Фатво ҳайъатига келган саволлар (11-қисм)
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум! Ўғил болани асраб олса онага маҳрам бўладими. Раҳмат!
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Йўқ маҳрам бўлмайди. Агар болани асраб олган чоғда унинг ёши икки ярим ёшдан кам бўлиб, асраб олган аёл у болани ўзининг маҳрам аёлларидан бирортасига эмизган бўлса, бола маҳрам бўлади.
Савол: Ассалому алайкум. Арвоҳ капалаклар ростан ҳам борми? Агар бор бўлса, улар (уйимизга, хонамизга....) келганда нима қилишмиз керак? Саволимни жавобсиз қолдирмайсизлар деган умиддаман!!! Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Арвоҳ капалак йўқ. Бу каби гаплар ислом ақидасига зид бўлган бидъат ва хурофотдан ўзга нарса эмасдир.
Савол: Ассалому алайкум азизлар саволим шундан иборат. Рамазон ойида рўза тутган одам албатта 5 вақт намоз ўқиши шарт экан бўлмаса тутган рўзам қабул бўлмас экан шу ростми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Рўзани тутиш қанчалик фарз амал бўлса намоз ҳам шундай фарздир. Мусулмон киши бу икки амални бажаришга бирдек амр қилинган. Шу ўринда шуни ҳам билиб қўймоғимиз лозимки намоз рўза ҳар бири алоҳида-алоҳида ибодатлардир. Бирини тарк қилиш билан иккинчисини ҳам тарк қилиш лозим деган нарса келиб чиқмайди.
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази