Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. У зот алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: «Кимки холис Аллоҳ йўлидаги илмни дунё молига эришиш йўлида ўрганган бўлса, у қиёмат кунида ҳаргиз жаннат ҳидидан баҳраманд бўлмайди». Яна бошқа бир ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Кимки олимлар олдида фахрланиш ёки тортишиш ёхуд аҳмоқлар ила баҳслашиш, ё бўлмаса, одамларни ўзига қаратиш учун илм олган бўлса, унинг жойи оташи дўзахдадир». Бу ҳадисни ватандошимиз буюк Имом Термизий ривоят этганлар. Бу ҳақда жуда кўплаб ҳадислар мавжуд.
Айрим салаф уламолари айтишади: «Одамлардан ўлим олдида кўп афсус-надомат қиладигани – бу ҳаддан тажовуз этган олим».
Билинг! Олимнинг вазифаси амру-маъруф ва наҳий мункар билан машғул бўлишликдир. У бутунлай зоҳидга айланиб, мубоҳ бўлган нарсалардан юз ўгирмаслиги лозим. Зеро, у қодир бўлганича дунё молига зиёда муҳаббат қўймаслиги керак. Аммо шуни ҳам унутмаслик зарурки, ҳар бир инсон жасади оз дунёга сабр эта олмайди, одамлар бир-биридан фарқли.
Ривоят этишларича, Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳи алайҳ чиройли таомларни тановул этар эканлар (Шу каби Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам юмшоқ емакларни хийла хуш кўрардилар… – тарж.).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ кўп вақт қаттиқ ҳаётга сабр этардилар. Маълум бўладики, инсонлар табиати турличадир.
Охират уламоларининг сифатлари: улар дунёни паст деб биладилар, охират эса шарафли. Дунё ва охират бамисоли кундош. Улар охиратни дўст тутадилар ва уни афзал деб биладилар. Ўзларини фойдаси оз илмлардан четга оладилар, нафи улуғ илмларга интиладилар.
Шақиқ Балхийдан ривоят этилишича, у киши Хотимга қарата дейдилар: «Мен билан бир қанча вақт бирга бўлдинг. Нима ўргандинг?» Хотим жавобан дедилар: «Саккиз масалани ўргандим:
Биринчиси – барча халойиққа боқдим, ҳар бирининг маҳбуби борлигини билдим. У вафот қилиб қабрга етса, маҳбуби ундан ажралади. Қабримда мен билан бирга бўлиши учун барча ҳасанотларимни (яхши амалларимни) ўзимга маҳбуб этдим.
Иккинчиси – улуғ Аллоҳнинг: «Нафсни орзу-ҳавасдан, бекорчи нарсалардан қайтарди» (Нозиот сураси, 40-оят), деган сўзига таҳаммум ила назар солдим. Ва нафсимни ҳавойи нафсдан ҳимоя қилишда қийнадим. Натижада у Аллоҳ тоатида қарор топди.
Учинчиси – яна шуни билдимки, қиммати бор нарсани ҳамма ўзида сақлаб туради. Сўнг Парвардигорнинг: «Сизлардаги барча нарса тамом бўлади, Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар боқий» (Наҳл сураси, 96-оят), деган оятига назар солдим, бас, ҳар доим қўлимга қиммати бор нарса тушиб қолса, уни дарҳол Аллоҳ ҳузурида боқий қолиши учун Ўзига йўлладим.
Тўртинчиси – одамлар мол-дунё, асл-у насл, шон-шарафга мансубликларини кўрдим. Менда улардан бирортаси ҳам йўқ. Бас, мен буюк Аллоҳнинг: «Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳузурида энг мукаррамингиз – энг тақводорингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят), деган сўзига боқдим ва Унинг ҳузурида мукаррам бўлиш учун тақво билан амал қилдим.
Бешинчиси – инсонлар бир-бирларига ҳасад қилишларини билдим ва улуғ Аллоҳнинг: «Биз ўрталарида маишатларни (турлича) тақсимлаб қўйдик» (Зуҳруф сураси, 32-оят), деган сўзига назар ташладим ва ҳасадни тарк этдим.
Олтинчиси – одамлар бир-бирларига қарши адоват этишларига гувоҳ бўлдим. Шунда Парвардигори оламнинг: «Дарҳақиқат, шайтон сизларга дўст эмас, уни душман деб билингизлар» (Фотир сураси, 6-оят), деган сўзига қарадим, дарҳол одамларга адоват этишни тарк қилиб, шайтонни ягона душман деб билдим.
Еттинчиси – инсонлар ризқ-рўз талабида ўзларини хор-зор этаётганларини кўрдим. Шунда мен улуғ Аллоҳнинг: «Ер юзидаги барча ҳайвонларга ризқни фақат Аллоҳ беради» (Ҳуд сураси, 6-оят), деган сўзига назар ташладим, бас, Аллоҳ томонидан менга юклатилган вожиботларни адо этиш билан машғул бўлиб, Унинг ҳузуридаги менга тегишли нарсаларни тарк этдим.
Саккизинчиси – одамлар ўзларининг тижоратлари, касб-корлари ва сиҳҳат-саломатликларига бино қўйиб беташвиш эканликларини кўриб, мен ягона улуғ Аллоҳга таваккал этдим.
Охират уламоларининг сифатлари шундай: улар султонлардан ғамда бўлиб, уларга ихтилот – аралашишда эҳтиёткор бўладилар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сизлар фитна ўринларидан эҳтиёт бўлинглар». У кишидан: «Фитна ўринлари нима?» – деб сўрашди. У зот жавоб бериб бундай дедилар: «Умаролар эшиклари. Сизлардан бир киши амир ҳузурига кириб ёлғонни ростга чиқаради, ўзида йўқ нарсани сўзлайди».
Саид ибн Мусаййаб розияллоҳу анҳу айтдилар: «Агар умаролар ҳузурига бориб-келиб юрган олимни кўрсангиз, ундан эҳтиёт бўлинг, бас, у (ўғри, қароқчи) жосусдир».
Айрим салаф олимлари айтишди: «Сен уларнинг мол-дунёларидан бирор нарсага эришмайсан, магар улар дунё молидан афзал динингга шикаст етказишади».
Яна уларнинг сифатларидан бири – ҳеч қачон фатво беришда шошилмайдилар. Фатвонинг тўғрилигига ишонганларидан сўнг уни айтишади.
Салаф олимлари фатво беришни ўзларидан бошқаларга тақдим этишардики, айланиб-айланиб яна аввалгиларига қайтиб келарди.
Абдураҳмон ибн Абу Лайло розияллоҳу анҳу айтдилар: «Мен бу масжидда (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадаги масжидлари) 120 саҳобийни учратдим ва улар билан суҳбатлашдим. Улардан бирига ҳадис ёки фатво тўғрисида савол берилса, у саҳоба ўзидан бошқа саҳоба жавоб беришини дўст тутар эди. Ҳозирги кунда фатво бериш ишлари илмни даъво қилган одамларга қолди. Улар турли масалалар хусусида дарҳол жавоб айтишга шошиладилар, агар фаразан ушбу масалалар халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга арз этилса, у зот Бадр аҳлини йиғиб, улар билан маслаҳатлашиб, сўнг жавоб айтардилар.
Яна бундай сифатлардан бири – уларнинг аксар баҳслари амаллар илми ҳақида бўларди, уни нималар бузади, қалбларни нима қорайтиради, нима васвасага солади – буларни билишга интилардилар, зеро амалларнинг сурати яқин ва осондир, аммо уларни тартибга солиш қийин ва оғир ишдир.
Диннинг асли – ёмонликдан сақланиш. Ёмонликни билишга қадар ундан сақланиш тўғри эмас.
Уларнинг хислатларидан яна бири – шаръий амалларнинг сир-асрорларини тадқиқ этиш, уларнинг ҳикмати тўғрисида мулоҳаза юритиш. Агар уларнинг иллат-сабабини билишда ожиз бўлса, шариат ҳукми кифоя қилади.
Яна уларнинг сифатларидан бири – улар саҳоба ва яхши тобеинларга эргашадилар ҳамда диндаги барча бидъат ва хурофотлардан сақланадилар.
Мунис СИРОЖОВ,
Пискент туманидаги “Ўсмат ота” жоме масжиди имом-хатиби
“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.
Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.
Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).
Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!
Даврон НУРМУҲАММАД