Тилнинг ҳам ўзига хос рўзаси бўлиб, уни лағвдан юз ўгирувчи бандалар биладилар. Тилнинг рўзаси рамазонда ҳам рамазондан бошқа ойларда ҳам доимий давом этади. Фақат тил рамазон ойида янада тарбияли, одобли бўлишга интилади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:
قال رسول الله لمعاذٍ : كُفَّ عليك هذا - وأشار إلى لسانه – فقال معاذ: يا نبيَّ الله ، وإنَّا لمؤاخذونَ بما نتكلم به ؟ قال : ثَكِلتْك أمُّك معاذ ، وهل يَكُبُّ الناسَ في النار على وجوههم - أو قال : على مَناخِرهم - إلا حصائدُ ألسنتهم ؟». أخرجه الترمذي.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: “Мана буни тийгин, деб тилларига ишора қиладилар. Шунда Муъоз розияллоҳу анҳу: “Ё набиюллоҳ, ахир биз гапирадиган тилларимиз туфайли ҳам азобланамизми?, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онанг сени юқотгур, Муъоз, инсонларни юз тубан жаҳаннамга улоқтирадиган нарса албатта, тилларининг ҳосили ҳисобланади”, дедилар”.
Тилнинг зарари улкан бўлиб, хатарининг кўлами эса жуда катта саналади. Тил зарарли йиртқич ҳайвон, чақувчи илон ҳамда алангаланувчи оловдир. Тилингиз ила киши айбини гапирмангки, Сизнинг ҳам барча жойингиз айб, камчиликдан иборатдир, Инсонларнинг ҳам улар ҳақида гапирадиган тиллари бордир-ку. Мана Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам тилларига хитобан шундай деярдилар: “Эй тил, яхшиликни гапир, фойда топасан ёхуд ёмонликдан сукут сақла, омонда қоласан. Аллоҳ таоло тилини уятсиз, бузуқ гаплардан сақлаган, ғийбатдан жиловлаган, лағвдан тийган ҳамда ҳаромдан асраган мусулмонни раҳмати ила қуршаб олсин! Аллоҳ таоло сўзларини ҳисоб-китоб қиладиган, назарини сақлайдиган, нутқини тарбиялайдиган ҳамда гапларини тартиб-интизомли қилиб юрадиган кишини раҳматига олсин!”. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
مَّا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلاَّ لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
“У бирoр сўзни тaлaффуз қилсa, aлбaттa, унинг oлдидa ҳoзиру нoзир бўлгaн бир кузaтувчи (сўзни ёзиб oлувчи фaриштa) бoрдир”. (Қоф: 18).
Тилдан чиқадиган барча лафзу сўзлар сақланиб, ҳисоб-китоб қилинади. Инсон ўзига-ўзи зулм қилувчидир, “Рaббингиз бaндaлaргa зулм қилувчи eмaсдир”. (Фуссилат: 46).
Саҳиҳи Бухорийда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳис салом: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсага кафил бўлса, мен унга жаннатга кафил бўламан”, деб айтдилар.
Эй инсон, тилингни эҳтиёт қилгинки, сени чақиб олмайди. Чунки у илондир. Аллоҳга қасамки, биргина айтилган хато сўз унда ҳалокати, хусрон-надомати бўлган ўлимни олиб келади. Саҳобайи киромлар Қуръон ва суннат одоби ила тарбияланган вақтлариданоқ, лафзларини тўғирлаб, гапларига риоя қила бошладилар. Уларнинг нутқлари зикр, назарлари ибрат ҳамда сукут сақлашлари эса тафаккурга айланди. Художўй, тақводор кишилар қиёмат куни Қаҳҳор зотга йўлиқишларидан қўрқиб, тилларини У зотни зикр қилишга, шукр қилишга ўргатгандилар ҳамда бузуқ, фаҳш, беҳаё сўзлардан тийгандилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳга қасамки, ер юзида тилдан кўра узоқ вақт ҳибс қилинишга ҳақлироқ бирор нарса йўқдир”.
Солиҳ кишилар гапиришни истардилар-да, унинг масулиятини, оқибатини, натижасини ўйлашиб, сукут сақлардилар.
Тилининг жиловини, тизгинини қўйиб юборган киши қандай қилиб рўза тутади?..
