Мовароуннаҳрда биринчи бўлиб азон айтган тобеин:
Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Неъматлар учун Аллоҳга ҳамд айтган ва қилган гуноҳи учун истиғфор сўраган банда ҳалок бўлмайди”.
Машҳур тобеин муфассир ва муҳаддис ҳамда гўзал қироат соҳибларидан бири Абул Олия Руфай ибн Миҳрон Риёҳий Басрий Басра (ҳозирги Ироқдаги йирик шаҳарлардан бири)да дунёга келди. Шу ерда ўсиб-улғайди ва вояга етди. Ёшлигидан илму ирфонга чексиз муҳаббат қўйди.
Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик вақтларида ёш бўлган. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) даврларида Исломга кирган. Бироқ тобеин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кўриша олмагани учун бир умр афсусда ўтди. Шу боис, у Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари билан кўпроқ бирга бўлишга интиларди. Уларни жуда ҳурмат қилар, саҳобалар ҳам уни яхши кўрар эдилар. Бир куни Анас (розияллоҳу анҳу) қўлидаги олмани Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи)га берганида: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларини ушлаган қўл теккан олма”, деб олмани ўпа кетди.
Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Ҳазрат Али, Ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ибн Умар, Убай ибн Каъб, Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳум) каби саҳобалардан дарс олди, улардан ҳадис тинглади. Чунончи, у қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.
Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг билимдони эди. Абу Бакр ибн Довуд: “Қуръонни энг яхши биладиганлар орасида саҳобалардан кейин Абул Олиядан ўтадигани йўқ”, деб таърифлайди.
Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларини бирор биладиган киши борлигини билса, масофа қанча узоқ ёки бориш қийин бўлмасин, албатта туясини миниб йўлга тушарди. Ҳадис ўрганишдан аввал ровийнинг намоз ўқишини кузатарди. Агар намозини тўла-тўкис адо этса, у кишини устоз тутиб, ривоятларини ёзиб оларди, аммо намоз арконларини жойига келтириб адо этмаса: “Намозга бепарво бўлган одам бошқа ибодатларга бунданда бепарво бўлади”, деб қайтиб кетарди.
Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) талабаларга дарс берарди. Уларга: “Билмаган нарсангизни сўраб ўрганинг. Чунки уятчанг ва мутакаббир илм эгалла олмайди. Уятчанг сўрашдан уялиб сўрай олмаса, мутакаббир кибру ҳавоси сабаб сўрамайди”, дер эди.
Шунингдек, тобеин шогирдларига Қуръон ёдлашнинг қулай йўлини тушунтириб: “Қуръонни беш оятдан ёдланглар. Шунда осонроқ ёдлаб, яхшироқ тушунасизлар”, деган.
Ривоятларга кўра, Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳ) Мовароуннаҳр ўлкасида биринчилардан бўлиб азон айтган шахс ҳисобланади.
Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) ҳузурига келган меҳмонларини самимий кутиб олар ва: «Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: Сизларга салом (саломатлик)!» (Анъом сураси, 54-оят) оятини тиловат қиларди.
Буюк тобеин милодий сананинг 712 йили вафот этди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).