Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Ишнинг боши яхши ният

19.06.2018   3576   3 min.
Ишнинг боши яхши ният

Уламолар ниятни руҳга, амални жисмга қиёслаб, ният бўлмаса амал суратдан бошқа нарса эмас, дейишган. Шу боис, улуғлар амални ниятсиз бошламаганлар. Ислом оламидаги кўпгина беназир асарлар “амаллар ниятга боғлиқдир”, “ҳар кимга ният қилгани бўлади” каби муборак ҳадислар билан бошланади. Хусусан, асарлари жаҳон маданияти ва маърифати дурдоналари бўлган Жалолиддин Румий “Ичиндаги ичиндадир” асари “Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир...” ҳадиси билан, Шайх ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг “Ҳикамул атоийя” китоби эса “Тойилиш вужудга келганда умидсиз бўлиш амалга суянишнинг аломатларидандир” ҳикмати билан бошланади. Тафаккур қилинса, бу асарларнинг муқаддимаси моҳияти ният билан боғлиқ.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Хислатли ҳикматлар шарҳи” тўпламини “Бандаларига нафсларини поклашни ва хулқларини сайқаллашни фарз қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!” дея бошлайдилар.

Аслида “Бисмиллоҳсиз бошланган ишнинг охири кесикдир” деган ҳадис ҳам банданинг ниятига бориб тақалади. Ҳаётда кунда, кун ора ниятнинг нақадар аҳамиятли эканига гувоҳ бўламиз.

Фарзандини ёлғиз боши билан вояга етказган бир опа тўрт-беш йил олдин “Вақти-соати келиб, қизимнинг ўқишга киришига яраб қолар”, деб жамғарган пулини савдогарга фоиз ҳисобидан бериб қўйган экан. Қарангки, ўша қизнинг тўплаган бали давлат ҳисобидан ўқийдиган ёки шартнома асосида таълим оладиган гуруҳнинг эмас, қўшимча шартнома (супер контракт) эвазига ўқийдиган гуруҳнинг рўйхатида турибди-да. Опа ҳисоблаб кўрса, ўтган йиллар ичида пули болалаб-болалаб етмиш миллионни “пайдо қилибди”. У судхўр шеригининг олдига шошди. Шерик эса бундан икки-уч йил бурун касодга учраб, қарзлар ботқоғидан чиқолмай қолганди. Ёрти ниятли опа қанчалик чиранмасин, ундан пулини ололмади. Оқибатда, ўзи ўйлаган мезондан дақиқроқ ва қатъийроқ низомларнинг борлигига, ишнинг натижаси ният билан хайрли бўлишига тан берди.

Энди мана бу воқеани мулоҳаза қилайлик:

...Бундан анча йиллар аввал бир никоҳ ўқилди. Мулла Дўстмуҳаммад домла (Аллоҳ раҳмат қилсин)  ақдни боғлашдан олдин маҳрни икки миллион этиб белгиладилар. Ҳамма ҳайратланди (Ўша пайтда икки миллион анча катта пул эди). Сўнг лафзларини жамоатга ҳавола этиб, уларнинг изни билан Аллоҳ ризолиги учун бир миллиондан, Расули Акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) розилик, шодлик ва хотиротлари юзасидан беш юз мингдан, ўша ерда жамланган ва жамланмаган мўминларнинг ҳурмати риоясидан икки юз эллик мингдан кечиб юбордилар. Маҳр пули икки юз эллик минг сўм қолди.

Бу воқеадан сўнг қўлдан катта миқдордаги пул бой берилгани учун келин бўлмишнинг қариндошларидан баъзилари куйинди, аммо келиннинг ўзи никоҳ арафасида шунча яхшиликни қўлга киритибман-а, деб хурсанд бўлди. У аёл ҳалигача ўша воқеани шукрона, миннатдорчилик билан эслайди.

 

Муслима Ҳусниддин қизи

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рамазонга 1 ой қолди ёхуд Шаъбон ойи муборак бўлсин!

30.01.2025   2983   2 min.
Рамазонга 1 ой қолди ёхуд Шаъбон ойи муборак бўлсин!

Ражаб ойи ниҳоясига етиб, Шаъбон ойи ҳам кириб келди. Бу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетганлари учун шаъбон деб номланган.

Бу ой Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ойи саналади. Шаъбон ойи Қуръон кўп тиловат қилинадиган ва кўп рўза тутиладиган ойдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутардилар.

Бу ҳақда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ойда шаъбондагидан кўп рўза тутмас эдилар. Зотан, у зот шаъбоннинг ҳаммасида рўза тутар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Афсуски, аксарият инсонлар бу ойнинг фазилатларидан ғафлатда қоладилар. Бу ойда амаллар Аллоҳ таолога кўтарилади. Усома розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Мен Расулуллоҳдан: "Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим", деб сўрадим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Уламолар: "Шаъбон ойида бир йиллик амаллар Аллоҳга кўтарилади", деганлар.

Ўтган солиҳлар бу ойда янада кўпроқ Қуръон тиловат қилишарди. Ҳатто айримлар шаъбон ойи кирганда бошқа ишларини ташлаб, фақат Қуръони карим тиловати билан банд бўлардилар.

Тобеинлардан Салама ибн Куҳайл раҳматуллоҳи алайҳ: "Шаъбон ойи – қорилар ойидир", деб айтарди.

Шунингдек, ўтган солиҳлар бу ойда мискинларга ғамхўрлик қилишга ошиқардилар. Бева-бечора, фақир ва камбағаллар Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва хурсандчилик билан кутиб олишсин деб закотларини берардилар.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мусулмонлар шаъбон ойи кириб келиши билан закотларни адо этишга ва Қуръони каримнинг тиловатини кўпайтиришга жуда қаттиқ эътибор берардилар".

Бир сўз билан айтганда, шаъбон ойи нафсни рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёрлаш ойидир. Шаъбон ойингиз муборак бўлсин!
 

Даврон НУРМУҲАММАД