Моида сурасининг 3-оятида бундай дейилган: “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Фақат (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол). Ва бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ҳам, чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди. Бундай қилишингиз фосиқликдир… Ким гуноҳга мойил бўлмаган ҳолида очликда музтар бўлса, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”.
Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб неъматларни тановул қилишни ҳалол қилиб қўйган, барчасининг асли ҳалол. Модомики, ҳаром нарса аралашмаса, истеъмол қилинаверади. Инсон шахси ёки амалининг унга таъсири йўқ. Мисол учун, нонни олайлик. Унинг буғдойини ким эккан, ким ўрган, қандай янчилган ёки қандай қилиб нонга айлантирилган – буларнинг аҳамияти йўқ, ҳаммаси истеъмол қилинаверади. Аммо, гўшт маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Чунки гўшт тирик ҳайвондан олинади. Тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бир қанча шартлар қўйилади. Ўша шартлар вужудга келгандагина ўша ҳайвон гўшти ҳалол ҳисобланиб, истеъмолига рухсат берилади. Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳ номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади.
Ушбу оятда гўшти ҳаромга айланиб қоладиган ҳайвонлардан бир неча тоифаси зикр этилган. Ўлимтик (ўзи ўлиб қолган ҳайвон), ҳайвон сўйилганда ундан оқадиган қон ва чўчқа гўшти шулар жумласидандир. Буларнинг ҳаром қилингани ҳикматлари, тиббий сирлари ҳақида «Бақара» сураси тафсирида батафсил сўз юритилган. «Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган» ҳайвон гўштининг ҳам ҳаром бўлиши, олдин айтганимиздек, унинг иймон тақозосига тўғри келмаганидандир, уни яратган ва унга жон берган Зот номини қўйиб, бошқанинг номи ила сўйилганидандир.
«Бўғилиб ўлган» ҳайвон бўғилиш оқибатида ўлган бўлса, гўшти ҳаромдир. Унга ҳам Аллоҳнинг номи айтилмаган, ҳам қони ичига тарқаб, гўшт зарарли ҳолга келган бўлади. «Уриб ўлдирилган» ҳайвонда ҳам аввалги ҳолдаги ҳикмат туфайли ҳаромлик ҳукми бор. Бирор ҳайвонни тош, ёғоч ёки шунга ўхшаш нарсалар билан уриб ўлдирилган бўлса, унинг гўшти ҳаромга айланади. «Йиқилиб ўлган»га келсак, тоғданми, баланд жойданми йиқилиб ўлган ҳайвонларнинг гўшти ҳам ҳаром саналади.
«Сузиб ўлдирилган» – икки ҳайвон бир-бири билан сузишсаю, бири ўлиб қолса, унинг гўшти ҳам ҳаромдир. «Йиртқич еган ҳайвон ҳаром қилинди». Яъни, бир йиртқич ҳайвон мазкур гўшти ҳалол ҳайвонга ҳужум қилиб еса, ўлдирса, ундан ортиб қолган гўшт ҳаром ҳисобланади. «Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол)» Мазкур ҳолатларга дучор бўлган ҳайвонлар ўлмай туриб сўйиб юборилса, гўшти ҳалол бўлади. «Бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ҳам».
Жоҳилий арабларнинг турли бутлари бўлиб, уларга атаб жонлиқ сўйишар ва қонини ўша бутларга суртишар эди. Бундай ҳайвонларнинг гўшти, гарчи Аллоҳнинг номини айтиб сўйилган бўлса ҳам, бутларга аталгани учун ҳаромдир. Оят давомида катта маънавий ҳаром иш ҳам зикр этилган: «чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди».
Жоҳилият даврида бутхоналарда хизмат қилувчи коҳинлар ҳузурида бир махсус идишда учта ёки еттита чўп турар эди. Уларга турли иборалар,
жумладан, «Роббим буюрди» ёки «Роббим қайтарди» деган иборалар ёзилган бўларди. Бирор ишни қилиш ёки қилмасликда иккиланган одам коҳинга у-бу нарса бериб, фол очишни сўрарди. Шунда коҳин идишдаги чўпларни аралаштириб, фол очирувчига тутар, у идишдаги чўплардан бирини тортганда «Роббим буюрди» деб ёзилган чўп чиқса, ишни қилишга, «Роббим қайтарди» деб ёзилгани чиқса, ишни қилмасликка амр этар эди. Бошқа чўп чиқса, яна пул олиб, қайтадан фол очарди. Худди шу услуб қиморнинг бир турида ҳам қўлланар эди. Буларнинг ҳаммаси ҳаром қилинди. «Бундай қилишингиз фосиқликдир». Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишингиз фосиқлик, яъни, дин амридан чиқишдир. Юқоридаги ҳукмларда айрим ҳолатлардаги гўштларнинг ҳаром экани таъкидланган эди. Охирги жумлада эса, истисно тариқасида музтарлик (заруратлик) ҳолатида ҳукм нима бўлиши ўргатилмоқда. Яъни, айтайлик, инсон очликдан музтар бўлди – қийин ҳолга тушиб қолди, егани овқати йўқ, фақат ҳаром қилинган гўштлар бор, холос. Булар ҳаром, деб улардан истеъмол қилмаса, ҳалок бўлади.
