Вақф хайрия жамоат фонди ҳисобига 19 июнь куни 1 532 664 548 сўм келиб тушди.
Шундан:
Закот, ушр, фитр ва фидя учун: 167 630 878 сўм
Хайрия учун: 1 314 202 272 сўм; сўм;
Вақф учун: 50 831 398 сўм келиб тушган.
15, 15, 17, 18 июнь (банк иш куни бўлмаганлиги учун битта қилиб эълон қилинмоқда) кунлари 1 339 631 006 сўм келиб тушган эди.
Умумий ҳисобда фонднинг ҳисоб рақамида 3 264 311 833 сўм йиғилди.
Нима учун ҳисоб рақамларга кўп пул тушди?
Ўзбекистондаги барча масжидларнинг ҳайит кунги тушумлари Вақф хайрия жамоат фонди ҳисоб рақамларига ўтказилмоқда. Шунинг учун фондга маблағлар сезиларли даражада ошиб кетди.
Масжидлар пулсиз қоладими? Эҳсон пуллари энди вақфга тегишлими?
Йўқ, масжидлар пулсиз қолмайди. Эҳсон пуллари ҳам масжидларга тегишли бўлиб қолади. Аввал бўлиб келган тизим давом этади. Яъни, аввал масжидлар тушган маблағларнинг маълум қисмини мусулмонлар идорасига, маълум қисмини вилоятдаги вакилликларга ўтказишар эди. Вақф хайрия жамоат фондига юклатилган вазифа шундан иборат-ки, эндликда фонд маблағларни тақсимловчи бўлади. Бу нима дегани, эндиликда фонд масжидларга маблағларини тақсимлаш билан биргаликда уларнинг эҳтиёжи учун керак бўлган суммани ҳам беришни, масжидларни қайта қуриш ёки таъмирлашни ҳам ўз зиммасига олади.
Одамларнинг хайрия пуллари масжидларнинг пули билан бир ҳисобда турадими?
Йўқ, одамларнинг хайрия пуллари масжидлар билан бир ҳисобда турмайди. Эндиликда фондда масжидлар учун алоҳида ҳисоб рақам очилган бўлиб масжидлар билан боғлиқ ишлар ўша ҳисоб рақамда олиб борилади. Одамлардан келаётган хайрия маблағлари хайрия ишларига сафарбар этилади.
Вақф хайрия жамоат фонди барча саволлар учун очиқлигини, исталган савол ёки мулоҳаза юзасидан фондга мурожаат этиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Мурожаат учун телефон: +99871 1506436
Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Келинг, ўзимизга бир неча саволлар берайлик. Исроф нима? Ибодатга сарф қилинган пул қачон исроф ҳисобланади? Умрага бораётган инсон садақа қилишга мажбур, Туркияга бораётганларга бу шарт эмасми? Тўйда минг долларга мебел олиш зарурат, қайта-қайта ҳажга бориш ортиқча иш бўлиб қолдими? Ўзи нафл ҳаж ва умраларга салафи солиҳларимиз қандай қарашган? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта умра қилганларида Мадинадаги барча эҳтиёжларни раво қилиб, кейин кетганларми? Энг муҳим савол: Динга адовати бор кимсалар, мусулмонларнинг иймоний эҳтиёжларини қачон эҳтиёж ўрнида қабул қиласиз?
Ушбу кичик мақоламизда, қайта-қайта умра қиладиган инсонларни бошқа эҳтиёжларга пул ажратмаганликда айблашни шаръий мезонда таҳлил қиламиз. Ҳақиқатан ҳам ислом динида кўп бора умра қилиш хуш кўрилмайдими? Бу муборак сафарга муккасидан кетиш умрни ва маблағни исроф қилишга кирадими? Аввало, исроф нималигига бироз тўхталсак.
Исроф нима? Исрофга бир қанча таърифлар берилган. Шулардан асосий учтасини келтирамиз:
Исроф – тўхташ талаб этиладиган чегарани бузиб ўтишдир (Тафсиру ғарибил Қуръан, 3/147)
Исроф – шариатда ман қилинган ҳар қандай ишни қилишдир (Таъвилоту аҳли сунна, 3/25)
Имом Журжоний: Арзимаган ишга кўп пул сарфлаш исрофдир, деган (Мавсуъатул ахлақил исламия, 2/109)
Демак, нафл умра қилувчиларни исрофгарликда айблайдиганлар наздида умра арзимаган иш экан. Дарвоқе, бир танишим икки марта Тайланд давлатига бесабаб бориб, бир нечта умранинг пулини ишлатиб келганда биронта одам уни исроф қилганликда айбламади, аксинча, дам олиб келади-да, дейишди. Энди ўйлаб кўринг, соҳил бўйида дам олиш эҳтиёжу, иймоний ҳирсини қондириш эҳтиёж эмасми?
