Рамазон фазилатларидан бири бу ойда Қуръони карим нозил қилинганидир. Мўминларнинг Қуръонга бўлган муносабати ҳам бу ойда янада гўзал аҳамият касб этади. Уни ўқиш, тинглаш, ўрганишга бўлган иштиёқ ортади. Минглаб қориларимиз Рамазон кечаларида хатми Қуръон ўтказилиши учун хизматда камарбаста бўлишади. Қуръон ўқилган жойга эса ҳисобсиз қут-барака инади. Қуръон ўқиган, уни тушуниб, риоя қилган кишидан эса ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.
— Қуръон ҳофизларини тайёрлаш, уларни саралаб, рағбатлантириб, қўллаб-қувватлаб бориш ишига бугун алоҳида эътибор кўрсатилаётир, — дейди Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, пойтахтимиздаги Хожа Аҳрор Валий жоме масжиди имом-хатиби Собиржон РУСТАМОВ. — Бу йил юртимиз тарихида биринчи марта республика қорилар мусобақасининг ўтказилиши ҳам ҳаётимизда улкан воқеа бўлди. Қуръони каримни ўрганиш, уни ёдлаш, қироат қоидаларини ўзлаштириш бугун бир қадар юқори босқичга кўтарилди.
— Кўпчилик Қуръони каримни ёдлашни қачондан бошлаш кераклигига қизиқади. Баъзилар бу ёш болага оғирлик қилади, деб ҳисоблашади. Бу гап қанчалик асосли?
— Болаликда зеҳн жуда ўткир бўлади. Фарзандини ҳофизи калом қилишни истаганлар ана шундан унумли фойдаланиб қолишни исташади. Ўзим тажрибамда мактаб ёшига етмасдан ёдлаганларни ҳам кўрдим. Қори бўламан деган киши ҳар куни такрордан узилмаслиги керак. Тонгда ва кечқурун бир сидра такрор қилинса, хотирага мустаҳкам ўрнашиб боради. Ўзим шогирдлар ва фарзандларимга худди шу усулни қўллаганман. Яқинда республика бўйича бўлиб ўтган қорилар мусобақасида қизим ғолиб бўлиб, умра сафарига йўлланма олди. Ҳозир пойтахтда Хожа Аҳрор Валий жоме масжидида хатми Қуръон қилиб бераётган Абдулҳафиз Аъзамжонов ва Хасибуллоҳ Захадуллаев ҳам эндигина йигирмадан ошган бўлишса-да, қарийб ўн йилдан бери хатмга ўтишади.
Қуръони каримни ёдлагандан кейин уни хотирада мустаҳкам тутиб туриш учун қорининг хулқ-атвори, аввало, Қуръонга мувофиқ бўлиши зарур. У нафақат гуноҳ ишлар, балки беҳуда гап-сўзлардан ҳам ўзини тийган, илм ва тақвода мустаҳкам, бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўладиган инсон бўлиши керак. Шундагина Қуръон унинг хотирасига мустаҳкам ўрнашади. Яна мунтазам такрор қилиш ҳам зарур. Қори бирон кунгина такрор қилмаса, бу унинг ҳифзига албатта таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳар қандай дангасалик ва эринчоқлик қорига ёт бўлиши керак. Қори илм ўрганиш, ўз устида ишлашдан тўхтаса, хотирасидаги каломни бой бериб қўяди.
— Ўзингиз илм олишга катта иштиёқ билдириб, 44 ёшингизда ҳам талаба бўлгансиз. Оила тутуми, фарзандлар тарбияси, иш ва тирикчиликдан ортиб, шу ёшда илм учун вақт ажратиш мумкинлиги кўпчилик учун ноодатий ҳолат. Шундай эмасми?
— Жаноб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бизни бешикдан қабргача илм олишга чақирганлар. Илмни ҳатто Чиндан бўлса ҳам ўрганиб келишга ундаганлар. Қуръони каримни ўқиш, ёдлаш, тушуниш ҳар биримизнинг биринчи галдаги энг муҳим ва давомий вазифамизга айланиши керак. Қуръони каримни қанча кўп ўқиб-ўргансак, унинг фазли ва баракасидан шунча кўп баҳраманд бўламиз.