Тили у билан вақтичоғлик қиладиган, гаплари алдайдиган, нутқи эса йўлдан урадиган киши қаердан ҳам рўза тутиши мумкин ахир?..
Ёлғон гапирадиган, ғийбат қиладиган ҳамда кўп ҳақорат қилиб сўкинадиган шунингдек, ҳисоб-китоб кунини унутиб қўйган киши қандай қилиб рўза тутган ҳисобланади?..
Ёлғон гувоҳлик бериб, мусулмонларга ёмонлик қилишдан тийилмайдиган киши қандай рўза тутиши мумкин?..
Саҳиҳ ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар:
عن عبد الله بن عَمْرو ، عن رسول الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم : المسلم من سلم المسلمون من لسانه ويده
Набий алайҳис салом: “Мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган киши”, деб айтдилар.
Ислом бу амал қилиш, татбиқ қилиш, дастур, бўйсуниш, тўғри йўлдан юриш ҳамда итоат этиш демакдир. Аллоҳ таоло шундай айтади:
وَقُلْ لِعِبَادِي يَقُولُوا الَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ الشَّيْطَانَ يَنْزَغُ بَيْنَهُمْ
“Бaндaлaримгa aйтингки, улaр (ўзaрo) гўзaл (сўзлaрдaн) сўзлaсинлaр. Зeрo, шaйтoн улaрнинг ўртaлaридa бузғунчилик қилур”. (Исро: 53 ).
Гўзал сўзлар бу бирор кишининг шаклу шумоилини, шахсиятини ҳақорот қилмайдиган, мусулмоннинг обрўсини тўкмайдиган ҳамда мўминнинг ҳурматини поймол қилмайдиган ажойиб, ҳуш сўзлар саналади. Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада шундай дейди:
وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ
“Бирингиз бирингизни ғийбaт қилмaсин! Сизлaрдaн бирoр киши ўлгaн бирoдaрининг гўштини ейишни xoҳлaйдими?! Уни ёмoн кўрaсиз-ку, axир!”. (Ҳужурот: 12).
Қанча-қанча рўзадорлар борки, тиллари бузилган, нутқлари ёмонлашиб, айтадиган сўзларига риоя этилмай қўйилган кундан бошлаб рўзаларини бузгандирлар.
Азизлар! Рўза тутишдан мақсад бу фақат оч қолиш билан чанқаш эмас. Балки, барча аъзоларимизни тарбия қилиш, одобга солиш демакдир.
Тилда сиз унга ҳукмронлик қилмаганингиз оқибатида ўнлаб касаллиги келиб чиқади. 1. Ёлғон гапириш. 2. Ғийбат қилиш. 3. Чақимчилик қилиш. 4. Ахлоқсиз сўзларни гапириш. 5. Сўкиниш. 6. Уятсиз гапларни гапириш. 7. Алдаш. 8. Лаънатлаш. 9. Масхара қилиш. 10. Истеҳзо қилиш ва ҳоказо...
Баъзи сўзлар борки ўз соҳибини жаҳаннамга юз тубан қулашига сабабчи бўлади. Албатта бундай сўзларнинг эгалари тилларига эрк бериб, унинг тизгинини, жиловини шундай бўш қўйган инсонлардир.
Тил яхшилик эшигига йўл бўлганидек, ёмонликка ҳам худди шундай йўлдир.
Тиллари ила Аллоҳ таолони зикр қиладиган, Ул зотга истиғфор айтиб, ҳамду сано тилайдиган ҳамда тасбеҳлар айтиб, шукр қиладиган, шунингдек, тавба қиладиган кишилар қандай ҳам кўзнинг қувончидирлар. Аксинча, тиллари ила инсонларнинг обрўларини поймол қиладиган, ҳурматларини тўкадиган ҳамда қадру қийматларини ерга урадиган инсонлар албатта бу дунёда ҳам охиратда зиён чекувчилардир. Эй, Рўзадор азизларим, келинг тилларимизни зикр ила хўллайлик, тақво ила зийнатлайлик ва турли хил маъсиятлардан поклайлик! Эй, Аллоҳим, биз сендан содиқ тилларни, саломат қалбларни ҳамда истиқоматда бўлган хулқларни сўраймиз. Ушбу ойнинг ҳурматидан барчаларимизнинг гуноҳларимизни кечир! Омиин!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати