Ҳаж амалини бажаришга отланган татристонликлар 2018 йилдаги сафар учун 10-15 минг рубль миқдорида қўшимча маблағ тўлашлари маълум қилинди. Бу ҳақда “Татар-информ” ахборот агентлигига Татаристон мусулмонлари идорасининг расмий Ҳаж-оператори маълум қилган.
Агентлик вакили берган маълумотларга кўра, Саудия Арабистони 2018 йилдан бошлаб 5 фоиз миқдоридаги солиқ жорий этган. Шу сабабли Саудия Арабистонида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва хизматлар (турар жой, овқатланиш ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш) нархи қимматлашган. ТМИ қошидаги “ТМИ Ҳаж” агентлиги бир қанча дастурларни таклиф қилган. Ҳажга бориш учун талаб этиладиган энг кам тўлов 139 минг рубль (20 миллион сўм атрофида, Марказий Банк ўрнатган курс бўйича ҳисобланди) экани айтилмоқда. Бундан ташқари 149 (21 миллион сўм), 165 (23 миллион сўм), 235 минг (33 миллион сўм) рубллик йўлланмалар борлиги маълум қилинган. “Люкс” Ҳаж учун 375 минг (53 миллион сўм) рубль тўланиши айтилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:
"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.
Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.
Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.
Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.
У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.
Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.
Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.
Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."
Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).