Бугун, мана, алҳамдулиллаҳ, Рамазони шариф муносабати билан мамлакатимизнинг ҳамма масжидларида таровиҳлар ўқиляпти, уларда хатми Қуръон қилиняпти. Қуръон тинглашга келганлар ҳатто масжидларимизга сиғмай кетяпти. Бу — халқимизнинг Қуръони каримга муҳаббати, ихлоси ва эҳтиромининг бир кўриниши. Ахир ёшу кексани бир неча соатлар давомида намозда тик туриб Қуръони каримни тинглашга ундаган нарса шу эмасми?.. Бизнинг масжидимизда ёши улуғ отахонлар ҳеч қийналмасдан, малолланмасдан, ва аксинча, ғайрат-шижоат билан тиловатни тинглаётганларини кўриб тўлқинланиб кетасан киши. Улар билан гаплашганимизда хатми Қуръондан сўнг ўзларида ажиб бир енгиллик ҳис қилишганини айтишади. Улар орасида ёши тўқсонга чиққанлари ҳам бор. Аслида кексаликнинг ўзи бир тузалмас дард. Лекин инсон Алллоҳ таоло берган умрни буюрилганидек тасарруф қилса, ҳеч нарса қийин ва оғир бўлмайди. Яқинда бир юз беш ёшли отахон ҳақида эшитдим. У инсон шу ёшда ҳам ўзларини тетик-бардам ҳис қилиб, Рамазоннинг фарз қилинган рўзасини тутаётган эканлар. Мана шижоат! Агар қалбда бирон бир яхшиликни қилишга ният ва ихлос бўлса, у иш қанча мураккаб бўлишидан қатъи назар Аллоҳ бандасига уни осон қилиб, бандани унга муваффақ қилиб қўяди.
— Яъни, Қуръони карим хасталикларга ҳам даво бўлади, шундайми?
— Йўқ, даво эмас, шифо бўлади. Аслида даво — касалликнинг муолажаси учун бирон ҳаракат қилишдир. Даво воситасида касаллик қисман ёки тамоман бартараф қилиниши мумкин. Шифо эса ҳеч қандай шак-шубҳасиз хасталикни буткул тузатадиган нарса. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони карим Исро сурасининг 82-оятида шундай марҳамат қилади:
«Биз Қуръонни шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз».
Аҳамият беряпсизми? Қуръон даво дейилмаяпти. Оятда айнан шифо сўзи бор. Қуръони карим нафақат инсон жисми, ҳатто жонсиз ва қаттиқ жисмларни ҳам тозалаб-покловчи энг буюк шифо манбаидир. Шунинг учун Қуръон ўқилаётган жойга кўпинча бирон идишда сув қўйиб қўйишади. Боиси — ўша тиловат сувга катта ижобий таъсир ўтказади ва уни ичган кишида ҳам шу таъсир сезилади.
Қуръони каримдан чинакам шифо топиш учун инсоннинг ўзига боғлиқ бўлган жиҳатлар ҳам бор.
— Улар ҳақида ҳам айтиб бера оласизми?
— Бу ҳар бир инсоннинг Қуръони каримга бўлган муносабатида акс этади. Мен Миср, Саудия Арабистони, Туркия каби қатор давлатларда бўлганимда Қуръонга ҳар бир халқнинг ўз ёндашуви борлигига гувоҳ бўлганман. Булар Китобни ўқиш-тиловат қилиш, тушуниш — маъно таржималар ва тафсир қилиш, унга амал қилиш ҳамда Қуръони каримга бўлган эҳтиромда кўринади. Уламоларимиз Қуръони каримга муносабатда бир юз элликдан ортиқ одоб борлигини айтишган. Масалан, Қуръон ўқувчи, аввало, бадан ва кийим поклигидан ташқари, хушбўй бўлишга ҳам алоҳида эътибор қаратиши, Мусҳафни ҳамиша тепада тутиши, қиблага юзланиб, тепароқ жойда ўтириб тиловат қилиш, ўқиганини тушуниб тафаккур қилишга интилиши ҳамда унга амал қилишда бошқаларга ўрнак бўлиши кабиларни санаб ўтишган. Шунингдек, хонанинг Қуръон турган тарафига оёқ узатиш, ўша хонада ухлаш ҳам беодоблик саналади.
— Бу йил тарихимизда биринчи марта юртимизда Қуръони карим нашр этилди. Сотувга чиқарилган куни уни харид қилмоқчи бўлганларнинг узун навбати ҳосил бўлди. Кўпчилик одамларимизнинг бу илоҳий китобга бўлган муҳаббатини олқишласа, баъзилар шунча Қуръон ўқисак ҳам ҳаётимизда унинг таъсири кўп эмаслигини ҳам мулоҳаза қилишди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
— Иккала мулоҳазанинг ҳам ўз навбатида, ўринли жиҳатлари бор. Юқорида айтганимиздай, маъноларини тушунмасдан ўқиш ва эшитишнинг ҳам катта фойдаси бор. Шу билан бирга, Қуръони карим фақатгина тинглаб ё ўқиб қўявериш учунгина эмас, инсониятга то қиёматгача дастуриламал сифатида нозил қилинган. Ана шу буюк ҳақиқатни англаш ва англатиш — вазифамиз. Биргина оят ёки ундаги биргина сўз ҳақиқатига етиш учун аждодларимиз бутун бошли катта-катта фан соҳаларига пойдевор қўйиб кетишган. Барча китобларга Қуръоннинг ҳошияси сифатида қарашган. Бу дегани ҳамма илмларнинг асоси Қуръони каримга бориб тақалади, деганидир. Ёзилган китобларнинг барчаси Қуръони каримдаги қайсидир ҳақиқатни изоҳлаш-тушунтириш йўлидан боради. Афсуски, ўтган асрда бундай қарашлар бизга унуттирилди. Натижада, кўплаб илмлар илдизсиз дарахтдек муаллақ, тушунарсиз бўлиб қолди. Масалан, математиканинг асоси мерос тақсимоти ҳақидаги тўрт-бешта оят эканини бугун кўпчилик билмайди.
