Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Энг бахтиёр аёллар

19.05.2018   11129   6 min.
Энг бахтиёр аёллар

Гўзал намуна

 

Юз минг киши иштирок этган видолашув ҳажида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига қуйидагича васият қилдилар: Эй инсонлар, хотинларнинг хақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир”.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқи бутун башариятга намунадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни узоқдан кўрган киши ҳайбат, яқиндан кўрганлар муҳаббат туйғусини ҳис этарди. У зотнинг чиройли хулқлари турмуш тарзида яққол кўзга ташланарди.

Ул зот фақирона ҳаёт кечирганлар, оилаларида камтароналик ва самимият ҳукм сурган. Бутун бошли бир давлатни бошқарган бўлсалар ҳам кийимларини ўз қуллари билан ямар, арпа нон ер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари шундай шароитда яшаб, ҳеч қачон нолимаганлар. Мўмина оналаримиз бошига тож кийиб, ер юзида хукмронлик қилган қанчадан-қанча подшоҳ, қирол, императорларнинг аёллари кўрмаган, бутун умр хаёлларида орзу қилиб, етиша олмаган оила бахтига бир бўйра, лойдан ясалган бир кўза каби оддий ашёларидан бошқа мулкни ўзига раво кўрмаган зотдан улкан бир муҳаббат, чексиз фидокорликни кўрдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларига ўта нозик муносабатда бўлганлар. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримиз билан сафарга чиқдилар. Улар  ўз уловларига миниб олишгач, туякаш туяларни қистаб ҳайдай бошлади. Шунда у зот ўз хонимларининг нозикликларига ишорат қилиб: “Биллурга диққатли бўл, эҳтиёт қил!”, дея таъкидладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи аёли – Хадича бинти Ҳувайлид розияллоҳу анҳо онамизни бир лаҳза ҳам эсларидан чиқармай: Албатта менга Хадичанинг муҳаббати берилган дер ва зикр қилинганларида, унинг ҳаққига истиғфор айтишни канда қилмасдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом аёлларига ёрдам бериб, уй супурар, қўй соғар ва бошқа ишларида кўмаклашардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳони дин йўлида кўрган машаққатларини тақдирлаб, ўз никоҳларига олганлар. Савда бинти Замъа онамиз аҳёнда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб туришни яхши кўрар эканлар. Савда бинти Замъа онамиз саййида, жамила ва шарифа бўлиши билан бирга йирик жуссаликлари сабабидан уй ишларига уринганидаги ўнғайсизлигини кўриб ул зот табассум қилиб қўяр эдилар.

Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо нубувват хонадонида гўзал ҳаёт ичра яшай бошладилар. Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни тўлиқ ёд олган ва унинг тафсирини яхши билганлар. У кишининг бу даражага етишларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган сабоқлари сабаб бўлган.

Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо ҳам мўминаларнинг онаси бўлишдек шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабри, жасорати, Ислом дини йўлидаги фидокорликларини муносиб тақдирлаб “Уммул масокин” (мискинлар онаси) дер эдилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаси бўлишдек шарафга ноил бўлди. Жаброил алайҳиссалом  уларнинг уйларига ваҳий олиб келганлар. Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз ўта зеҳнли, оқила ва илмга чанқоқ бўлганликлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўрашдан зерикмас эдилар ва ўз навбатида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу саволларга алоҳида эътибор билан жавоб берар эдилар.

Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо онамиз нубувват хонадони аёлларининг дуру жавҳарлари силсиласига қўшилдилар. Жувайрия розияллоҳу анҳо онамиз қабила бошлиғининг қизи сифатида  нозу неъматга кўмиллиб, ҳою ҳавасга берилиб яшашдан кўра  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёли сифатида борига шукур қилиб, камтарона яшашни маъқул кўрдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ёшликларини эътиборга олиб, ул кишининг даражаларига тушар, ўзларига яраша шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар.

София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо онамиз туяга миниб олишлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини уларга тўғрилаб турганлар. Шунда София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо онамиз ул зотнинг сонларига оёқларини қўйишдан бош тортиб, тиззасини қўйиб туриб чиққан.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо онамиз узоқ муддат кўришмай юрган отаси мушрик бўлгани учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачаларини уларнинг тагларидан тортиб олишлари ул зотга бўлган юксак эҳтиромларидан эди. Албатта, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга завжа бўлишдан ортиқ бахт йўқ.

Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо онамиз ҳам нубувват хонадони аёллари қаторига сўнгги дурдона бўлиб қўшилишларининг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор эди. У зот ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оилавий шароитда содир бўлган шаръий аҳкомларни ислом умматига етказишда яна бир ёрдамчи бўлдилар. Маймуна розияллоҳу анҳо онамизнинг ниҳоятда тақводор ва силаи раҳмга мойил эканларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик берганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмина оналаримиз билан кечирган турмушини кузатар эканмиз, улар орасидаги самимият, меҳр-мурувват, муҳаббат, назокатдан завқланиб, тобора уларга ҳавасимиз ортиб, уларга ўхшашга ошиқамиз!  Зеро, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари пок аёллар, дунёдаги энг бахтиёр аёллар, “Мўминларнинг оналари” деган юксак унвонга муносиб бўлган оналаримиздир!

 

Гулобод ҚУРБОНОВА,

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти етакчи мударрисаси

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Роббим, Ўзинг мени уйғотгин

31.01.2025   622   9 min.
Роббим, Ўзинг мени уйғотгин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Асли Бангладешлик ёш олимлардан бири, ҳозирда Буюк Британияда истиқомат қилувчи Аҳмад Маҳфуз ёзади:

2024 йилнинг 25-31 декабрь кунлари Истанбулга илмий сафар қилдим. Бу менинг қадимий Қустантиния(Византия)га бўлган бешинчи сафарим эди. Сафардан кўзланган мақсад улуғ, муҳаққиқ олим, йирик муҳаддис, шайх Муҳамммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан учрашиб, у кишининг фойдали суҳбатларидан баҳраманд бўлиш эди. Сабаби, Муҳаммад Аввомадек олимларнинг суҳбатлари бағоят манфаатли. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг: “Соҳасини мукаммал билувчи олимнинг суҳбатида бўлиш, соатлаб, ҳатто кунлаб китоб ўқишдан кўра фойдалидир” деган сўзлари ҳам бунинг яққол далилидир.

Сафарни режалаштиришдан олдин, Шайхимизнинг ўғиллари,  Муҳйиддин Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан боғландим.  У  киши менга, оталарининг илмий фаолиятлари ва турли китобларининг таҳқиқи билан банд эканликлари, қолаверса соғлиқларидаги ўзгаришлар сабабли фақат қисқа муддатга кўришишимиз мумкинлигини маълум қилдилар.

Меҳмонхонамиз Шайхимизнинг Истанбулдаги дарсхоналарига яқин эди. Шайх Муҳйиддин бизни тушликка таклиф қилиб, олиб кетиш учун машина жўнатдилар. Бу шайх Муҳйиддин ҳафизаҳуллоҳнинг юксак саховат ва гўзал хулқларидан далолатдир, Аллоҳ у кишини яхшилик ила мукофотласин.

Шайхимиз билан биринчи учрашувимиз 2024 йил 26 декабрь, пайшанба куни туш пайтида бўлди. Ушбу қисқа суҳбатда, шайхимиз аввало Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирийнинг "آثار السنن" китобига ёзган таълиқларининг нашр ишлари ҳақида сўрадилар. Мен шундай жавоб бердим: "Мен 2023 йил октябрда Карачи шаҳридаги илмий сафаримда Аллома Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг ўғли Шайх Муҳаммад  Ҳабибуллоҳдан: “Аллома Кашмирийнинг ушбу таълиқлари устидаги ишлар ниҳоясига етган, тез орада бир неча мужаллад қилиб нашр қилинади» деб эшитган эдим. Шайхимиз: “Бундай хабарларни узоқ вақтдан буён эшитиб келяпмиз, лекин китоб ҳали чоп этилмаган”, – дедилар.

Шайхимизнинг иккинчи саволлари: “Аллома Юсуф Баннурий ўзининг устози Аллома Кашмирийни неча йил лозим тутиб, у кишидан дарс олган?” –  деб сўраганлари бўлди. Мен аниқ жавобни билмасдим,  “унчалик кўп эмас, тахминан беш йил атрофида бўлиши мумкин” дедим. Шайхимиз: “Ҳа, мен шу масалани узоқ вақтдан бери қидиряпман”, дедилар.

