Рамазон покланиш ойи. Яъни, рўзадорда руҳий ахлоқий тозаланиш бўлади. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси ортади. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойи номига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади.
Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий таърифича: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, гуноҳлардан сақланиш”, демакдир. Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик туйғулари кучланади. Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка интилиш ортади. Рўзадор ушбу амалларга алоҳида эътибор бериши керак:
— бирор киши уни ҳақоратласа ё уришса, “Мен рўзадорман”, дейиш;
— қуёш ботиши билан тезда, шом намозини ўқишдан олдин бирор нарса (сув, хурмо) билан оғизни очиш;
— оғизни очишда ривоят қилинган дуолар билан дуо қилиш;
— ортиқча гап, лағв сўзлардан тилни тийиш;
— рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш, нафсни талтайтирадиган нарсаларни тарк этиш;
— оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик билан мурувват қилиш. Бева-бечора, етимлар ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш;
— Қуръон қироати, зикр ва салавотларни кўпайтириш.
“РАҲМАТ ОЙИ РАМАЗОН”китобидан
Сиз яхши феъл-атворга эга бўлган ҳолда оилангиз, қариндош-уруғларга силаи раҳмли, ота-онангизга ва атрофингиздагиларга яхшилик қилаётган бўлсангиз...
Тонгни Аллоҳга тасбеҳу ҳамд ила қарши олиб, Уни улуғлаганингиз ҳолда қош қорайтирсангиз...
Аллоҳ яратган нарсаларида гўзалликни кўришга иштиёқманд бўлсангиз...
Яралмишларнинг бари Аллоҳга тасбеҳ айтишини англаб етсангиз ва сиз бефойда нарсалар учун эмас, аксинча, буюк ишлар учун яратилган эканингизга инонсангиз...
Одам болаларининг хатокор эканини англаб, сизга ёмонлик қилганни афв этиш ва уларга нисбатан кенгфеъл бўлиш ҳаракатида бўлсангиз...
Агарда сиз манманлик, мансабпарастлик ва адоватдан нажотга эришган бўлсангиз ва айтиб ўтилмаган ўнлаб ижобий хислатлар сизда топилса, демак, сиз Аллоҳнинг ҳикматини тушуниб етишга, У Зотга яқинлашишга, Уни яхши кўриб, Унга шукр қилишга қодир кишига айланибсиз.
Аллоҳ сизни бошқалардан афзал ва мукаррам қилган, мақсадларингизга эриштирган. Шу тариқа сиз инсон Аллоҳнинг ердаги халифаси эканлигини тушуниб етасиз ва Аллоҳнинг мухлис бандалари қаторидан ўрин олишга тайёр бўлиб борасиз.
Ҳакимлардан бири айтади: “Ким олтита нарса билан ризқланса, бошқа бир олтитадан маҳрум бўлмайди:
1. Кимга шукр қилиш насиб қилса, зиёдаликдан маҳрум бўлмайди.
Зеро, Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида: «...Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир», дейди.
2. Кимга сабр қилиш насиб этса, савобдан маҳрум бўлмайди.
«...Албатта, сабр қилгувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур»[1].
3. Ким тавба билан ризқланса, қабулдан маҳрум бўлмайди.
Бундай дейилишига сабаб шуки, Аллоҳ таоло: «У бандаларидан тавбани қабул қиладиган...»[2], деган.
4. Ким истиғфор билан ризқланса, мағфиратдан бенасиб бўлмайди.
Чунки Аллоҳ таоло айтади: «...Мен дедимки: “Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта мағфиратли бўлган Зотдир”»[3].
5. Дуо ила ризқланган киши ижобатдан маҳрум қилинмайди.
Зеро, Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 60-оятида айтади: «...Менга дуо қилинг, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!..».
6. Ким эҳсон қилса, ўрни тўлдирилмай қолмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Сабаъ сурасининг 39-оятида: «...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур...», дея марҳамат қилади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Зумар сураси, 10-оят.
[2] Шууро сураси, 25-оят.
[3] Нуҳ сураси, 10-оят.