Ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ер юзидаги ҳар бир экинга, дарахтлардаги ҳар бир мевага, ернинг қаъридаги ҳар бир уруғга “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу фалончининг ризқидир”, деб ёзиб қўйилган”.
Фарзанд ўғилми, қизми Аллоҳнинг неъмати ҳисобланади. Бундай вақтларда йигитларимиз “Зурриёдимни давомчиси бўлиши керак. Ўғил кўрмасдан ўтаманми?” ёки “Шунча қизни боқиш, узатишни ўзи бўладими?”, демасдан, аёлига руҳий мададкор бўлиши керак. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир. (Исро, 31 оят).
Аллоҳ таоло кимларгадир ўғил, кимларгадир қиз фарзандлар ато этади. Баъзиларига эса фарзандсизлик насибдир. Кўпчиликка эса ўғил-қиз аралаш берилади. Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Мунира АБУБАКИРОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир аёл Лайс ибн Саъддан озроқ асал беришини илтимос қилди. Лайс унга бир меш асал олиб келишларини буюрди. Атрофидагилардан бири: “Нима учун бу аёлга бунча асал беряпсиз? Ахир у сиздан озгина асал сўради, холос”, деди. Лайснинг жавоби мана шундай бўлди: “У биздан ўзига керагини сўради, биз эса унга Аллоҳ таоло бизга берган неъматлари миқдорича берамиз”.
Лайс ибн Саъд ҳар куни уч юз олтмиш бечораҳолга садақа улашмасидан бурун биров билан гаплашмас экан. Биз-чи, биз?! Ҳар куни яримта хурмо бўлса-да, садақа қиляпмизми?! Агар мол-дунёингиз етарли бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мол-дунё садақа сабабли камаймайди”[1] деган гапларини эсингиздан чиқарманг!
Алий розияллоҳу анҳу бир куни йиғладилар. У кишидан: “Йиғингизнинг боиси не?” – деб сўрашганида, “Менинг олдимга мана етти кундирки меҳмоннинг қадами етмади. Аллоҳ мени хор қиляптимикан деб хавфсираб қолдим”, деган эканлар.
Бировга эҳсон берар экансиз, чеҳрангиз очиқ бўлсин. Яхшилик қилаётган кишингизнинг қаршисида қовоғингизни уйманг.
Шоир айтади:
Фақир даргоҳига ҳар дам чеҳранг очиб бор,
Ўзингни паст тутиб, кибру ҳаводан қочиб бор.
Берган нарсаларингизни миннат қилишдан сақланинг, йўқса амалларингиз чиппакка чиқади. Аллоҳ таоло айтади: «Яхши сўз ва кечириш ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир»[2]. Яна Аллоҳ таоло миннатчиликдан огоҳлантириб, шундай дейди: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..”[3].
Бир киши дўстининг олдига келди. Дўсти унга: “Нима гап, тинчликми? Бирор ишинг бўлса айт”, деди. У: “Менинг тўрт юз дирҳам қарзим бор, берай десам бир дирҳам ҳам пулим йўқ”, деди. Дўсти унга тўрт юз дирҳам берди-да, кўзларида ёш ила уйига кирди. Аёли: “Ахир йиғлар экансиз, нимага бердингиз?” – деди. Шунда у: “Худо ҳаққи, мен бу учун йиғлаётганим йўқ. Мени йиғлатган нарса, наҳот яқин дўстимнинг бу ҳолидан бехабар қолдим, ахир дўстим эшигимгача келибди. Шунинг хижолатидан йиғлаяпман”, дебди.
Яқинларимиз, қариндош-уруғ, дўстларимиз ҳолидан хабар олаяпмизми?!
Уларга бирор нарса бергудек бўлсак, уларнинг ҳожатлари миқдорича бераяпмизми ёки бизга ато қилинган неъматлар қадарми?!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривоят қилган.
[2] Бақара сураси, 263-оят.
[3] Бақара сураси, 264-оят.