Қалблар қўлида бўлган Зотга Ўзининг буюклигича ва олийлигича ҳамду санолар бўлсин. Зикрлар қалбнинг покловчи дориси экани ва шу зикрлар билан Аллоҳнинг розилигини топиб яшашимизга даъват этиб, бизларга гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.
Инсон дунёда яшар экан моддиятга боғлиқ бўлган бу тирикликда, ўзини самоларга боғловчи маънавий озиқ-амалларга ҳам эҳтиёж сезади. Мана шу эҳтиёжни билган ва бизларни бу дунёга фақат ва фақат Ўзини танишимиз учун келтирган Аллоҳ руҳий озиқларимиз қилиб зикрлар ва кундалик вазифаларни бизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали жорий қилган. Ислом шариатида фазилатда олий бўлган зикр ва дуолар борки, уни тинимсиз бажариб юриш орқали инсонда жуда кўп ҳикматлар пайдо бўлади. Чунки банда Аллоҳни зикр қилиш билан Уни жудаям яхши таниб, Ундан хавф ва ражоси кучаяди. Ким бир нарсани яхши танимаса ундан қўрқмайди ёки унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилиш учун уни тинимсиз эсламоқ, уни ҳар доим ўйламоқ керак бўлади. Ким Аллоҳни танимаса, Унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилмас экан, Уни эсламайди. Аллоҳни эслаш эса зикр ва дуолар билан амалга ошади. Ана шу зикрларнинг энг фазилатлиси ва малоикалар яхши кўриб, пайғамбарлардан мерос қолган зикр ҳақида айтиб ўтамиз. Бу зикр қуйдагича ривоят қилинган:
“Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил алаййил азийм”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Аршни яратганда ҳомил-кўтарувчи фаришталарга уни кўтаришни буюрди. Арш уларга оғир келди. Аллоҳ таоло: “Субҳаналлоҳ” деб айтинглар, деб буюрди. Фаришталар, “Субҳаналлоҳ” дейишди. Шунда уларга енгил бўлди. Улар Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгунча Субҳаналлоҳ деб туришди. Одам алайҳиссалом акса урганларида Аллоҳ таоло у кишини “Алҳамдуллиллаҳ” дейишга илҳомлантирди. Аллоҳ айтди: “Сенга Раббинг раҳм қилди ва сен мана шунинг учун яратилдинг”. Малоикалар шунда “Иккинчи калима ҳам улуғ экан, бизлар ундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб уни олдингисига қўшишди.
Бир неча вақт фаришталар, Субҳаналлоҳи валҳамдуллиллаҳи, деб айтишди, бу ҳол Нуҳ алайҳиссалом замонларигача давом этди. Биринчи бўлиб санам-тошдан ясалган бутлар тутган қавм Нуҳ алайҳиссалом қавми эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмини, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтишга буюрди. Шунда улардан рози бўлишини билдирди. Фаришталар ўшанда: “Учинчи калима ҳам улуғ ва шарафли экан. Биз бундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб, уни олдинги икки калимага қўшишди. Узоқ муддат Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллаллоҳ калимасини айтиб юришди. Бу ҳол Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келгунларича давом этди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилишни буюрди ва қўчқор берди. Қўчқорни кўрганларида у зот хурсанд бўлиб, “Аллоҳу Акбар” дедилар. Фаришталар айтишди “Бу калима ҳам улуғ ва шарафли экан” деб уни олдинги учтасига қўшишди ва Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллалллоҳу валлоҳу акбар, деб айтиб юришди.
Вақтики Жаброил алайҳиссалом бу гапларни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эди, У зот шодланиб: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил алайил азийм”, дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу калимани олдингиларига қўшинг”, дедилар.
Бу зикрнинг фазилати шунчалар улуғлигидан у Аршларни кўтаргандир. Ким уни бир кунда Аллоҳни зикр қилиш мақсадида айтар экан гуноҳлари кечирилади. Аллоҳнинг ҳузурида олий мақомлар топиб, мағфиратга эришади. Албатта, фарз ибодатлардан сўнг айтилса, қалби янада равшанлашади. Чунки фарз ибодатларидан сўнг қилинган дуо мустажоб бўлиб бу зикрни айтиб дуо қилиш билан инсон Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдек даражага эришади. Чунки унинг ҳамма маъноси Аллоҳнинг буюклиги ва поклигига далолат қилади.
Абу Лайс Ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул Ғофилийн” асари асосида
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Орифахон ЮНУСХЎЖА қизи тайёрлади.
(Бир ҳадис шарҳи)
Баъзан одамлар Қуръоннинг турли қироатларини эшитганда, ўзи билмай туриб, уларни хато деб баҳолайди. Оқибатда тортишувлар юзага келади.
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилинган. Аллоҳ таоло араб қабилаларининг англаши енгил бўлиши ва Китобнинг илоҳий мўъжизалигини намоён этиш учун уни бир неча ҳарфда (қироатда) нозил қилган.