Охирида шайхимиз: “Янги нашр қилинган асарларинг борми?” –  деб сўрадилар.

Ўтган йили каминанинг таҳқиқи билан “الآمالي على سنن أبي داود” китоби икки жилдда нашр қилингани, ўтган йили охирги учрашувимизда , ундан шайхимизга ҳам ҳадия қилганим эсимда эди. Ўшандан кейин бошқа янги нашрларим бўлмаганини, магистратура дисертациям ва бошқа инглиз тилидаги тадқиқотларим билан банд бўлганимни билдирдим.

Шайхимизнинг алоҳида эътибори мени жуда илҳомлантиради. 2019 йил октябрь ойида

 “الفوائد المنتقاة من آمالي إمام العصر محمد أنوار شاه الكشميري”  номли китобимни  шайхимизга тақдим қилгандим. Шундан буён, ҳар сафар учрашганимизда, шайхимиз Кашмирийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида гапирадилар ёки менга бу мавзуда саволлар берадилар. Шайхимиз мени, бу катта олимни ҳаддан ташқари яхши кўрувчи ва у кишининг ходимларидан бири деб ўйлашларини ҳис қиламан. Бу шунчаки  ички ҳиссиёт бўлиши мумкин, лекин бу ҳолат мени жуда илҳомлантиради.  Айнан шу илҳом имом Кашмирий ва бошқа имомларимизнинг илмий меросларини чуқурроқ ўрганишга туртки беради. Шайхимизнинг бу ишлари камина ҳақида яхши фикрда эканликларидан  деб ўйлайман ва Аллоҳ таолодан бу кичик, камтарона хизматимизни қабул қилишини сўрайман.

Шайхимиз билан 27 декабрь, шанба куни яна бир бор учрашишга муяссар бўлдим. Мен у кишига  Аллома Баннурий имом Кашмирийни қанча вақт лозим тутгани ҳақида қидирганимизни,  Урду тилидаги мақолада Аллома  Баннурийнинг ўзи: “Мен олий диний таълимни Дебанддаги “Дорул Улум”да ҳижрий 1345-1347 йилларда олдим. Сўнг шайхимиз аллома, имом Анвар Шоҳ Кашмирийни кечасию кундузи лозим тутдим. Бу тўлиқ бир йилдан зиёдроқ давом этди”,  деган гапларини топганимиз хабарини бердим. Бу мақола Карачидаги ислом илмлари университетининг кам сонли чиқадиган “Баййинот” журналида чоп этилган бўлиб, уни Шайх Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Мухтор араб тилидан урду тилига таржима қилган ва чоп эттирганди. Мақоланинг асли араб тилида аллома Баннурийнинг ўзи томонидан ёзилган экан.

Шайхимиз бу маълумотдан жуда хурсанд бўлдилар, ва аллома Баннурий имом Кашмирийнинг шогирдлари ичида ажралиб турганини зикр қилдилар.

Шундан кейин шайхимиз Имом Анвар Шоҳ Кашмирийнинг шогирдларидан яна бири, Бадр Олам Миртаҳий ҳақида қизиқ бир воқеани ҳикоя қилиб бердилар. Бу зот Имом Кашмирийнинг “Саҳиҳи-Бухорий”га ёзган шарҳларини машҳур “Файзул Борий” китобига жамлаганлар.

“Бир куни  Бадр Олам Мадинада, равзаи-шариф олдида чиройли, оқ либосда юрганида, бир киши унга яқинлашиб, ким эканини сўраган. Бадр Олам ўзини таништириб: “Мен Бадр Оламман”, деганида, ҳалиги киши: “Йўқ, сен Бадр Олам эмассан, Бадр Олам бу қабрнинг эгаси!” – деб қабрга ишора қилган экан.(бу ердаги Бадр Олам исм бўлиб, у луғатда бутун дунёнинг ёрқин, тўлин ойи маъносини билдиради). Шайхимиз бу қизиқарли ҳикояни айтиб бўлиб, одатларига мувофиқ табассум қилдилар.

