Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси Серикбай ҳожи Ўраз билан учрашди. Ушбу учрашув Чимкент шаҳрида «Қозоғистон—Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи» мавзусидаги халқаро форум доирасида бўлиб ўтди.
Икки мамлакат муфтийлари ўзбек-қозоқ биродарлигини янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдилар.
Қозоғистон муфтийси Серикбай ҳожи Ўраз ушбу йилда Марказий Осиё уламоларининг Рамазон ойи бошланиши ва Рамазон ҳайити саналарини биргаликда кенгашган ҳолда белгилаганлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
"Бу тарихий қарор - бизнинг диний бирдамлигимизнинг ёрқин намунасидир. Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан ҳамкорликнинг янги қирраларини кашф этишимиз, мавжуд йўналишларда ҳаракатларни фаоллаштиришимиз ва тизимли равишда амалга оширишимиз зарур", деди Серикбай ҳожи Ўраз.
Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам юқори даражада ташкил этилган анжуманга таклиф этгани учун миннатдорлик билдирди. Диний соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликда ўзбек ва қозоқ тилларидаги диний китоблар нашр қилиш, ёшларни тарбиялаш борасида тажриба алмашиш, икки мамлакат муқаддас қадамжоларига зиёратни ташкил этиш бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш борасида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатга кирадиган илк тоифа тундаги тўлин ой суратида бўлади, уларнинг кетидан кирадиганлари самодаги энг порлоқ юлдузданда нурафшон ҳолда бўлади, улар бавл қилмайдилар, ҳожат ушатмайдилар, туфламайдилар, улар бурун ҳам қоқмайдилар. Уларнинг тароқлари тиллодан, (баданларидан оқадиган) терлари мушк, тутатқилари “улувва” ёғочи, уларнинг жуфтлари ҳуру ъийнлардир. Жаннатга кирувчиларнинг ҳаммалари бир кишининг суратидек оталари Одам алайҳиссаломнинг кўринишларида бўлишади”[1], деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир хоналар борки, ичидан таши кўриниб туради ва ташидан ичи кўриниб туради”, деганларида, бир аъробий ўрнидан туриб: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу хоналар ким учун?” деб сўради. “Сўзини ширин қилган, таом улашган, рўзада бардавом бўлган, одамлар ухлаб ётган тун пайтида намоз ўқиган одам учундир”[2], дедилар.
Жаннатлардаги энг улкан неъмат Раҳмон – Аллоҳ таолонинг жамолини кўришдир. Аллоҳ азза ва жалла: “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Эзгу иш қилганларга гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир. Уларнинг юзларини қоралик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар”,[3]дейди.
Оятдаги “гўзал оқибат”дан мурод – жаннат. “Зиёда неъмат” эса, Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга мушарраф бўлишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ё Роббим! Мен Сендан жамолингга назар солиш лаззатини, зарар етказмайдиган ҳамда залолатга бошловчи фитнага учрамаган ҳолда Сенга йўлиқишни сўрайман”, дея дуо қилар эдилар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1]Муттафақун алайҳ.
[2]Имом Термизий ривояти.
[3]Юнус сураси, 25–26-оятлар.