Имом Замахшарий, Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби олимларимиз Қуръони каримни ҳар бир фаннинг асоси сифатида тушунишган. Алломаларимиз жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшишганининг боиси ҳам шунда.
Бу йил юртимизда республика миқёсида Қуръони карим мусабоқаси ўтказилди. Унда турли ёш тоифалари бўйича барча хоҳловчилар иштирок этди. Олдинги йиллари бундай мусобақалар тор доирада, фақатгина диний таълим муассасалари талабалари ва диний ходимлар орасида ўтказиларди. Бу йилгиси эса Қуръонни ўрганишда салмоқли бир қадам бўлди. Энди эса унинг маъноларини ўрганиб, буюк аждодларимиз ишларининг давомчисига айланишимиз керак.
манба: http://od-press.uz
Сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг барча йўналишларига ижобий таъсир кўрсатиб, халқимизнинг турмуш сифати ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, инсон манфаатлари устуворлиги, фуқароларнинг кафолатланган ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар жамиятнинг ҳар бир қатлами ҳаётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди. Мазкур жараёнларнинг ҳуқуқий замини сифатида эса янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши алоҳида аҳамиятга эга.

Қолаверса, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар тасодифий эмас, балки халқимиз муаллифлигида ишлаб чиқилган йирик стратегиялар – “Ҳаракатлар стратегияси”, “Тараққиёт стратегияси” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига асосланади. Бу стратегияларда ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш, инсоннинг ўз имкониятини тўла намоён қилиши учун барча шарт-шароитларни яратиш энг устувор вазифалар қаторида белгилаб қўйилган.
Ҳуқуқий ислоҳотлар ва халқпарвар сиёсатнинг изчиллик билан амалга оширилиши эса, Конституцияни ҳам замон талабларига мос ҳолда янгилаш заруратини юзага келтирган эди. Шу боис, конституциявий ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимиз, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши зарурлиги қатъий талаб сифатида белгилаб қўйилди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлди.
2017 йилдан бошлаб амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида қонунларимизда инсонпарварлик мезонлари кучайтирилган бўлса-да, амалиётда айрим ҳолларда давлат хизматчилари томонидан қонун нормаларининг нопрофессионал ёки бир ёқлама талқин этилиши фуқароларда адолатсизликка нисбатан эътирозларни келтириб чиқарар эди.
Шу боис, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур эканлиги янги норма сифатида белгиланди. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилди, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинди. Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланди.
Илк маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги конституциявий норма сифатида белгиланди. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.
Қолаверса, янги таҳрирдаги Конституциянинг энг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистон тарихида илк марта “ижтимоий давлат” сифатида ҳуқуқий мақомга эга бўлди. Бу ўзгаришнинг моҳияти шундаки, инсонга эътибор ва ғамхўрлик давлат фаолиятининг энг устувор йўналишига айланди.
Конституциянинг 14-моддасида давлат фаолияти инсон фаровонлиги ва жамиятнинг барқарор ривожланишига қаратилгани белгилаб қўйилган бўлса, 43-модда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни камайтириш борасида давлатнинг аниқ мажбуриятларини белгилаб берди.
Бош қомусдаги бу каби ўзгаришлар мамлакатда ижтимоий адолатни қарор топтириш, аҳолининг эҳтиёжи баланд бўлган ижтимоий қатламларини қўллаб-қувватлаш, ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, янги ислоҳотларга мувофиқ, эндиликда шахс суд қарорисиз 48 соатдан зиёд ушлаб турилиши мумкин эмас. Ушлаб туриш қонунийлиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилинади. Қолаверса, шахсни ушлаш пайтида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари тушунтирилиши шарт. Айбланувчи ўзини айбловдан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, ўзига қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи (“Миранда қоидаси”) конституциявий нормага айланди.
Бу ўзгаришлар инсон шаъни, қадри ва эркинлигини таъминлашда халқаро стандартларга мос ҳуқуқий механизмлар жорий этилганини англатади.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаб, ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт кафолатларини яратиб берди. Инсон ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш, қонунийлик ва адолат каби соҳаларда жорий этилган янги нормалар юртимизнинг истиқболдаги фаровон тараққиётига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда бугунги Конституция – бу фақат қонунлар тўплами эмас, балки халқимиз қадриятлари, интилишлари ва Янги Ўзбекистоннинг келажак стратегиясини белгилаб берувчи бош дастур бўлиб қолмоқда. У жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилувчи, инсон қадрини улуғлайдиган, адолат ва қонунийлик устувор бўлган янги ҳуқуқий маконни яратиб берди.
Муқаддасхон АҲМЕДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА