Бугун, 16 апрель куни Тошкент шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган "Имом Термизий илмий меросининг Ислом тамаддуни ривожидаги аҳамияти" номли илмий семинар ўз ишини бошлайди.
Ушбу семинарни ташкил этишда Саудия Арабистони Информатция ва араб-рус тадқиқотлари маркази ҳам иштирок этмоқда. Илмий семинар Қуръони карим тиловати билан бошланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсуповлар иштирок этадилар.
Семинарда хорижлик мутахассислардан Информация ва араб-рус тадқиқотлари маркази раиси доктор Мажид ибн Абдулазиз ат-Туркий, Мажлис аш-Шўро собиқ аъзоси, ҳадисшунос олим Шайх Доктор Фолиҳ ибн Муҳаммад ас-Сағийр ва бошқалар иштирок этмоқдалар.
Семинар тўғрисидаги қўшимча маълумотларни порталимизда ёритиб борамиз. "Muslim.uz"ни кузатишда давом этинг!
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
Шаҳидаллоҳу аннаҳу лаа илаҳа илла ҳува вал малааикату ва улул илми қооиман билқисти лаа илаҳа илла ҳувал азийзул ҳакийм.
"Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам гувоҳлик бердилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир" (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига мен ҳам гувоҳман" деса, Аллоҳ таоло ушбу оятнинг ҳарфлари ададича фаришталарни қиёмат кунигача ўша кишининг ҳақига истиғфор айттириб қўяди".
Яна дедилар: "Ким уйқуга ётишидан олдин ушбу оятни ўқиса, Аллоҳ таоло етмиш мингта фариштани яратади ва улар қиёмат кунигача ўша кишининг ҳақига истиғфор айтиб турадилар".
Абу Ғолиб айтадилар: "Мен Куфага тижорат қилиш учун борганимда Аъмашга қўшни бўлиб турдим. Шунда у кишини ҳар кеча ушбу оятни такрор ва такрор ўқигани ва ундан кейин "Мен ҳам Аллоҳ гувоҳлик берган нарсага гувоҳман, мен ушбу гувоҳлигимни Аллоҳга омонат қилиб топшираман. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло менга омонатимни қайтаргай" деганларини эшитар эдим. Шунда у кишидан бунинг сабабини сўраганимда, айтган эдилар: "Абу Воил менга Ибн Масъуддан ривоят қилиб айтган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким ушбу оятни ўқиб, охирида ушбу калималарни айтса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга хитоб қилиб шундай дейди: "Бандам менга берган ваъдангда турдинг, яъни тавҳидда, Мен ҳам Ўз ваъдамда тураман. Эй, малоикаларим! Жаннатнинг ҳамма эшикларини очинглар, бу бандам хоҳлаган эшигидан кирсин", дейди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