Ҳаж ҳар бир мусулмоннинг орзусидир. Чунки у сабабли киши онадан қайта туғилгандек гуноҳларидан покланади. Дунёдаги мусулмонлар бирдамлигига гувоҳ бўлади ва оламларга раҳмат қилиб юборилган севикли Пайғамбаримизни (с.а.в)зиёрат қилиш бахтига мушарраф бўлади.
Дарҳақиқат, Каъбатуллоҳ ҳақида сўз кетганда мўмин-мусулмонлар қалбини илиқ бир туйғу қамраб олиши бежиз эмас, албатта. Чунки Каъба, Аллоҳ таолонинг муқаддас уйи ва Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача келадиган мусулмонларнинг қибласидир.
Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қиладилар:
“Ислом беш нарса устига барпо қилинди:
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва албатта Муҳаммад (с.а.в) Аллоҳнинг элчисидир” – деб гувоҳлик бермоқлик;
Намозни барпо қилмоқлик;
Закотни адо этмоқлик;
Рамазон рўзасини тутмоқлик;
Байтуллоҳни ҳаж қилмоқлик.
Юқоридаги ояти карималар ва ҳадис шарифдан маълум бўладики ҳаж, Ислом арконларидан бири экан. Бас йўлга қодир мусулмон, умри давомида бир маротаба ҳаж ибодатини амалга ошириши билан Ислом арконларидан бирини адо этган саналади.
“Ҳаж” сўзи луғавий жиҳатдан (бирор ишни) қасд, мақсад қилмоқ маъносида, шаръий истеълоҳда эса, махсус амалларни маълум бир жойда, муайян вақтда адо этишни қасд қилишдир.
Махсус жой Каъбатуллоҳ ва Арофат, муайян вақт эса ҳаж мавсуми яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг илк ўн куни ва махсус амал эса Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳамда Арофатда туришликдир.
Зеро, инсониятга ҳаёт қийинчиликларини енгиллаштириб берган Ислом, қодир бўлган кишиларга умри давомида бир марта ҳаж қилмоқликларини фарз қилди. Аллоҳ таоло ҳажни фарз қилганида Расулуллоҳ(с.а.в)дан “Ҳар йили ҳаж қиламизми?” деб сўраган кишига: “Ҳаж бир марта, кимики зиёда қилса у қўшимчадир” деб марҳамат қилдилар.
Бошқа ибодатлар сингари ҳаж ибодати ҳам, Расулуллоҳ(с.а.в) таълимотларига мувофиқ бўлсагина бу улуғ сафардан кўзланган мақсадга етилади. Расулуллоҳ (с.а.в):
“Маносикларингизни мендан олингизлар” яъни ҳажда қандай ибодат қилиш тартиб қоидаларини мендан ўрганингизлар – деб марҳамат қилдилар.
Албатта бу улуғ ибодат фақат Яратганнинг розилиги учун бўлмоқлиги лозим. Риё ва гуноҳлардан холи, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила ихлос билан амалга оширилган ҳаж – “ҳажжи мабрур” деб аталади. Бундай ҳаж хусусида Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Наби (с.а.в) дедилар:
“Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақатгина жаннатдир. Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир.”
Агар бу ибодат риёкорлик, ҳўжакўрсин ва одамлар эшитсин учун бўлса, ундай қилинган ҳаждан эгасига Аллоҳнинг ҳузурида насиба йўқдир. Аллоҳ таоло ҳадис қудсийда шундай марҳамат қилади:
“Мен шерикларнинг шерикчилигидан беҳожатман. Кимки бир амални Менга бировни шерик қилган ҳолида қилса, уни ҳам, шериклик қилган нарсасини ҳам тарк қиламан”.
Пайғамбар (с.а.в) муборак ҳадис шарифларида, ҳаж даврида гуноҳлар ва фисқу фасод ишлардан тийилиб, ҳаж амалларини адо қилган кишиларнинг онадан қайта туғилгандек гуноҳлардан пок бўлишларини хушхабарини бердилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Наби (с.а.в) дедилар: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади.”
