Икки муқаддас ҳарами шариф ишлари бўйича Бош бошқарма Кўргазмалар ва музейлар ишлари бўйича Бош раислик агентлиги билан ҳамкорликда Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидида Каъба ва Каъбапўшга оид кўргазмасини ташкилаштирди. Мазкур кўргазма фаолияти 27 май кунига қадар давом этади.
Саудия Aрабистони матбуот агентлигининг таъкидлашича, кўргазма Икки муқаддас ҳарами шариф ишлари бўйича Бош бошқармаси раҳбари шайх, доктор Абдурроҳман ас-Судайс раҳбарлигида ўтказилмоқда.
Aгентликнинг таъкидлашича, кўргазмани ўтказишдан зиёратчиларни Саудия Aрабистони ҳукуматининг муқаддас Каъбага эътибор қаратиши, уни қайта қуриш, таъмирлаш, деворларини мустаҳкамлаш, эшикларини янгилаш ва унинг атрофидаги шозуронни ҳозирги ҳолатга келтиришдаги хизматларини таништириш мақсад қилинган.
Кўргазма Каъба билан боғлиқ баъзи технологик воситалар, яъни Каъбатуллоҳни хушбўй ҳидли парфюмерия маҳсулотлари билан ювиш, мушку анбар сепиш ва тозалаш воситалари билан таъминлаш, шунингдек, Каъба эшиги учун парда, баъзи лампалар, Каъба учун тўқилган матодан иборат бўлган шарафли Каъбанинг қопламаси (Каъбапўш) ва унинг тўқилиш жараёни ташриф буюрувчиларга намоён қилишни ўз ичига олади.
Кўргазмада, шунингдек, Каба эшиги, Каъбанинг калити, Қора тош (Ҳажарул асвад), Яман бурчаги (Рукнул Яманий) каби муқаддас Каъбанинг хусусиятлари ҳақида ҳикоя қилувчи эстетик тасвирлар ҳамда Каъба билан боғлиқ бўлган ҳужжатли фильмлар, Икки Муқаддас масжиднинг диққатга сазовор жойлари расмлари ҳам намойиш этилади.
Кўргазма ташриф буюрувчиларга 12 кун давом этадиган даврида Каъбапўшнинг Каъбага қопланиши жараёни тафсилотларини кўриш имконини беради. Кўргазма соат 10:00 дан 22:00 гача давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.