Аввал хабар берилганидек, хориж давлатларидан келган таклифларга кўра, бир қанча қориларимиз АҚШ, Россия ва Украина каби давлатларда Рамазон ойида давомида диний – маърифий суҳбатлар ўтказиш ҳамда таровеҳ намозини адо этиб бериш учун юборилган эди.
Ана шундай қориларимиздан бири Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом ноиби Жамолиддин қори Қодиров жорий йил Рамазон ойида Россиянинг Сахалин шаҳрида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, маърифий тадбирларни ўтказиб бераётганини маълум қилган эдик.
Жорий йилнинг 11 июнь куни ўзбекистонлик қори Қадр кечасида Қуръони карим хатмини ниҳоясига етказди.
Таровеҳ намозлари ва Қуръон хатмида Сахалин шаҳрида вақтинча яшаб, меҳнат қилаётган юртдошларимиз иштирок этаётганлари айтилган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов