Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Ишнинг боши яхши ният

19.06.2018   3585   3 min.
Ишнинг боши яхши ният

Уламолар ниятни руҳга, амални жисмга қиёслаб, ният бўлмаса амал суратдан бошқа нарса эмас, дейишган. Шу боис, улуғлар амални ниятсиз бошламаганлар. Ислом оламидаги кўпгина беназир асарлар “амаллар ниятга боғлиқдир”, “ҳар кимга ният қилгани бўлади” каби муборак ҳадислар билан бошланади. Хусусан, асарлари жаҳон маданияти ва маърифати дурдоналари бўлган Жалолиддин Румий “Ичиндаги ичиндадир” асари “Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир...” ҳадиси билан, Шайх ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг “Ҳикамул атоийя” китоби эса “Тойилиш вужудга келганда умидсиз бўлиш амалга суянишнинг аломатларидандир” ҳикмати билан бошланади. Тафаккур қилинса, бу асарларнинг муқаддимаси моҳияти ният билан боғлиқ.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Хислатли ҳикматлар шарҳи” тўпламини “Бандаларига нафсларини поклашни ва хулқларини сайқаллашни фарз қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!” дея бошлайдилар.

Аслида “Бисмиллоҳсиз бошланган ишнинг охири кесикдир” деган ҳадис ҳам банданинг ниятига бориб тақалади. Ҳаётда кунда, кун ора ниятнинг нақадар аҳамиятли эканига гувоҳ бўламиз.

Фарзандини ёлғиз боши билан вояга етказган бир опа тўрт-беш йил олдин “Вақти-соати келиб, қизимнинг ўқишга киришига яраб қолар”, деб жамғарган пулини савдогарга фоиз ҳисобидан бериб қўйган экан. Қарангки, ўша қизнинг тўплаган бали давлат ҳисобидан ўқийдиган ёки шартнома асосида таълим оладиган гуруҳнинг эмас, қўшимча шартнома (супер контракт) эвазига ўқийдиган гуруҳнинг рўйхатида турибди-да. Опа ҳисоблаб кўрса, ўтган йиллар ичида пули болалаб-болалаб етмиш миллионни “пайдо қилибди”. У судхўр шеригининг олдига шошди. Шерик эса бундан икки-уч йил бурун касодга учраб, қарзлар ботқоғидан чиқолмай қолганди. Ёрти ниятли опа қанчалик чиранмасин, ундан пулини ололмади. Оқибатда, ўзи ўйлаган мезондан дақиқроқ ва қатъийроқ низомларнинг борлигига, ишнинг натижаси ният билан хайрли бўлишига тан берди.

Энди мана бу воқеани мулоҳаза қилайлик:

...Бундан анча йиллар аввал бир никоҳ ўқилди. Мулла Дўстмуҳаммад домла (Аллоҳ раҳмат қилсин)  ақдни боғлашдан олдин маҳрни икки миллион этиб белгиладилар. Ҳамма ҳайратланди (Ўша пайтда икки миллион анча катта пул эди). Сўнг лафзларини жамоатга ҳавола этиб, уларнинг изни билан Аллоҳ ризолиги учун бир миллиондан, Расули Акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) розилик, шодлик ва хотиротлари юзасидан беш юз мингдан, ўша ерда жамланган ва жамланмаган мўминларнинг ҳурмати риоясидан икки юз эллик мингдан кечиб юбордилар. Маҳр пули икки юз эллик минг сўм қолди.

Бу воқеадан сўнг қўлдан катта миқдордаги пул бой берилгани учун келин бўлмишнинг қариндошларидан баъзилари куйинди, аммо келиннинг ўзи никоҳ арафасида шунча яхшиликни қўлга киритибман-а, деб хурсанд бўлди. У аёл ҳалигача ўша воқеани шукрона, миннатдорчилик билан эслайди.

 

Муслима Ҳусниддин қизи

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Асло таслим бўлманг!        

31.01.2025   103   2 min.
Асло таслим бўлманг!        

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Гоҳида бошингиздан оғир дамлар кечади. Шу пайтларда сиз “бўлди, кучим етмайди, чарчадим” деб ўйлайсиз. Курашиш, сабр қилиш ва доимий маҳкам туришга тоқатингиз етмайдигандай кўринади. Бундай пайтда асло таслим бўлманг! Чунки ҳар жоннинг иқболию инқирози бўлади. Бу инқироз ўз ортидан иқболни эргаштириб келса, ажаб эмас...

Баъзи пайтларда шуурингизда қулаш ҳиссини туясиз, ишончсизлик ҳамда камчиликни ҳис этасиз. “Мен ҳеч ишга ярамай қолдим”, деб ўйлаб қоласиз. Бунда ҳам сира таслим бўлманг! Доимо ёдингизда бўлсинки, ихлос ила тинимсиз ҳаракатда бўлар экансиз, йиқилиш уят ҳисобланмайди. Киши мағлубиятини тан олмагунича ва қайта уриниб кўришдан воз кечмагунича муваффақиятсизликка учраган, деб ҳисобланмайди. Буни ҳам ёдингизда сақланг! Қайта-қайта уриниб кўраверинг, ҳужумни, зарбани яна ва яна амалга оширинг. Аллоҳ насиб этса, тез орада кўзлаган мақсадингизга эришасиз.

Гоҳида сизни манманлик ва “қойил, ўзимдан жуда ажабланяпман” деган ҳислар ҳам чулғаб олади. Бунинг ортидан сиз ўзингизни “ягона” эканлигингизни ўйлаб қоласиз. “Насиҳатгўй, маслаҳат берувчининг менга нима кераги бор” деган хулосага келасиз. Мабодо, ўзингизда шундай туйғуларни сеза бошласангиз, унга таслим бўлманг!

Мағрурликдан эҳтиёт бўлинг, у сизнинг қотилингиздир. Иблис сиздан аввалгиларни ҳам йўлдан оздирган ва унинг ўзи-да, Аллоҳнинг даргоҳидан қувиб-солинган. Ўзингиздаги камчилигу нуқсонларни,  заифлигингизни  эсдан чиқарманг. Тавфиқ фақатгина ёлғиз Аллоҳ таолодандир.

Баъзи вақтларда ғам-ташвишлар сизни таъқиб қилади. “Бутун умр мана шу ғам-ташвишлар ичра яшасам керак” деган хаёл билан, олдиндаги кунларингизнинг барчасини нурсиз қаро тундек бўлишига  гумонда бўласиз. Буларнинг ортида ҳеч бир хайр йўқ деб ҳам ўйламанг ва бу каби ўйларга ҳеч ҳам таслим бўлманг! Албатта ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.

Доим тўғриликка интиласиз, бировнинг ҳаққида хатога йўл қўймасликнинг пайида бўласиз. Чоҳга тушишдан қўрқасиз. Феълингиздаги бу каби ҳолатлар сизни камолот зинапоялари сари етаклайди.

Лекин гоҳида бирор гуноҳ ишга ҳам қўл урасиз. Шунда шайтон: “Ҳайр-барака сендан узоқда, сен бахтсизликка маҳкумсан”, дея ичингизга ғулғула солади. Сиз бу шайтоний васвасаларга таслим бўлманг! Одам боласи хатокор эканини ҳамда хатокорларнинг энг яхшилари тавба қилувчилар эканини эсланг. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 201-оятида: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар”, дея марҳамат қилади.


Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

Мақолалар