Қуръони каримни хатм қилиш бевосита илоҳий топшириқ асосида жорий қилинган бўлиб, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида, у зотнинг шахсий амаллари асосида йўлга қўйилган. Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом ҳар рамазон ойида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан айни пайтгача нозил бўлган сураларни тўлиқ ўтказдирар эди. Имом Бухорий «Қуръон фазилатлари китоби»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қуйдагича ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг кўп сахийликлари рамазон ойида бўлар эди, чунки Жаброил рамазон ойида то у чиқиб кетгунича ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашар, у зот унга Қуръонни ўтказар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар».
Ҳадис таржимасида «ўтказиш» деб ўгирилган жумла араб тилида «муъаародотун» дейилади. Бу бир-бирига ўқиб бериш, ўқиб ўтказиш деганидир. Бунда икки тарафнинг бир нарсани навбатма-навбат тўлиқ ўқиши, бири ўқиганда, иккинчиси эшитиб, кузатиб туриши тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари рамазон ойида Қуръон деярли тугал бўлиб қолган эди ва шу боис Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга икки марта хатм қилдирган эди. Ушбу сўнгги хатмга айрим саҳобалар гувоҳ ҳам бўлишган. Имом Бухорий Фотима розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Жаброил менга Қуръонни ҳар йили бир марта ўтказдирар эди, бу йил икки марта ўтказдирди. Буни ажалим келиб қолганидан бошқа эмас деб ўйлайман», деб пичирладилар».
Демак, Қуръонни хатм қилиш намоз, рўза, ҳаж ва бошқа диний амаллар каби бевосита илоҳий кўрсатма асосида, намунаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларида кўрсатилган ҳолда шариатда жорий қилинган амал экан. Аллоҳ таоло Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида жамлашни ва тилларида қироат қилдиришни Ўз зиммасига олган бўлсағда, ваҳий фариштасини юбориб, унинг Расули акрам алайҳиссаломга ҳар рамазонда хатм қилдириши хатми Қуръон қилишнинг аҳамияти қанчалар юксак эканини кўрсатади. Қуръони каримни илк бор қабул қилиб олиб, уни бутун вужудига сингдира билган дастлабки мусулмон авлод – саҳобаи киромлар ушбу ҳақиқатни яхши англаб етдилар ва илоҳий намуна бўлмиш Қуръонни хатм қилиш ишини ҳам жуда гўзал тарзда амалга оширдилар. Ҳатто айримлари Қуръонни ҳар куни бир марта тўлиқ ўқишни одат қилиб олган эди. Аммо ҳар ишда мўътадилликни шиор қилиб тутган Расулимиз алайҳиссалом бу борада ҳам меъёрни ушлашни буюрдилар.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бугун ҳижрий санада Шаввол ойининг 20 санаси. Тахминан яна 10 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Ва эслат. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур” (Зориёт сураси, 55-оят).
Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:
“Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор. Ким бир ёмонлик келтирса, у фақат қилганига яраша жазоланур. Ва уларга зулм қилинмас” (Анъом сураси, 160-оят).
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!
Даврон НУРМУҲАММАД