Нима қилиши керак? Мана шундай ҳолда, гуноҳга мойил бўлмаган ҳолда, яъни, ўзини ҳалокатдан сақлаб қоладиган миқдорда ўша ҳаром нарсадан истеъмол қилса, бўлади. Ночорликдан қилинган бу иш учун Аллоҳ уни маломат қилмайди, жазога тортмайди. Зотан, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир.
Ирода НОДИРОВА
“Хадичаи кубро” аёл-қиз ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир кун аввал ухлашга кеч ётганим учунми, саҳарда вақтли уйғонишим қийин бўлди. Масжидда жамоат билан бомдод намозини адо этганимдан сўнг, уйга қайтдим. Бироз мизғиб олай деб, бошимни ёстиққа қўйганимни биламан, кимдир дарвозамизни қаттиқ тақиллатиб қолди. Тезда бориб, эшикни очдим. Қарасам: қўшнимиз. Кўзлари бежо. Сочлари ҳурпайиб кетган. Қўл-оёқлари қалтираётгани билиниб турибди.
– Қўшни, – деди у титраган овозда. – Шаҳарни душманлар эгаллабди. Ҳаммаси қуролланган эмиш. Нариги маҳалладаги хонадонларнинг ҳар бирига кириб, эркакларни бир машинага, кексалар, аёл ва болаларни автобусга босиб олиб кетишаётганмиш. Қаршилик қилганларни жойида отиб ташлашаётганмиш...
– Субҳаналлоҳ. Нималар деяпсиз? Қанақа душманлар? Ким айтди бу гапларни сизга?
– Ҳозир укам телефон қилди. Мактабларга, шифохоналарга ҳам ҳужум қилишибди. Шаҳар марказида ҳарбийлар билан душманлар ўртасида отишмалар бўлаётганмиш...
Шундай дея қўшнимиз нари кетиб, уйдагиларига «Бўлақолинглар, машинага ўтиринглар, шаҳардан тезроқ чиқиб кетиш керак», деб бақира кетди.
Нималар бўлаётганини тушунмай гаранг бўлиб турганимда, қўшним машинасини юргизиб, икки-уч марта сигнал берди.
Шу пайт уйғониб кетдим... Хайрият, туш кўраётган эканман. Астағфируллоҳ. Бунақа ҳолатлардан ўзинг асрагин, эй Аллоҳим. Туриб, таҳорат қилдим. Икки ракъат намоз ўқиб, Яратганга ҳамду санолар, шукроналар айтган ҳолда У Зотдан юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо сақлашини сўраб дуо қилдим. Тўғри, бу бир туш, лекин худди шу ҳолат ҳозир дунёнинг қайсидир бурчагида ҳақиқатда содир бўлмаяптими?! Тан олиш лозим: кўпчилигимиз бугун мамлакатимизда ҳукм суриб турган хотиржамликнинг қадрига етмаяпмиз.
Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган неъматларнинг сон-саноғи йўқ. Шундай неъматлардан бири хотиржамликдир. Хотиржамлик – ўзбек тилининг изоҳли луғатида «руҳан тинч бўлиш», «бамайлихотирлик», «осойишталик» маъноларини билдириши айтилган. Истилоҳда инсон учун унга бирон кимса ёки бирор нарса ҳалақит қилмайдиган қилиб берилган тинч шароитга хотиржамлик дейилади. Хотиржамликнинг акси – безовталик, кўнгли ғашлик, бетоқатлик, ташвишланиш. Зеро, одатдаги ороми, тинчи бузилган ҳар қандай киши ҳаяжон ва изтиробга туша бошлайди, ҳаловати бузилади.