Дарҳақиқат ҳаж, инсон ҳаётида яхшилик сари тубдан бурилиш ясайдиган жараён. Бунинг учун эса киши ўзини ўзи бошқара билиши, олдинги гуноҳ ишларни тарк қилиши ҳамда савоб ишларга ҳарис бўлмоғи лозим. Аллоҳ уни Ўзининг фазли, марҳамати билан онадан қайта туғилгандек гуноҳларидан поклагандан сўнг, бу неъматни қадрига етиб, Ватанга қайтгандан кейин ҳам, гўзал ахлоқда барчага намуна бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро мусулмонлар барча яхши ишларда пешқадам бўлмоқлари ва хусусан ҳажни ният қилган азизларимиз қуйидаги сафар одобларига риоя қилмоқлари мақсадга мувофиқдир:
Ҳаж ва умрани ният қилган киши авваламбор бу улуғ сафардан Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилмоғи ҳамда риёкорлик, одамлар эшитсин каби иллатлардан ўзини покламоғи лозим;
Сафар олдидан киши, ўзининг васият, қарз олди бердилари ва омонатларини ёзиб қолдирмоғи мустаҳаб амаллардан саналади;
Гуноҳларига қаттиқ тавба қилмоқлик ва уларни ҳеч қачон қайта қилмасликка ният қилмоқ;
Кишиларнинг унда ҳақлари бўлса ёки уларга ноҳақликлар қилган бўлса, ҳақларини эгаларига қайтариш, зулм қилган кишиларидан эса, уларнинг авф этишларини сўрашлари лозим;
Аллоҳ таоло фақатгина ҳалол моллардан қилинган нафақаларнигина қабул қилишини эътиборга олиб, ҳажга борадиган нафақаларини ҳам фақат ҳалолдан тўплашлари лозим;
Барча гуноҳлар, жумладан тил ва қўлдан содир бўладиган чақимчилик, ғийбат, билмаган нарсасини гапириш, атрофидагиларга қўполлик қилиш, ҳаж ва умрани адо этаётганларни ноқулай аҳволга солиб қўйиш кабилардан сақланиш лозим. Атрофдагиларга нисбатан раҳм шафқатли, меҳрибон ва хушмуомалали бўлиш мусулмон кишининг фазилатидандир;
Ҳаж ва умрани ният қилган киши, ҳаж ва умра амаллари қандай бажарилишини яхши билиб олмоқлари керак;
Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги фарз ва вожиб амалларни тўлиқ бажармоқликка жидду-жаҳд қилмоқлари, хусусан намозларни ўз вақтида жамоат билан адо қилиш, зикр, дуо, тиловати Қуръон ва истиғфорлар айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш каби ишларни қилмоқлари таҳсинга лойиқ ишлардандир;
Сафар давомида солиҳ ва билимдон ҳамроҳлар билан бирга бўлмоқлик ҳам мустаҳаб амаллардан саналади;
Сафарга отланган кишилар гўзал хулқлик бўлишга ва одамлар билан хушхулқлик ила муомала қилишга эътибор беришлари лозим. Бу эса ўз – ўзидан сабр қилиш, авф этиш, мулойимлик, меҳрибонлик, ҳалимлик, камтаринлик, шошқалоқлик қилмаслик, саҳоватли бўлиш, адолатли ва омонатдор бўлиш каби хислатларни ўз ичига олади;
Сафарга отланган киши ўз оиласини Аллоҳдан тақво қилишга чақирмоғи лозим. Чунки бу, Аллоҳ таолонинг бандаларга берган кўрсатмаси;
Сафарга отланган киши Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ворид бўлган дуоларни ёдлаб олмоқлиги мустаҳаб амаллардандир.
Динимиз, Ватанимиз ва халқимизнинг бирдамлиги, фаровон-осойишталиги ва тинчлигини сўраб дуо қилаётган барча юртдошларимизни Аллоҳ ўзининг паноҳида асрасин! Ҳажни ният қилган ватандошларимизнинг ҳам ҳажларини, ҳажжи мабрурлардан қилсин!
Анваржон МИРЗАЕВ
Мингбулоқ тумани
“Шохижалил” жоме масжиди
имом-хатиби
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ёшлари ўтиб, кексайиб қолган чоғларида Мусҳафи шарифни олиб, йиғлаб туриб шундай дер эдилар: “Жиҳодлар билан овора бўлиб сени ўқий олмай қолдик”.
Бу қандайин гўзал узр! Хўш, биз ўзимизни нима деб оқлаймиз?! Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу шундайин гап айтдилар, аммо биз нима деймиз?! Қиёмат кунида “Қуръони карим ўқишдан сени нима чалғитди?!” – деб сўралсак, нима деб жавоб берамиз?! Токи у бизни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат бўлиши учун кўксимизга босиб, кечаю кундуз тиловат қилиб бормаймизми?! Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг зикрини лозим тут, Қуръони карим тиловатида маҳкам бўл. Чунки бу сенинг осмондаги руҳинг, ердаги зикрингдир” [1], деганлар.
Қурони карим оятларини тадаббур қилмасдан, маънолари ҳақида фикр юритмаган ҳолда, ҳеч қандай тушунчасиз кўп тиловат қилиш асосий мақсад эмас. Агар инсон бир неча оятни тадаббур қилса, тафсир китобларига мурожаат этса ёки тафсир дарсларига қатнашса, маъноларни ўзлаштирса ва уларга амал қилса, бу иши ўша инсон учун улкан яхшилик, хайр-барака бўлади.
Имом Ғаззолий ҳазратлари бундай дейдилар: “Қуръон сиз сўрашингиз мумкин бўлган ва у сизнинг сўровларингизга жавоб бера оладиган тирик Расулдир. Сиз унга қулоқ солсангиз, у сизни қондиради”.
Қалблари иймон нури ила қоришиб кетган зотлар учун, албатта, Қуръонда шифо бордир. Яна Қуръони каримда саросима, шайтоний васвасалар, нафсу ҳавога эргашишдан сақловчи шифо бор. Қуръон ўқиган пайтимизда бизни фаришталар қуршаб олади ва улар ҳам бизга қўшилиб Раҳмон бўлган Зотнинг оятларига қулоқ тутади. Само фаришталари туни билан Қуръонга қоим бўладиган ер фаришталарига яқинлашадилар. Энди айтинг-чи, одамлар ухлаётган пайтда, тун қоронғусида биз Қуръон тиловат қиляпмизми?! Еру осмонлар Робби бизга қулоқ соладиган даражада оятларини тиловат қиляпмизми?!
Аллоҳ таолонинг шифо оятлари қуйидагилардир:
«...Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир» (Тавба сураси, 14-оят).
«Эй одамлар! Сизга ўз Раббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).
«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз...» (Исро сураси, 82-оят).
«...У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир...» (Фуссилат сураси, 44-оят).
«...Унда (асалда) одамлар учун шифо бордир...» (Наҳл сураси, 69-оят).
«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи» (Шуаро сураси, 80-оят).
Қуръони каримни тиловат қилиш, эшитиш, амал қилиш ва ҳар бир ишда ундаги ҳукмларга таяниб иш кўришдан четлашманг!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Аҳмад ривояти.