Мамлакатимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада мухим қадам бўлди.
Яқинда Тошкент вилоятининг Пискент туманига ижодий сафарда бўлганимизда туманнинг диққатга сазовор жойларини тасвирга олдик. Оҳангарон дарёси шу жойда Туябўғиз сув омборига қуйилади. Табиати ғоят гўзал.
Дарё бўйидан унча узоқ бўлмаган жойда Ҳаким Полвонов номидаги жамоа хўжалиги бор экан. Маълум бўлишича, ушбу жамоа хўжалигида истиқомат қилувчи Қўйдинисо Қуронова хонадонида 4 авлоддан бери Пайғамбаримиз Муҳаммад айлаҳиссаломнинг муборак мўйлари сақланиб келинаркан. Биз уни тасвирга олишдан аввал Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мурожаат қилдик. Бу топилма уларни ҳам қизиқтириб қолди.
Қишлоқдаги оддий хонадонда 14 асрга тенг мўйи муборакнинг борлиги, тўғриси, барчани ҳайратга солади. Пайғамбаримизнинг мўйлари кичкина шиша идишдаги сувда сақланаркан. Шайх ҳазратлари бошчилигидаги ижодий гуруҳ уни диққат билан ўрганиб чиқди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари: “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлган буюмлар, уй анжомлари ҳозирги кунда дунёнинг саноқли давлатларидагина сақланади. Мўйи муборак Ориф акага бобосининг акасидан мерос. У тўртинчи авлод вакили ҳисобланади”, дедилар.
Бугун мамлакатимизда диний қадриятларимизни асраб-авайлашга катта эътибор қаратиляпти. Ўзбекистонда Ислом цивилизация маркази ташкил этилиши, якунланиб бораётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг эълон қилиниши бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги поғонага олиб чиқади.
У.Ҳамроқулов,
журналист
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан замонавий медиа-маконда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини ёритиб бориш ишларини янада самарали ташкил этиш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қатор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда давлат органлари ва ташкилотлари матбуот котиблари учун жорий йилнинг 30 июнь – 2 июль кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида "Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон" мавзусида V миллий конференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот котиби ҳам қатнашди.
Конференция доирасида ўтказилган “Media Quiz”да 9 та жамоа 5 та раундда турли соҳага оид йўналишларда билимларини синашди. Билим-ринг натижаларига кўра учта жамоа ғолиб деб топилди ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Уч кун мобайнида ўтказилган тадбирлар ниҳоясига етди.
***
Шунингдек, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган “Zakovat” интеллектуал ўйинида Muslim.uz жамоаси ҳам муносиб иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати