“Ким биродарининг обрўсига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса динор ва дирҳам фойда бермайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин ҳаққини ҳалоллаб олсин. У кунда агар яхши амали бўлса етказган зулми миқдорича савоби олинади ва агар савоби бўлмаса биродарининг гуноҳидан олиб унинг бўйнига юкланади” (Имом Бухорий ривояти).
Инсон ҳали ҳаётлик вақтида зиммасидаги адо этиши лозим бўлган ҳақларни ҳалоллашга имкони бор. Охиратда эса солиҳ амалларидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмайди. Қиёмат куни мазлумнинг ҳаққи золимдан ундириб берилади. У кунда банданинг асосий дастмояси бўлмиш ҳасанотлари (савоблари)дан олинади, агар у савобларни жамғаришга улгурган бўлса, албатта,..
Акс ҳолда мазлумнинг гуноҳлари золимнинг зиммасига юклаб қўйилади.
Мазкур ҳадиси шарифнинг зоҳиридан маълумки, инсон бирор биродарига нисбатан ноҳақлик қилган бўлса, бу дунёнинг ўзида уни ҳалоллаши лозим. Ҳаттоки ўзи билиб-билмаган ҳолда биродарини шаъни, обрўсига тажовуз қилган бўлса ҳам…
Зулм қилиш инсоннинг ё жонига ёки молига ёхуд шаънига бўлиши мумкин. Ислом дини зулм қилишнинг барча турини ҳаром қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон кишига ҳар бир мусулмон кишининг қони, моли ва обрўсини тўкиш ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).
Агар бир инсоннинг жонига зулм қилинган, масалан, уриш, жароҳатлаш, бирор аъзосига шикаст етказиш ёки ўлдириш каби жиноят содир этган бўлса, ҳақ эгаси қасос олиши, агар қасос олиш имкони бўлмаса, золим зиммасидаги ҳақни тўлалигича тўлаб бериши лозим.
Агар инсоннинг молига тажовуз қилинган бўлса, молни эгасига қайтариб бериш вожиб бўлади. Агар молнинг эгасини топиш имкони бўлмаса, у молни савоб умид қилмасдан бирор муҳтожга бериб юборилади. Агар мол эгаси вафот этган бўлса, уни меросхўрларига бериш лозим. Чунки киши вафот этгандан сўнг унинг моли меросхўрларига ўтади.
Агар бир инсоннинг шаънига тажовуз қилинган, масалан, бир инсонни ҳақорат ёки ғийбат қилган бўлса, унинг олдига бориб ундан кечирим (узр) сўраши лозим. Агар унинг узрини қабул қилиб, кечирса, уларнинг хар иккиси учун Аллоҳнинг неъмати бордир.
“Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У золимларни севмас” (Шўро сураси, 40-оят).
Агар кечирмаса, молидан бирор нарса бериб бўлса ҳам, рози қилиши лозим.
Аллоҳ таоло дилларимизни меҳр-шафқат, кечиримлилик туйғулари билан тўлдирсин!
И.СОБИРОВ,
Хонқа тумани “Хўжа Нураддин бобо” масжиди имом ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг шарҳловчиси сифатида ҳукм чиқариш ваколатига эга эдилар. Шунга биноан ҳадис ҳукм чиқариш бўйича икки асосий соҳани қамраб олади.
Биринчи соҳа: Қуръони каримда зикр этилган ҳукмларни ёритиб бериш.
Иккинчи соҳа: Қуръони каримда кўрсатилмаган масалаларни ҳукм шаклида белгилаш.
Биринчи соҳада ҳадис Қуръони карим оятларини тафсир қилади. Умумий маънога эга бўлганини хослаштиради, яъни унга хусусий маъно беради, мутлоқ, яъни, қайд ва шартсиз оятларни қайдлайди.
Шу ўринда баъзи бир мисоллар келтириб ўтамиз. Қуръони каримда “Намоз ўқинглар” деб амр қилинган. Лекин намозларнинг сони, сифати, ракъатларининг сони Пайғамбаримиз алайхиссалом томонидан белгиланган ва амалда кўрсатиб берилган. Бу эса мужмал иборани изоҳлаш мисоли.
Умумий мазмунни хос қилиш учун мисол. Қуръони каримда мерос тизими умумий маънода келган. Яъни мерос қолдириш ва мерос олиш ҳуқуқи берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос олиш учун дин бирлиги, қотил бўлмаслик ва қул бўлмасликни шарт қилиб қўйиб уни хослаштирганлар. Масалан, ўз отасини ўлдирган ёки ноҳақ йўл билан унинг ўлимига сабаб бўлган фарзанд отасидан мерос олиш хуқуқидан маҳрум бўлади.
Иккинчи соҳа бўйича ҳадисга тегишли масалалар. Зарурат чоғида Қуръони каримда айтилмаган бирон бир янги ҳукмни ҳадис ҳукм қилиб белгилаб беради. Бу ўринда айрим ҳукмлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан махфий ваҳий ёки илҳом орқали содир бўлган ва баъзилари у зотнинг ижтиҳодлари ва шахсий фикрларидан келиб чиққан. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилишда ҳам ислом руҳи ва фалсафасини назарда тутар эдилар.
Бу ўринда кўп мисоллар бериш мумкин. Масалан, момога меросдан олтидан бир ҳисса бериш, никоҳ битимининг тўғри бўлиши учун гувоҳлар шартлиги, бадан аъзолари хун баҳосини белгилаш каби ҳукмлар киради.
Ислом шариатида ҳадисларнинг ўрни аҳамиятли экани кўриниб турибди. Ҳукмлар фақатгина Қуръони каримнинг ўзидан олинмайди. Қуръони каримда келган кўпгина ҳукмлар тафсилотини билиш учун ҳадислар муҳим аҳамият касб этади. Балки шаръий ҳукмларнинг бир қанчаси ҳадислар орқали келиб чиққан экан.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.