Юқоридаги таърифлардан маълум бўладики, тўхташ талаб этилган чегарадан нариси исроф ҳисобланар экан. Шариатда умранинг чегараси борми? Бирон китобда фалон ададдан кейинги умра макруҳ дейилганми? Истинжода кўпроқ тош ишлатишнинг ҳукмига тўхталиб ўтган шариат умранинг ададига ҳам тўхталиши керак эди. Бироқ нега сукут қилди. Чунки Аллоҳнинг наздида бу ибодатнинг исроф адади йўқ. Аксинча, умрани қайта-қайта қилишга ишора қилувчи ҳадис бор: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра кейинги умрага қадар орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” деганлар. (Муттафақун алайҳ).
Такрор ҳаж ёки умра қилиш ўрнига муҳтожларга ёрдам бериш борасида салафи солиҳларнинг муносабатлари қандай бўлган?
Абдураззоқда келади: Товусдан сўрашди: Нафл ҳаж афзалми ё садақами? У киши ҳажнинг афзал эканига ишора қилиб: “Сафар, бедорлик, тик оёқда юриш, Байтни тавоф қилиш, Байт олдида намоз ўқиш қаерда-я” деди.
Бу масалага мазҳаббоши мужтаҳидлар хулосаси қуйидагича бўлган:
(Бу қавлларда нафл ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Зотан, фарз ҳажнинг садақадан устун экани кундек равшан).
Нафл ҳажнинг садақадан афзал экани барча уламолар бир овоздан айтган қавл эмас, албатта. Баъзи олимлар наздида нафл умра ёки ҳаж ўрнига садақа қилиши мустаҳаб. Бироқ шуни унутмангки, садақа қилмай умра қилаётган инсон узоғи борса, мустаҳаб амални тарк қилаётган бўлади. Ҳолбуки, бир киши мустаҳаб амални тарк қилгани учун биров унга танбеҳ бериш мумкин эмас, илло қўл остидаги кишиларга мумкин (Анваршоҳ Кашмирий, Файзул Борий, 2/406).
Албатта, очарчилик келса, бошқаларга ёрдам бериш ҳатто фарз ҳаждан ҳам афзал бўлиши мумкин. Бироқ бизнинг жамиятимиздаги ҳолат очарчилик замонига тушмайди. Қанчадан қанча оилалар оч-ку, дейишингиз мумкин. Бироқ бу ҳолат доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Қолаверса, нега ўша оч оилалар ўзингиз тансиқ таомларни пайдар-пай еганингизда эсингизга келмай, биров ибодатга бормоқчи бўлганда тинчингизни бузади?!
Иброҳим алайҳиссалом аҳли ва фарзандини Маккага ташлаб келиб, Аллоҳ таолога шундай дуо қилади: “Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга моил қилиб қўйгил” (Иброҳим сураси, 37-оят).
Айтингчи, баъзи мусулмонларнинг Маккага муҳаббати қаттиқ бўлса, ҳар йили умра қилиб келмаса қалби хотиржам бўлмаса, бу Иброҳим алайҳиссаломнинг айни дуоларига мос ҳолат эмасми? Оят тафсирида Суддий: “Оят мусулмонларнинг қалбларини Маккага талпинадиган қилгин, деган маънода” деган.
Ҳа, бизнинг Маккага муккамиздан кетишимиз Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси ижобатидир. Иброҳим ўша дуода қайта-қайта боришни эмас, балки шунчаки муштоқ бўлиб яшашимизни сўраган, десангиз, унда Иброҳим бизга азобни сўраган эканда. Зотан, висолсиз иштиёқ азобдан бошқа нарса эмас.
Исломнинг устуни бўлган зотлар неча марта умра ва ҳаж қилишганини бир сира кўриб чиқиб, мақоламизни якунлаймиз.
Бу рўйхат шунчалик узунки, йиғсангиз китоб бўлади. Ундан кўра, нафл ҳаж ва нафл умра қилмаганларни санаш осонроқ бўлса керак. Энди ўйлаб кўринг, уларнинг замонида жамиятда пулга муҳтожлар йўқмиди? Фақирлар тугаганмиди? Йўқ, албатта. Лекин бирон олим уларни бировга пул бермаслигда айблаган эмас.
Биродарлар! Бу таҳлилимиздан мақсад бировни қайта-қайта умрага боришга тарғиб қилиш эмас. Балки умрага бораётганларни танқид қилаётганларни огоҳлантириш. Ҳар ким ўзи топган пулига ўзи хўжайин. Ўзингиз зарур бўлмаган нарсаларга пул сарфлаб туриб, кўзингизга бировнинг умра пули кўринмасин. Буни инсон ўзи илғамаса-да, тагида ҳасад ва адоват ётади. Қалбингизни кенг қилинг. Қалби Макка ёки Мадинага боғланиб қолганлардан кир изламанг, аксинча, “Муҳаббати кучли-да”, деб қўйинг бас. “Одамлар бошқа ниятда умра қилишга ўтиб кетишяпти” деган важҳ ҳам ўтмайди. Бу муаммо одамларни умрадан совутиш билан ҳал бўлмайди, балки уларга ихлосни ўргатиш керак. Зотан, ёмон ниятда намоз ўқийдиган одамни намозни тарк этишга чақирилмаганидек, бошқа ибодатлардан ҳам турли баҳоналар билан одамларни қайтариш жоиз эмас.
Абдулбосит Абдулвоҳид