Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Январ, 2025   |   7 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:32
Bismillah
07 Январ, 2025, 7 Ражаб, 1446

Инсон нега бақиради?

15.04.2018   4535   2 min.
Инсон нега бақиради?

Ислом олимларидан бири талабалари билан бирга қаёққадир кетаётган эди. Йўл бўйидаги уйларнинг биридан эр-хотиннинг бақир-чақир қилаётгани эшитилди. Устоз талабаларига юзланиб:

 – Одамлар нега бир-бирига ғазаб билан қичқиради?.. – деб сўради.

Талабалардан бири:

– Одам жаҳли чиққанда  бақиради-да, – деди. 

Шунда у муборак зот:

– Аммо жаҳлимизни чиқарган инсон шундоққина пешонамизда турган чоқда унга нега бақириб гапирамиз? Унга айтмоқчи бўлган гапларимизни пастроқ овозда айтишимиз ва сўзлашга катта куч сарфлашимиз мумкин бўла туриб нега бўғзимизни йиртадиган даражада катта куч сарфлаб бақирамиз? – деб яна сўради. 

Талабаларидан сас чиқмагач, ўзи тушунтира бошлади:

– Икки инсон бир-биридан ғазаблангани заҳоти уларнинг қалблари бир-биридан узоқлашади. Шундан кейин улар узоқ масофадан бир-бирига овози эшитилсин учун бақиришга мажбур бўладилар. Уларнинг ғазаби қанчалик кучайса, ўртадаги масофа ҳам шунча узоқлашиб бораверади ва улар янада қаттиқроқ бақириб гапиришга мажбур бўладилар.  

Хўп, икки инсон бир-бирини севса-чи, унда нима бўлади? Улар бақириш ўрнига мулойим оҳангда гаплашади. Чунки қалблари бир-бирига жуда ҳам яқиндир ёки орадаги масофанинг ўзи ҳам йўқдир.

Хўш, икки инсон бир-бирини жуда ҳам қаттиқ севса нима бўлади? У ҳолда уларга сўзлашишнинг кераги йўқ. Шунчаки шивирлашади, холос. Негаки, уларнинг қалби бир-бирига янада яқинлашгандир. Бора-бора уларнинг шивирлашига ҳам эҳтиёж қолмайди, бир-бирига қараб қўйсалар бас, шунинг ўзи етарли бўлади. Икки инсоннинг бир-бирига бўлган ҳақиқий севгисининг изҳори ана шудир.

Яна бир оздан сўнг талабаларига қарата бундай деди:

– Шундай экан, бирор сабаб билан баҳслашиб қолсангиз, қалбларингизнинг орасига масофа киришига йўл қўйманг. Орангизга масофа олиб кирадиган сўзлардан узоқ бўлинг, йўқса, сизларни узоқлаштириб юборади у.

Демишларки…

“Cабзавотчи бақирур, сарроф бақирмас,

Эскичи бақирур, антиқачи бақирмас...”

Фикри қийматли бўлган бақирмайди, бақирган ўйламайди, ўйламаган ғавғо қилади.

Сасимизни эмас, сўзимизни юксалтирайлик.

Раббим бизни гўзал сўзли, ҳикматли ва назокатли бандаларидан айласин, иншоаллоҳ!

 

Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Намозда қироат масаласи

4.01.2025   5707   2 min.
Намозда қироат масаласи

Ҳанафий мазҳабимиз фиқҳ китобларида намоздаги қироатга доир масалалар, шу­нингдек, қироат ҳамда алоҳида боб ёки фаслларда батафсил баён қилинган. Чунки қироат намоз ичидаги фарзлардан биридир. Намозда қироат мукаммал бўлмоғи зарур.
Фиқҳ китобларимизда, шунингдек, на­мозга тегишли илмларни ўқиб-ўрганиш тунги нафл (таҳажжуд)нинг савобидан ор­тиқроқ ва афзал экани ҳам таъкидланган.

Биз “Ҳидоя”, “Мухтасарул-виқоя”, “ал-Их­тиёр”, “Маслакул-муттақийн” ва бош­қа ўн­лаб ҳанафий мазҳабимиз фиқҳ китобла­рида баён этилган намозда Қуръон оятла­рини хато қилмасликка доир масалаларни ва фатволарни жамлаб, икки қисмли китоб қилинади.
Китобнинг 1-қисми беш вақт намозда зам сура қилиб ўқиладиган оятлар қироатида юз берадиган хатоликларга доир муҳим маълумотлар тўпланди. Қуйида шу китобнинг 1-қисмидан парча ҳавола этмоқдамиз:

  1. Намозхон Масад сурасининг “Таббат ядаа абии Лаҳаб” (تبت يدا أبي لهب ) жумласини “Таббат адаа аби Лаҳаб” (تبت أدا أبي لهب ) деб ўқиса, намози бузилади.
  2. Қурайш сураси қироатида “Риҳлата-ш-шитаи ва-с-сойф” (رحلة الشتاء والصيف) жумласидаги “сойф” (صيف) ни “сийн” (س) билан “сайф” (سيف) деб ўқиса, намози бузилади.
  3. Шунингдек, мазкур жумладаги “шитааун” (شتاء) сўзини “то” (ط) ҳарфи билан “шитоун” (شطاء) деб ўқиса, намози бузилади.
  4. Мазкур сура охиридаги “…каъасфин…” (كعصف) сўзининг (ҳарфлари ўрнини алмаштириб) “каъафсин” (كعفص) деб ўқиса, намози бузилади.
  5. Маъун сураси қироатида “…ядуъъу-л-ятийм” (يدع اليتيم) жумласини “…ядуу-л-ятийм” (يدع اليتيم) деб “айн”ни ташдидсиз (яъни, битта қилиб) ўқиса, намози бузилмайди. Лекин “дол”ни сукунли қилиб “ядъу-л-ятийм” (يدع اليتيم) деб ўқиса, намози бузилади.
  6. Фалақ сураси қироатида “ва мин шарри ғосиқин изаа вақаб” (ومن شر غاسق إذا وقب) жумласидаги “ғосиқин” сўзини “фосиқин” деб ўқиса, намози бузилади.
  7. Наас сураси қироатида “…Мина-л-жинна­ти ва-н-наас” жумласини “мина-л-жинната” деб насб қилиб ўқиса, намози бузилади.
  8. Фийл сурасидаги “…кайдаҳум фий тазлийл” (كيدهم في تضليل) жумласини “Зо-изғи” (ظ) ҳарфи билан ўқиса, баъзи уламолар “намоз дуруст бўлмайди”, дейишган.
  9. Тийн сураси бошланишида “Ва-т-тийн” сўзини “то-итқи” (ط) ҳарфи билан ўқиса, намози бузилади.
  10. Ихлос сурасининг “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (قل هو الله احد) жумласидаги “аҳад” (احد) сўзини “те” (ت) ҳарфи билан “аҳат” (احت) деб ўқиса, намози бузилади.

    Давоми бор...

Имом Сарахсийнинг “Муҳит” асари ва бошқа манбалар асосида
ЎзРФАШИ катта илмий ходими, ТошДШУ доценти
Баҳриддин УМУРЗОҚОВ тайёрлади.