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رضى الله عنه قَالَ: سَمِعْتُ رَجُلاً قَرَأَ ، وَسَمِعْتُ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم يَقْرَأُ خِلاَفَهَا فَجِئْتُ بِهِ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم فَأَخْبَرْتُهُ فَعَرَفْتُ فِى وَجْهِهِ الْكَرَاهِيَةَ وَقَالَ: كِلاَكُمَا مُحْسِنٌ ، وَلاَ تَخْتَلِفُوا ، فَإِنَّ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمُ اخْتَلَفُوا فَهَلَكُوا.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кишининг қироат қилаётганини эшитдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у (оят сўзлари)ни бошқача қироат қилаётганларини эшитган эдим. Шунда уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб бориб, у зотга бор гапни айтиб бердим. Шу пайт юзларида норозиликни пайқадим. У зот: “Иккингиз ҳам тўғри қилгансиз. Ихтилоф қилманг, чунки сиздан олдингилар ихтилоф қилиб, ҳалокатга учраган”, дедилар” (Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу бир одамнинг – баъзилар Убай ибн Каъб деган – Қуръон оятини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаган қироатига ўхшамаган тарзда ўқиётганини эшитган. Иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қироатда ўқитганларини даъво қилиб, тортишиб қолган. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўша одамни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борган. Ҳар бири у зотга ўрганган қироатида тиловат қилиб кўрсатган. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккингиз ҳам тўғри қилгансиз”, деганлар. Яъни, иккингиз ҳам тўғри ўқидингиз, икки қироат ҳам жоиз. Сўнг огоҳ этиб: “Ихтилоф қилманг, чунки сиздан олдингилар ихтилоф қилиб, ҳалокатга учраган”, деганлар. Яъни, аввалги қавмлар оғир оқибатга олиб борадиган ихтилофларга берилиб кетган. Бу ихтилофлар нафс истакларига кўра муқаддас китоблардаги сўзларни ўзгартиришгача бориб етган.
Шариат иттифоқ ва бирликка даъват қилади, тафриқа (фирқаланиш) ва бўлинишни қаттиқ ман этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё бундай демоқдалар: Қуръонни ўқинг ва маъносига мувофиқ бирликда бўлинг. Қандайдир шубҳа келиб чиқиб, ихтилофга олиб борса, ўша шубҳани йиғиштиринг ва одамларни бирликка етаклайдиган очиқ маънога қайтинг. Илгариги умматлар каби ҳалокатга элтувчи ихтилофга тушманг.
Қуръон қироатида ихтилоф қилиш мумкин эмас. Чунки ҳар бир қироат Аллоҳдан нозил қилинган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ўргатилган. Қироатдаги рухсат берилган турлилик Қуръоннинг маъносига дахл бермайди. Демак, Қуръоннинг бир ояти ё сўзи бир неча қироатда ўқилиши мумкин. Улардан бирортасини инкор қилган киши Қуръонни инкор қилган бўлади.
Ихтилофнинг олдини оладиган яна бир чора – етарлича илм олмаган киши Қуръон ҳақида, жумладан, қироат тўғрисида ўз фикри билан сўз юритиши мумкин эмас. Қуръон қироати суннат билан собит бўлган. Шунинг учун баҳсталаб вазият юзага келганда ўзаро тортишмасдан, илмлироқ кишидан сўраш лозим.
Маълумки, Қуръони карим исломнинг бошланғич даврида ҳижоз шевасига (Макка, Мадина ва Тоиф аҳолисининг лаҳжасига) мос ҳолда нозил қилинган. Ҳудайбия сулҳидан сўнг турли араб қабилалари исломга кира бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта Аллоҳдан одамлар учун Қуръонни турли лаҳжа ва шеваларга мос ҳолда ўқишни енгил қилишни сўраганлар. Турли араб қабила ва уруғлари ўз шевасига ғурур билан боғланган эди, шунинг учун бу енгиллик уларга Қуръон маъноларини яхшироқ англаш имконини берарди. Аллоҳ таоло у зотнинг илтижосидан ҳам ортиқроқ енгиллик инъом этиб, Қуръони каримни етти ҳарфда нозил қилди.
Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил менга (Қуръонни) бир ҳарфда ўқитди. Мен ундан зиёда қилишни сўрайвердим, ниҳоят, етти ҳарфга етди”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
“Ҳарф” – қироат илми истилоҳида бирор сўзнинг муайян шаклларда ўқилиши. Шунингдек, умумий бир услубда ўқиш ҳам “ҳарф” дейилади. “Етти ҳарф” ҳақида уламолар турли фикрларни айтган. Баъзилар етти ҳарфдан мурод ўша пайтдаги араб лаҳжаларига мослик бўлганини таъкидлаган. Айримлар буни қироатдаги ихтилоф (турли жоиз шакл)лар етти туркумга бўлиниши билан изоҳлаган. Бошқалар айнан муайян адад эмас, балки кўплик, яъни бир неча турдаги қироат назарда тутилганини айтган. Яна баъзилар етти қироатнинг айнан ўзи эмаслигини айтган.
Умуман, бу ҳақда қирқдан зиёд фикр айтилган. “Ҳарф” нима экани ҳақида бирор ҳадис ё ривоят йўқ. Шунинг учун алломаларнинг фикрлари ижтиҳодий саналиб, умуман олганда, Қуръон калималарини ўқишдаги турлилик маълум ва машҳур, энг муҳими, мумкиндир. Бу бирор ихтилофга асос бўлмаслиги керак.
Бу – Қуръоннинг ҳар бир сўзи турлича ўқилади ва ҳар ким, ўз хоҳишига кўра, сўзларни ўз лаҳжасидаги маънога ўзгартириши мумкин, дегани эмас, албатта. Қайси турда бўлса ҳам, қироат фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тингланган ва у зот ўқиб берган шакллардан бирига мос бўлиши керак.
Демак, илмли мутахассис (қори) биз одатланган, ўқиб-ўрганган, ўзимиз анъанавий ҳисоблаган қироатдан фарқли тарзда тиловат қилса, бу хато эмас, саҳиҳ ривоят асосидаги қироат бўлади. Унинг ҳарфи – биз одатлангандан бошқача, холос.
Қироат бобида “тўғри-нотўғри” деб тортишиш илмсизлик оқибати бўлиб, бу хусусда тортишиш фитнага, фитна эса ҳалокатга олиб боради. Шунинг учун мўмин киши қироатлардаги фарқни инкор этмаслиги, балки уни Аллоҳнинг ҳикмати сифатида қабул қилиши керак экан.
Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими