Сиз азизларга ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани сўзлаб бермоқни ният қилдим. Ушбу воқеадан ҳар бир нарса ниятга боғлиқ эканини англасангиз ажаб эмас. Зеро, мақсад ҳам шу – ибрат ўлароқ сизга баён этиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллиги биноси Ёрмозор шаҳарчасидаги “Уммул Қуро” жоме масжиди ҳудудида жойлашган эди. Ушбу жомега 80 ёшни қоралаб қўйган Абдулло исмли отахон беш маҳал намозга азон чақирадилар. Баъзан кексалик ёки бошқа сабаб билан азон вақти бироз ўтиб қолиб, бошқа одам азон чақирса, хафа бўлар ва ўзларини койир эдилар. Шунда бизга қараб: “Болам, ахир мен азон айтиб, омонатни Эгасига топширишни ният қилганман-да”, дер эдилар.
Қаҳратон қиш. Кўча жуда совуқ. Бундай совуқда масофа босиб масжидга келиш – қари инсон тугул, навқирон йигитга ҳам бироз машаққат туғдиради. Ана шундай совуқда ҳам азон айтиш учун кечикмай тағин деб Абдуллоҳ ота жомега кириб келдилар. Ўша тун камина вакилликда навбатчи эдим. Отахон микрофонларни созлаб азон чақира бошладилар: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллооҳ”. Азон чақириғига қулоқ солиб турганим боис, калималарни бирин-кетин такрорлаб азон эшитаётган эдим. Орадан бир неча сония ўтса ҳамки, “Ашҳадуан лаа илаҳа иллаллоҳ”дан сўнг ҳеч қандай овоз эшитилмай қолди. Балки овоз кучайтиргич билан боғлиқ муаммо чиқиб қолгандир, деб масжид хонақоси томон ошиқдим. Не кўз билан кўрайки, муаззин отахонимиз, қиблага юзланиб, азон чақираётиб, “Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллооҳ (Кибриёси, буюклиги ва ҳеч кимнинг ибодатига муҳтож бўлмагани ҳолда ибодат қилишга лойиқ Зот Унинг Ўзи эканига гувоҳлик бераман. У Зотнинг ўхшаши, тенги йўқдир) деб, таҳоратли ҳолда, Ўзининг байтида омонатни топширган эдилар... Кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Ва беихтиёр отахоннинг: “Болам, ахир мен азон айтиб, омонатни Эгасига топширишни ният қилганман-да” деган сўзлари хаёлимдан ўтди. Аллоҳ барчамизга ана шундай гўзал хотимани насиб қилсин, омин!
Буюк Раббимиз Абдуллоҳ отага жаннати Фирдавслардан жой берсин, омин!
Илҳомжон ТОИРОВ
Фарғона вилояти вакиллиги ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ўзингиздан юқоридагиларга эмас, ўзингиздан қуйидагиларга қаранглар, шунда Аллоҳнинг сизга берган неъматларини оз санамайсиз» (Имом Муслим ривояти).
Инсон мол-дунёда, чиройда, ижтимоий ҳолатда ўзидан устунроқ одамларга эътибор бераверса, Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонга бориб қолади. «Мендан бошқаларга роса яхши неъматлар берган экан, улар неъматларга кўмилиб яшаяпти. Мен эса доим нимагадир муҳтож бўлиб яшайман» деб, ўзига берилган неъматларни оз санайди, ҳатто кўрмай қолади. Бу эса Аллоҳ таоло берган неъматларни менсимасликка олиб боради. Натижада розилик ҳиссини йўқотиб қўяди, бунинг ҳаловатини туя олмай, азоб ичида яшайди. Бу эса уни нафрат, ҳасад томон етаклайди. Натижада инсон ўзидан устун бўлганларга ёмонлик қилишга ўтади. Баъзида улардан устун бўлиш мақсадида ҳатто ўғрилик қилишдан, ёлғон сўзлашдан ҳам тоймайди. Бойлик орттириш йўлида одамлар билан мусобақалашиб, ўзини ғам-ғуссага, изтиробга кўмиб ташлайди.
Инсон мол-дунё, чирой, соғлик, қувват борасида ўзидан пастроқ бўлганларга қараса, Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган карамини кўради, бошқа кўплаб одамларга бермаган неъматларини унга берганини ҳис қилади. Натижада сакинат, хотиржамлик туяди, одамларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлади, фақир-мискинларга хайр-эҳсонлар қилиб, Аллоҳнинг марҳаматига шукр келтириб, умргузаронлик қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эриштирувчи нарсани васият қилганларини тушуниб етади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётни яна ҳам гўзал қиладиган, қалбни бахт ва сурурга тўлдирадиган энг гўзал васиятларидан бири - Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ҳадисдир.
