Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар.
Кимга мол - дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан инфоқ - эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).
Ҳазрат Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шоҳлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар”.
Саховат – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Ахир, карам билан сахони ҳам Аллоҳинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да. Бу тўғрисида Алишер Навоий ҳазратлари шундай дейдилар:
Буки санга Тенгри ато айлади,
Қисм карам бирла сахо айлади.
Жуду саховат чоғи бухл этмагил,
Шукр замони доғи бухл этмагил.
Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".
Сахийнинг Аллоҳга яқинлиги масофа маъносида эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик маъносидадир. Зеро, Аллоҳ таоло макон ва замондан пок Зотдир.
Одамларга яқин бўлиши деганда, уларнинг муҳаббати, ҳурмати ва эъзози каби маънавий яқинлик кўзда тутилган. Мазкур ўринда ҳам макон жиҳатидан яқинлик мақсад қилинмаган.
Жаннатга яқинликдан мурод масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қийинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали туфайли дўзахдан узоқ бўлиб, жаннатга яқин бўлади ёки аксинча.
Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Хайрли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини олимлар баён этганлар.
Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.
Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).
Шу туфайли салафи солиҳлар ўзларининг садақаларини одамлар кўзидан яширишда муболаға қилганлар. Токи садақа бергувчининг кимлиги билинмасин. Баъзилари кўр камбағални, баъзилари ухлаб ётган фақирни қидирар, баъзилари эса фақирлар олиши учун улар ўтадиган йўлга садақаларини ташлаб қўйишар эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: “Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ-эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топсанг, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин, десанг, садақа қил”.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”. Ҳасан Басрий: “Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади”, деганлар.
Имом Ғаззолий айтади: “Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Сахийлик ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни садақа билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло етказишига ишончдан сахийлик туғилади. Бахиллик шубҳадан туғилади. Сабабларга ёпишиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ризқ ҳақидаги ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир”.
Салмон Форсийнинг айтишича, “Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар бундай дейди: “Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф эт!”. Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: “Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил, чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёлардан тўсган эди”, дейишади.
Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси ўзининг мол-дунёга ҳожати бўлиб турса-да, қўлидаги ҳамма нарсани сахийлик билан бошқаларга тарқатиб юборишдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса кишининг молга ҳожати бўлатуриб, уни ўзига сарфлашда бахиллик қилишидир. Ҳазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради”.
Албатта, Рамазон хайру эҳсон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”, деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир.
Раббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари Қораев Муҳаммади
Бир кунда беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг! Тўғри дастлаб, бир маҳал, кейин икки, уч қилиб кўпайтираётган бўлишингиз мумкин. Бироқ беш маҳал намоз ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб: “Аллоҳ таоло беш маҳал намозни ҳар бир банданинг зиммасига фарз қилганини етказгин”, деб алоҳида таъкидлаганлар.
Демак, бир кунда беш маҳал намоз фарздир. Икки ёки уч маҳал эмас.
Барчамизга яхши маълумки, бирорта эшикни очиш учун албатта калит керак. Худди шунингдек, Жаннатга кириш учун ҳам калит талаб этилади. Агар жаннатга киришни истасангиз сизга калит керак бўлади. Ахир бу дунёда ҳам эшикдан кириш учун калит керак бўляптику.
Ҳар бир калитда ўзининг тишлари бўлади. Тасаввур қилиб кўрингчи, калитингизнинг бир тиши бўлмаса нима бўлади? Истасангиз синаб кўринг, калитингиз тишидан биттасини синдириб, очишга уриниб кўрингчи? Эшик очилармикин? Ваҳоланки, калитда биргина синган тишдан бошқа яна бир қанча бутун тишлар бор.
Яна бир мисол. Айтайлик, бир танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини терасиз. Бордию биргина рақамни нотўғри терсангиз, сиз яқин одамингиз билан гаплаша олмайсиз, тўғрими?
Демак, Жаннатга тушишни истар экансиз сиз беш маҳал намозни ўз вақтида адо этишингиз керак экан.
Намоз вақти кирганда юмшоқ тўшакингизда ётган ёки аёлингиз билан бирга бозорда бўлсангиз ҳам, бирор иш билан банд ёки фарзандларингиз билан бирга ўйнаётган бўлсангиз ҳам дарҳол ҳаммасини четга суриб, намозни адо этишга киришинг!
Қанчалик кўп ишларингиз бўлмасин, сиз намозни ўз вақтида адо этсангиз Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа ишларингизни осон қилиб қўяди. Лекин афсуски, буни кўпчилик тушунмайди.
Одатда биз ўзимиз учун осон бўлган амалларни қиламиз. Лекин қачонки нафсимизга оғир келадиган ишга дучор бўлсак ўзимизни олиб қочамиз.
Бугунги кунда ўзининг гавдаси, мушаклари билан мақтанадиганларнинг видеолавҳаси жуда кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ҳозирги ёшлар мушакларини ишириб олишга жуда қизиқадилар. Ўзларини бошқалардан кучли деб ҳисоблайдилар. Лекин аслида ҳақиқий кучли инсон ким? Мушаклари бақувватми? Йўқ, асло ундай эмас. Бомдод намозига туриш учун устидаги кўрпасини кўтара олган ҳақиқий кучли одамдир. Агар ўзингизни кучли деб билсангиз, бомдодга туришда синаб кўринг.
Азиз ота-оналар фарзандларимиздан бирор нарсани талаб қилишда аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик. Токи ёшлар бир қўлида оғир тошни кўтарадиган одам кучли инсон эмас, балик, таҳажжуд ва бомдод намозларини турадиган одам ҳақиқий кучли одам эканини яхшилаб англаб етсинлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда кучли мўминлар ҳақида хабар қилади. Улар тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар, кечалари Роббул аъламийндан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор ҳолда бедор бўладилар.
Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай гўзал хулқлар билан сифатланган бандаларидан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД