Риё – бу қилаётган амални, гапираётган гапни, қилаётган ниятини атрофдагилар билсин дея бажаришидир. Бирор яхшилик қилаётган бўлса, одамлар мени яхши инсон десин, молидан инфоқ қилаётган бўлса, мени сахий десин, ибодат қилаётган бўлса, инсонлар мени тақволи экан, деб ҳаракат қилишдир.
Динимизда бу гуноҳи азим ҳисобланади. Бу хусусда оятлар, ҳадислар бор. Жумладан, Қуръони каримда бу гуноҳнинг оқибати қуйидаги мисол билан келтирилади: “Остидан анҳорлар оқиб турувчи, хурмою узумлари бор, турли хил мевалари мўл боғи бўлган бир одам ўзи кексайиб, нотавон(ёш) болалари билан қолган пайтида ўша боғини оловли тўфон уриб, ёниб кетишини хоҳлайдими? Тафаккур қилурсизлар, деб Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”. Бу мисол савобли ишларни одамлар кўзи учун қиладиган кишиларга танбеҳдир. Риёкор одам ҳам охиратда ажру-савобдан бебаҳра қолади. Оятда ҳам гўё ҳамма нарсага эришган одамнинг бутун бойлиги бир зумда олов туфайли йўқ бўлиб кетиши риёкор одамнинг мисолига ўхшайди. Энг ёмони бу дунёда молу-давлатдан бир зумда ажраган инсон яна ҳаракат қилиб унга эга бўлиши мумкин, лекин бутун ҳаёти давомида яхши амаллар қилган, садақа, эҳсонлар қилган, нафл ибодатлар қилган, Қуръон тиловати билан машғул бўлган одам охиратда булар эвазига ҳеч бир савобга эга бўлмаса бундан катта ҳасрат, надомат бўлмайди.
Ҳадиси шарифларда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гуноҳдан қайтарганлари, хавфсираганларини кўрамиз. Ибн Лубайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан энг хавфсирайдиган нарсам – махфий ширкдир”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?” деб сўрашди. У зот: “Бу – риёдир”, деб жавоб бердилар.
Динимизда бир қанча гуноҳи кабиралар бор, бировнинг ҳаққини ейиш, зино, ўғирлик, туҳмат ва бошқа гуноҳлар. Раббимиз ҳақиқий тавба қилиб, бу гуноҳларга бошқа қайтмасликка аҳд қилган кишини гуноҳини кечиши мумкин, аммо ширкни кечирмаслигини Ўз каломида баён қилган. Ҳадисда риё ширкка далолат қилиши айтилмоқда. Ундан ҳар бир мўмин-мусулмон эҳтиёт бўлиши керак. Чунки риё қалбни қорайтиради. Қалб қорайган сари унда холис ният ва ихлос қолмайди. Қорайган қалбга ҳикмат ёғдуси таъсир қилмайди. Оқибатда бошқа гуноҳларни қўрқмасдан қиладиган бўлади. Инсон қилаётган амалига озгина риё аралашса, бу ибодатидан фойда йўқ. Агар у риё билан намоз ўқиса, закот берса, ҳаж қилса, Қуръон ўқиса, инфоқ қилса булардан фақат машаққат чеккани, ҳамда Аллоҳ таолога осий бўлгани қолади, холос.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида: «Эй имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб,) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Зотан, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай» (264-оят), деб огоҳлантирган.
Шунингдек, “Нисо” сурасида: «Мол-мулкларини одамлар кўрсинга (риёкорлик билан) эҳсон қиладиган, (аслида эса) Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам имон келтирмайдиганларни (Аллоҳ севмайди). Кимгаки шайтон дўст бўлса, нақадар ёмон дўст у!» (38-оят), дейилади.
Кўриниб турибдики, юқоридаги оятларда риё қаттиқ қораланади. Одамларнинг мақтовини истаб ёки бировлар кўрсин учун қилинган амаллар эвазига Аллоҳ таоло бу дунёда банданинг мақсадини ҳосил қилади. Аммо, охиратда савоб ато этмайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Ким бу дунёда бирор амални одамлар эшитсин деб қилса, Аллоҳ уни одамларга эшиттириб қўяди. Ва ким одамлар кўрсин деб қилса, Аллоҳ уни одамларга кўрсатиб қўяди”. Демак, бу дунёнинг обрўсини истаб қилинган амалга фақат бу дунёнинг ўзидагина мукофот берилади, охиратда эса насиба бўлмайди. Мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ таоло учун бажармоғи лозим. Одамларнинг мақтовини истаган киши эса икки дунё саодатидан ажраб қолиши мумкин. Аллоҳ барчамизни ўзига ихлос билан адо этадиганлардан қилсин.
Кенжабек СОЛИЕВ
Чуст тумани “Ғойиб Эронлар” масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
1. Макка.