Менинг одатим шуки, катта олимларнинг оила аъзолари билан учрашиб қолсам, бу олимнинг шахсий ва оилавий ҳаётидан ўрнак олиш мақсадида баъзи саволларни бераман. Истанбулдаги охирги кечамизда, Шайхимизнинг ўғиллари Муҳйиддин Авомма бизни меҳмонхонадан уйларига олиб кетиш учун иккинчи ўғиллари Муҳаммадни юборди. Муҳаммад инглиз тилида атеистларга қарши жуда яхши китоб ёзган киши. У машинани бошқариб, бизни олиб кетаётганда, мен гап бошлаб: “Аллоҳ сизнинг оилангизни илмда бизларга етакчи бўлишингиз учун танлади, энди сиз машинада ҳам бизнинг етакчимизсиз!” дедим. Биродаримиз Муҳаммад табассум қилди,  сўнгра мен унга: “Биз ҳар доим бобонгизнинг илмий китобларини ўқиб, ундан кўплаб фойдалар оламиз. Лекин сиз шайхимизни яқиндан биласиз, шахсий ҳаётларидан бирон-бир фойдали маълумотни биз билан бўлишсангиз” дедим. У: “Сизларга иккита нарсани айтишим мумкин. Биринчиси, бобом дунё ишлари ҳақида ҳеч қачон гапирмайди, сўзлари фақат илм ҳақида бўлади. Ҳатто сув сўраганда ҳам, гапириш ўрнига қўллари  билан ишора қиладилар. Иккинчиси, у киши жуда кучли ирода соҳиби, ҳимматлари жуда олий. Ёшлари катта бўлишига қарамасдан, ҳеч қандай дангасалик аломатларини кўрмайсиз.

Етиб борганимизда, бошқа бир ўринда, Муҳйиддин Авоммага шу саволни бердим. Аллоҳга ҳамд бўлсин, у киши бизга отасининг кундалик жадвали ҳақида кўплаб муҳим маълумотларни айтиб берди. Бу суҳбат биздек илм толибларига жуда фойдали бўлди. Қуйида у кишининг гапларининг қисқача мазмунини келтираман. Ушбу жадвални биродаримиз Абдуллоҳ Фаҳем суҳбат ёзилган тўлиқ тасмадан ажратиб бердилар.

Шайхимизнинг ўғиллари, доктор  Муҳйиддин Авомма айтадилар:

“Мен отамни умридан бир дақиқани ҳам беҳуда сарфлаганини кўрган эмасман. У кишининг вақт сонияма-сония режалаштирилган. Бу отамнинг  икки асосий устозлари: Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ва Шайх Абдуллоҳ Сирожуддинларнинг йўналишларини ўзларида мужассам қилганликлари сабаблидир. Отам ўзларини илм ва ибодат орасида қаттиқ ушлайдилар. Шайх Абдулфаттоҳ илм ва таҳқиққа қаттиқ эътибор беришлари билан машҳур бўлса, Шайх Абдуллоҳ илмга қўшиб тасаввуф, кечаси намоз ўқиш кабиларни жамлаганлари билан машҳур.

Отам иккала жиҳатни – илмга бўлган катта эътибор, ҳар бир сонияни қадрлаш ҳамда  тасаввуф орасини бирлаштирган. Албатта, бу жисмоний ҳолатлари ва соғликларига бевосита боғлиқ.

Отам шу ёшларида ҳам кеч соат 12:00да ухлашга ётадилар. Нимага бунча кеч ухлашларини сал кейин тушунтираман. Лекин ҳар куни бомдоддан  уч ярим соат олдин уйғонадилар. Бу ёз кунлари кечаси ухлашга улгурмайдилар, дегани. Чунки соат 4:00 да бомдодга азон айтилади,  ундан уч ярим соат олдин эса, 12:30 бўлади ва фақат ярим соат вақт қолгани учун ухламасдан, тунларини кундузига улаб юборадилар. Қиш кунлари кечалари узун бўлганда ҳам, ҳеч қачон керакли пайтда уйғотиш учун “уйғотгич” (будильник) қўймайдилар. Отам менга: “Мен Роббимга дуо қилиб,  “Роббим, менинг қачон уйғонишимни истасанг – шунда уйғот” деб айтаман, у доим бомдоддан уч ярим соат олдин уйғотади” дегандилар.


Ҳадис илми мактаби талабаси
Саидмаҳмудхон Урватиллаев таржимаси

Мақолалар