Ҳадисда: «Мунофиқнинг аломати учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъдасига вафо қилмайди, агар унга омонат топширилса, хиёнат қилади», дейилган (Бухорий ва Муслим ривояти).
Афсуски, кўпчилигимиз, билиб-билмай баъзида бизга берилган бу омонатга хиёнат қилиб қўймоқдамиз. Аллоҳ томонидан бизга берилган тинчлик, хотиржамлик неъматининг қадрига етмаяпмиз. Ер юзининг баъзи нуқталарида рўй бераётган машъум воқеалардан тўғри хулоса чиқармаяпмиз...
Дарҳақиқат, бугун жаҳоннинг айрим давлатларидаги аҳвол ачинарли кўриниш олмоқда. Одамлар кўчага чиқишдан қўрқади. Болалар таҳликали ҳолатда яшамоқда. Отилган ўқлар, портлашлар шовқинидан чўчиб уйғонмоқда. Таълим олиш, ҳордиқ чиқариш, тўйиб еб-ичиш – улар учун орзу.
Алҳамдулиллаҳ, юртимизда тинчлик ҳукмрон. Кўчада хотиржам юришимиз, ишлаб, ҳалол ризқ топишимиз, фарзандларимизни қўрқмай, бемалол мактабга, боғчага жўнатишимиз – катта неъмат.
Болалигимизда нуроний отахонларимиз, ёши улуғ онахонларимиз «Тинчлик-хотиржамлик бўлсин, юртимизни ёмон кўздан асрасин, барчамизни саломат қилcин, хонадонларимиздан осойишталик аримасин, илоҳим» деб дуо қилсалар, ушбу сўзлар маъносини яхши англамас эдик. Кейинчалик бу каломлар нақадар қимматли эканини тушуниб етдик.
Уруш бу – ваҳшийлик, босқинчилик, вайронагарчилик, қон тўкилиши. Уруш бу – очлик, жудолик, таназзул, инқироз. Унинг оқибатларини айтиб адо этиб бўлмайди. Шундай экан, осмонимизни мусаффо қилиб турган Аллоҳ таолога шукр қилайлик. Қуръони Каримда марҳамат қилинади:
«Сизларга ер юзида қудрат ва имкониятлар бердик ва унда сизлар учун яшаш воситалари қилдик. Қанчалар оз шукр қиласизлар-а?!» (Аъроф сураси, 10-оят).
Ғоят қисқа иборалардан ташкил топган ушбу ояти карима чексиз ҳақиқатни, воқеликни мужассам қилгандир. Ер юзида инсонга яшаш муҳитини яратиб бериш осон иш эмас. Бу имконни яратиш учун қанчадан-қанча бир-бирига боғлиқ ишлар амалга оширилган. Аввало, олам инсон ҳаётига мосланган, кейин инсон бу дунёда яшашга мослаштирилган. Бу икки тарафлама мослашишнинг вужудга келишига сабабчи ишлар ҳақида олимлар қанчадан-қанча китоблар ёзганлар ва ёзмоқдалар ҳам. Инсон ақлини ишлатиб, дунёда унинг учун яратилган яшаш муҳитларидан ақалли бир ёки иккитасини ўйлаб кўрса, тушуниб етадики, Аллоҳга ҳар қанча шукр қилса ҳам оз экан.
Ўтган асрнинг 70-йилларида Швейцария статистика маркази эълон қилган маълумотларга кўра, инсониятнинг 5000 йиллик тарихи давомида Ер куррасида атиги 292 йил урушсиз ўтган экан. 15 500 дан ортиқ уруш, жангу жадалларда 3 миллиард 640 миллион киши ҳаётдан кўз юмган (Лихтенштейн Е., «Фан ҳақида сўз» (Слово о науке), М.: «Знание», 1976 й., 117-бет).
Шу ўринда бу урушларнинг аксарияти турли хилдаги фитнаю фасодлар, иғвою гижгижлашлар (провокациялар) оқибатида юзага келишини айтиб ўтиш лозим. Шундай экан, ҳар биримиз ўзимизни, фарзандларимизни, яқинларимизни – фитна уруғини сочувчиларнинг, йўқ жойдан жанжал-низо кўтарувчиларнинг домига тушиб қолишдан, уларнинг ҳийла-найрангларига учишдан сақлашимиз даркор.
Аллоҳ барчамизни уруш, туҳмат, офат каби бало-қазолардан сақласин. Дориломон кунларимиз бардавом бўлсин!
Шуҳрат Хўжаев