«Макка»нинг луғавий маъноси ҳалок этди, ноқис қилди, демакдир. Бу юртнинг Ҳарам деб номланишига сабаб — у гуноҳларни камайтиради ва уларни йўқ қилади ёки у ерда зулм қилган киши ҳалок этилади. Яъни, у зўравонларни ҳалок қилади, ғурурларини кетказади.
2. Бакка.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй Баккадаги уйдир» (Оли Имрон сураси, 96-оят).
«Бакка» сўзининг луғавий маъноси бузиш, ажратиш, бекор қилиш, ифтихорни рад қилиш, пасайтириш, бўйсундириш, деганидир. Макканинг Бакка деб номланиши у ерда одамларнинг издиҳом қилиб тўпланиши ёки Макка зўравонларининг бўйинларини эгиш маъноси борлиги сабабидандир. Зеро, Аллоҳ таоло зўравоннинг ғурурини синдирганидан кейингина у Маккани қасд қилади. Макка мутакаббирларининг ғурурини пасайтириш маъносидадир. Бакка деганда ирода қилинадиган жой ҳақида тўртта қавл бор:
- у Каъба жойлашган ўриннинг исмидир;
- у Байтуллоҳнинг атрофи, Макка ва унинг ёнидаги жойлардир;
- у масжид ва Байтуллоҳнинг номидир;
- Макка – ҳарамнинг ҳаммаси учун қўйилган исм. Албатта, Бакка – бу Макка деганидир. («Зод ал-Мусир фи илмит-тафсир», «Қомус ал-Муҳит»)
3. Уммул-Қуро.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:
«Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги китобларни тасдиқлайдиган, барча қишлоқларни (ва шаҳарларнинг) онаси – маркази бўлмиш (Макка аҳлини) ҳамда унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Ўзимиз нозил қилган Китобдир» (Анъом сураси, 92-оят).
Макка — қишлоқларнинг онаси. Унинг бундай деб номланиши ҳақида ҳам тўртта сўз бор:
- Ер Макканинг пастки қисмидан текисланган. У ернинг киндигида ва дунёнинг ўртасида жойлашгандир. Яъни, ер курраси сатҳидаги қуруқликдир. Маккаи Мукаррама атрофида ер юзи тартиб билан тақсимланган. Макка қуруқ ернинг маркази ҳамда ер курраси сатҳидаги барча шаҳарлардан намоз учун юзланиладиган томондир.
Илмий фалакиёт тадқиқотлари Маккаи Мукарраманинг кўксига бино этилган Каъба Ернинг марказида, деб исботлаган.
- У ер энг қадимий жойдир.
- Каъба барча одамлар юзланадиган қибладир.
- У обрў-эътибор жиҳатидан қишлоқларнинг энг буюгидир.
4. Ал-Балад.
Бу ерда «балад» сўзидан мақсад Маккадир.
5. Баладул амин.
Ибн Жавзий: «Бундаги шаҳар Маккаи Мукаррамадир. Жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам қўрқоқлар бу шаҳарда омон юришган», деганлар.
6. Балдату.
Ибн Жавзий: «У Макка шаҳри», деб айтганлар.
7. Ҳароман амина.
Бу шаҳар тарих мобайнида қандай дин ёки мазҳаб бўлишидан қатъи назар, тинч-осойишта бўлиб келган. У ерга фақат эҳромдагина кирилган. Агар бирор хавф етгудек бўлса, ўша тинч жойга қочиб киришган. Бу осойишталик нафақат инсон, балки ҳайвонот ва набототни ҳам ўз ичига олган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: «Албатта, бу шаҳар еру осмон халқ қилинганидан бери Аллоҳ у ерда (ҳайвон овлаш, ўсимликни пайҳонлашни) ҳаром қилган», деганлар.
То қиёмат кунигача Аллоҳ ҳаром этгани сабабли у ерда бирор тиканни узиш ёки овни ҳайдаб кетиш ҳаромдир.
8. Водин ғойри зий заръин.
Ибн Жавзийнинг айтишларича, «экин ўсмайдиган водий» Макка шаҳри бўлиб, у ерда экин ўсмайди, сув ҳам бўлмайди.
9. Маъад.
Ибн Аббос айтадилар: «Яъни, сизни Маккага, албатта, қайтаргувчидир».
10. Қоря.
Ибн Жавзий: «Қишлоқдан мурод, Макка шаҳридир», деганлар.
11. Масжидул Ҳаром.
Бундан тўрт маъно назарда тутилади:
- Каъба;
- Каъба ва унинг атрофидаги масжид;
- Макканинг жамики жойи;
Қатода: «Масжидул Ҳаром Маккадир», дедилар.
- Ҳарамнинг барча жойи;
Ибн Аббос ва Ато: «У Ҳарамнинг жамики еридир», дейишган.
«Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.