«Халилим менга етти нарсани васият қилганлар:
мискинларни яхши кўришни, уларга яқин бўлишни буюрганлар;
ўзимдан юқоридагиларга эмас, ортдагиларга қарашни буюрганлар;
ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликни буюрганлар;
силаи раҳм қилишни буюрганлар;
аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатни айтишни буюрганлар;
Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликни буюрганлар.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ (қудрат ва қувват фақат олий, улуғ Аллоҳ биландир)» ни кўп айтишни буюрганлар».
Бир қиз айтади: «Бу ҳаётдаги шодлигимнинг сабаби – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳуга қилган еттита васиятларидир. Бу васиятни ўрганиш бошқа, унга амал қилиш бошқа экан. Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ишончим сабабли бу васиятларга амал қилдим. Ахир у зот биз умматлар икки дунёда ҳам бахтли-саодатли бўлишимиз учун юборилмаганмидилар? Мен бу васиятлар доим кўз олдимда, ёнимда бўлсин деб, бир нечта қоғозга кўчириб, бирини чўнтагимга, бирини ёстиғимнинг остига, бирини кийим жавонимга, бирини дарс столимга қўйиб қўйганман. Сўнгра уларга амал қила бошладим. Шу васият сабабли ўзимга ишончим ортди, қалбим сакинатга тўлди. Масалан, ўсмирлик муаммолари сабаб бирор кун ҳам психолог маслаҳатига муҳтож бўлмадим. Яқинларим, дугоналарим кўпайди. Ҳар кеча Аллоҳнинг фазли билан хотиржам уйқуга кетаман».
Бошқа бир қиз айтади: «Неча йиллар ўзимдан, ҳаётимдан, атрофдаги ҳаммадан норози бўлиб яшабман. Сиқилиш, тушкунлик, уйқусизлик – ҳаммасини бошдан ўтказдим. Ҳатто жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман. Бой оиланинг фарзанди бўла туриб, шу аҳволга тушиб қолдим. Бир куни бир дугонам мени етимларга, камбағалларга эҳсон қилайлик деб, ёрдамлашишга чақирди. Унинг яқинлари бир хайрия жамғармасида ишлар экан, бу эҳсонлар ўша жамғармадан эди. Аллоҳнинг марҳамати билан, хайрли иш экан деб, рози бўлдим. Мана шу фикр ҳаётимнинг ўзгаришида илк қадам бўлди. Бир бева аёлникига бордик. Ёш-ёш етим болалари бор экан. Унинг уйига бордиму, ҳаётимда илк бор саодат, шукрона ҳиссини туйдим. Бу аёлнинг уйини, шароитини кўрсангиз эди… Аёл мурғак гўдаклари билан ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дош бериб яшаётган бўлса-да, Аллоҳнинг неъматлари, кўрсатган марҳаматлари учун тинмай ҳамд айтар эди. Биз озгинагина пул, рўзғор учун керакли нарсаларни берсак, ҳаққимизга узундан-узоқ дуолар қилди. Унинг дуоларида хурсандчилик, самимият, розилик ва ихлос балқиб турар эди. Ўша кунги зиёратдан йиғлаб қайтганим ҳали ҳам эсимда. Чунки шу пайтгача нақадар аҳмоқона ҳаёт кечириб келганимни ўша куни ҳис қилган эдим. Афсуски, умримнинг асосий қисми бойларга қараш, мол-дунё борасида улар билан мусобақа қилиш билан ўтиб кетибди. Бирорта дугонам меникидан чиройлироқ нарса сотиб олса ёки уникига ўхшаш нарсани излаб топа олмасам, кўзларимдан уйқу қочиб, ҳатто йиғлашга тушардим.
Бева аёлнинг зиёратидан кейин ҳаётга муносабатим бутунлай ўзгарди. Шундан кейин энди буёғига заифлар, ожизларга, камбағалларга ёрдам бераман деб бел боғладим. Моддий жиҳатдан қийналиб турган одамга ёрдам бериш шунақанги буюк саодат эканки, кўплаб инсонлар бундан мутлақо бехабар экан. Камбағаллар билан елкадош бўлиб яшасангиз, қандай аҳволда яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳаётингиздан рози бўлиб қоласиз. Уларга янада кўпроқ ёрдам бериш учун ўқишда, ишда янада кўпроқ тер тўкасиз. Бу эса ҳаётингизга барака киргизади, хотиржам ухлашингизга сабаб бўлади. Бошимдан ўтказган тажрибаларимдан келиб чиқиб, барча маҳзун қизларга камбағалларнинг, етимларнинг оналарига яқинроқ бўлишни, уларга имкон борича моддий, маънавий ёрдам беришни, улар билан тез‑тез суҳбатлашиб туришни тавсия қиламан. Бу тавсияга амал қилсангиз, ҳақиқий ҳаловат, чинакам хотиржамлик нималигини ўшанда биласиз. Бировга ёрдам беришнинг завқи бировдан ёрдам олишнинг завқидан кўра тотли бўлар экан».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.