиқ бўлиши керак. Эҳромда қоидаларни бузмаслик учун олдиндан тайёргарлик кўриш мақсадга мувофиқ бўлиб, ана шунга мос оёқ кийимни ўша ердан сотиб олмаслик ёинки, оёқ кийимни шундай қилиб кесмаслик учун бу ҳақида олдиндан ўйлаш лозим.
2. Сафарга йўлга чиқишдан икки-уч кун аввал сотиб олиб, ҳали кийишга ҳам улгурмаган оёқ кийимни ўзингиз билан олманг, чунки бу сизга кўплаб ноқулайликлар туғдиради. Масалан, оёқда қадоқ ҳосил қилиши мумкин. Бу эса ибодат вақтида қийинчиликларга сабаб бўлади. Агар ҳозир мос оёқ кийимингиз бўлмаса, уни аввалроқ сотиб олиб, кийиб улгурганингиз маъқул.
3. Шуни ёдда тутингки, кўп юришингизга тўғри келади. Жамарот (шайтонга тош отиш жойи)да бир ва бир неча км юришга тўғри келади. Шу сабабдан, ўзингиз билан қулай ва юмшоқ, синалган оёқ кийимларингизни олинг.
4. Балетка, мокасина цингари текис таглик оёқ кийимларда бироз қийналишингиз мумкин, чунки уларда тез чарчаб қоласиз. Унча баланд бўлмаган тагликли оёқ кийим танлашга ҳаракат қилинг. Масалан, очиқ турдаги спорт оёқ кийимлари ёки матоли кедалар бўлиши мумкин, уларда бир мунча қулайроқ.
5. Ўзингиз билан бир неча турдаги оёқ кийимлар олинг. Масжидгача боришда ҳамда Мино ва Арофатда ибодатларни бажаришда киядиган оёқ кийимдан ташқари, ўзингиз билан меҳмонхона ва Мино водийси учун шиппак олганингиз маъқул, унда таҳорат олиш, душ қабул қилиш қулайроқдир.
6. Оёқ кийимингизни масжидда қолдирманг, кейин уни топиш учун кўп вақт йўқотасиз. Олдиндан оёқ кийим учун мўлжалланган қопчалардан олинг.
Ушбу маълумотлар сизга фойдали бўлади ҳамда муборак сафарингиз мобайнида асқотади деб умид қиламиз.
Нигина Ботирова тайёрлади
Холис фикр
Бир нуроний тоғамиз бор. Қариндошлар йиғилиб зиёратига бордик. Суҳбатлашиб ўтирганимизда даврадагилар ўтганларимизни суриштира кетди ва: “Фалончи билан писмадончи қандай қариндош, писмадончи билан фалончи?..” қабилидаги саволларни ёғдирди. Тоғамиз: “Улар ота бир она бошқа...” ва шунга ўхшаш жавоблар бераверди. Қарасак, бутун қишлоқ бир-бирига қариндош чиқяпти. “Боваларимиз роса кўп уйланган экан-да ўзиям”, деди бири маломат қилган оҳангда. Унга жавобан тоғамиз: “У вақтларда бева аёл бўлмасди, қайсики аёлнинг эри ўлдими, эркаклардан бири уйланарди ва болаларини қарамоғига оларди”, деди.
Бу энди ўтган замоннинг гапи. Ҳозирги вақтда бевалар ва етим-есирлар давлатимиз ҳимоясида, уларга эрнинг нима кераги бор!.. Аммо шунчалик кўп тақиқларга, ваъз-насиҳатларга қарамай, кимларнингдир иккинчи хотинга уйланиш ниятида юргани қулоққа чалиниб қолади. Ана шундай дамларда ўша эркакни гўрдан олиб гўрга солишлар бошланади: хотинбоз, пулмаст, суюқоёқ ва ҳоказолар...
Эҳтимол, бу айбловларнинг ҳаммаси ҳам нотўғри эмасдир. Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор: аксар ҳолларда эрининг уйланишига аёлнинг ўзи ташаббускор бўлади. Масалан, аёл бир, икки фарзандли бўлганидан сўнг эри учун эмас, тўйларга, ҳашамларга бориш учун безанади, камига шу ишни эрининг кўз ўнгида қилади; эрига эса катта ўғлига ўдағайлаётгандек муомала қилади.
Эри иш буюрса, бажармайди; чорласа, саркашлик қилади. Ана шундай чоқда эр жаҳл устида (ният қилиб эмас, албатта): “Ҳа, бир ҳурматимни биладиган хотин олмасам”, деб қўяди. Шунда аёл: “Астағфируллоҳ, ундай деманг-ай, хатоларим бўлса, тўғрилаб оламан”, демайди-да, “Қани, бир уйланиб кўринг-чи!” деб нафсониятига тегади. Бу гапни бир марта айтиш билан кифояланмайди. Оқибатда эрининг пўписа учун айтган ўша гапи ниятга айланади. Чунки хотини кейинги можароларда: “Сизга ким ҳам тегарди ўзи”, “Уйланишни сизга ким қўйибди” қабилидаги гапларни қайтаравериб, ўзи билмаган ҳолда эрини уйланишга мажбурлашда давом этади. Кейин эса буёғи маълум: эр – бевафо, хотин –жабрланувчи!
Профессор, доктор Аҳмад Лутфий Қозончининг “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг завжалари (завжати мутаҳҳирот)” асарида ушбу масалада ниҳоятда ибратли таъриф келтирилган: “Абу Салама розияллоҳу анҳу кўз нури деб билган хотинидан бошқа гул ҳидини ҳидламаган эди. Чунки Умму Салама розияллоҳу анҳо (онамиз) эркак ўз хотинидан кутадиган барча гўзалликларни унга нисор этарди, натижада иккинчи хотинга эҳтиёж қолмаганди ва иккинчи никоҳнинг номи ҳам айтилмаганди”.
Мушоҳада қилиб кўрайлик, азизлар, аёллар Умму Салама онамиздек бўлса, эри ўзини қандай ҳолда кўришни истаганда, ўшандек кўринишга ҳаракат қилса, кунларини ўзининг кайфиятига қараб эмас, эрига парвона бўлиб ўтказса, эркакка иккинчи хотин ташвиши нима керак!
Дарҳақиқат, тақиқлар, жарималар, дўқ-пўписалар, айниқса, ушбу масалада кутилгандек самара бермайди. Зотан, тақиқланган мева ширин туйилади, деганларидек, эркакларнинг қизиқишини янада кучайтиради, холос. Ҳамма гап аёлларнинг ўзида – эрларини тезлайвермаса, шунинг ўзи кифоя.
Дамин ЖУМАҚУЛ