Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

Маккаи мукарраманинг XII асрга тегишли ҳужжатлари — Ўзбекистонда

8.05.2018   2983   3 min.
Маккаи мукарраманинг XII асрга тегишли ҳужжатлари — Ўзбекистонда

Ана шу маълумотни аниқлаштириш ва унга тегишли ҳужжатлар тафсилотини билиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида бўлдик. Катта илмий ходим, диншунос, исломшунос Дилшод Ваҳобов билан суҳбатлашдик. 

— Макканинг XII асрга тегишли ҳужжатлари бу ерда сақланаётгани ростми? 

— Мазкур ҳужжатнинг икки қисми 1300 ҳижрий йилда Татаристоннинг Қозон босмахонасида босмадан чиққани ҳақида маълумот бор, – дейди Д.Ваҳобов. – Яна бир қисми қўлда чизилган. У XII асрга тегишли бўлиб, Маккани тасвири акс эттирилган. Унда ҳожиларнинг бориши керак бўлган зиёрат жойлари, дам олиш хоналари ва қанақа амалларни бажаришлари кўрсатилган. Бу чизма чизилган қоғоз сифати жуда юқори бўлиб, ўша даврларда ҳажга борувчиларга қўлланма бўлган. 

 
6fa327cb-4a37-4569-b70a-6fb22219d5f5.jpg 

— Ҳужжатнинг босмахонадан чиққан қисмида нима изоҳланган? 

— Улар 1280 ҳижрий йилга таллуқли бўлиб, унда Ҳакимхўжа Эшонхўжа ўғли ва Муҳиддинхон Худойберди ўғлига тегишли муҳрлар қўйилган. Бу уларнинг ўша даврда ҳажга бориб, ҳожи бўлиб келганини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Улардан бирига ўнта яна бирига саккизта муҳр қўйилган. Бу номи юқорида келтирилган шахснинг ҳажга келиб, зиёратнинг барча амалларни бажаргани ҳақида араб тилида ёзилиб, муҳрлар билан тасдиқланган. Энг биринчи муҳр Макка имом хатиби Саидмуҳаммад Солиҳга тегишли экани белгилаб қўйилган. Кейин муаззин ва маъсуллар ўз белгисини қўйган. 

— Бу ҳужжатлар шу вақтга қадар қандай тартибда сақлаб келинган? 

— Бухоро хонлиги даврида ҳажга бориб келгани ҳақидаги ҳужжатлар ҳожиларнинг ўзида сақланган. Чор Россияси Туркистонга кириб олгандан кейин, юртимизнинг бой тарихи талон-торож қилиниб, барча ҳужжатлар йиғилиб, олиб кетилган. 

Улар араб ва форс ёзувида битилган бу ҳужжатларни ўқий олмаган. Уларда муҳим маълумотлар акс эттирилган деган фикрда узоқ ушлаб туришган. Шарқшунос мутахассислар бу ҳужжатларни у қадар муҳим, сиёсий аҳамиятга эга эмаслигини ўрганиб чиққандан кейин Ўзбекистонга қайтариб юборилган. 1976 йилда Ўзбекистонга бир қатор архив ҳужжатлари қаторида бу маълумотлар ҳам қайтиб келган. 

Қайд этиш кераки, архивда халқимиз ўтмишига тегишли араб, форс ва лотин алифбосида ёзилган ҳужжатлар шу қадар кўпки, улар рўйхатга олинган бўлса-да, олимлар ёки шарқшунослар томонидан ҳануз тўлиқ ўрганиб чиқилмаган. Архив сирлари қачон тўлиқ очилиши эса номаълум. Бунинг учун малакали кадрлар етишмаётгани кундай равшан. 
 

 

Сайёра Шоева, ЎзА
Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   5674   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.