Бу дунёда Аллоҳнинг ҳукми билан инсонлар моддий имкониятларига кўра турли тоифаларга бўлинади. Албатта, Аллоҳ барчани бой қилишга қодир бўла туриб, уларни бой ва камбағал қилиб қўйишида ҳикмат бор. Аллоҳ баъзиларга ризқни кенг ва баъзиларга эса тор қилиб берганидаги асосий ҳикматлардан бирини баён қилиб шундай дейди: «Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар. Лекин У ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва (ҳамма нарсани) кўриб турувчидир» (Шўро сураси 27 оят).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради», дедилар» (Термизий ривояти).
Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати тўғрисида Қуръонда шундай дейилган: «Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир» (Бақара сураси, 271 оят). Демак, садақани хоҳ ошкора хоҳ яширинча берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга яъни гуноҳларининг кечирилишига эришади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайри эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаъат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб бир нарсани беради.
Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни имони борлигига)», дедилар» (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали имонимиз борлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлар эканмиз. Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсага қасам ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар», дедилар.
Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайсингиз яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, юзини дўзах оловидан асрашга қодир бўлса, шу ишни қилсин», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Эҳсон қилиш энг олдин сизни авайлаб-ардоқлаб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади.
Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир»; «Расули акрам алайҳиссалом: яъни: «Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз», дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар». Бошқа ҳадисда эса, яъни: «Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Юқорида келтирилган оят ва ҳадисларга биноан ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша ва садоқатли бўлиши лозим. Бу имтиҳон дунёда бизларга берилган маънавий ва моддий бойликларини Аллоҳ ва унинг Росулининг кўрсатмаларига монанд сарф қилиб, Қиёмат кунида “Сахий бойлар” қаторида турмоқликни насиб айласин.
Улуғбек НАЗИРОВ
Андижон шаҳар
“Холиқбердибой” жоме масжиди имом хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мўмин учун энг катта неъматлардан бири унинг вақти, умридир. Агар олдига аниқ, қатъий мақсад қўймаса, ҳаётда ўз ўрнини топа олмайди.
Мўмин киши кунлик, ҳафталик, ойлик, йиллик, хуллас бутун умрини режалаб олиб, шу асосда ҳаракат қилса, вақтига барака, мазмун киради.
Айримларда мутлақо режа бўлмайди ва нима қилишини билмай, бошқалар режаси асосида яшаб, уларнинг режаларига хизмат қилади.
Аслида ҳамманинг ўзига яраша келажакда бажариши лозим бўлган юмушлари, эришишни кўзлаган орзу-мақсадлари бор. Лекин кўпчилик уларни тартиблаб, муҳимларини қайдлаб ёзиб чиқмаган. Шунинг учун ҳам, атрофидагиларга қаттиқ боғланиб қолган ва улар таъсиридан ташқарига чиқолмайди.
Режани қандай тузиш керак? Аввало киши жисмоний, руҳий, иқтисодий, оилавий ва ижтимоий имкониятларини чамалаб, қилиши мумкин бўлган ишларни белгилайди. Бу борада устозлар, ота-онаси ва илмли, ҳаётий катта тажрибага эга муваффақиятли кишиларнинг кун тартибларини ўрганиш, имкон бўлса, улар билан фикр алмашиб, маслаҳатларини олиш ва шулардан келиб чиқиб қиладиган ҳар бир ишни вақтлар кесимида ёзиб чиқиш керак.
Айтилганидек, «Орзулар ёзиш билан мақсадга айланади». Ёзилган мақсад эса кишини огоҳлантириб, дангасалик қилмай ва бўшашмай олға интилишга ундайди.
Мақсадларни маълум вақт билан чегаралаб олиш ишларни «эртага қиламан», «индинга бажараман» деб ортга сурмай, ўз ўрнида бажариш лозимлигини эслатиб туради.
Доимий режа асосида қилиб бориладиган иш вақт ўтиши билан ўз самарасини беради.
Бу ҳақда кўп ёзиб ўтирмай, уламоларимиз режаларидан биргина намуна келтирсак кифоя:
Шайх Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳар куни яқин шериклар билан камида 100 бет китоб ўқишни, бир йилда 1000 та, ўн йилда эса 10000 та китоб ўқишни режа қилган ва шунда бардавом бўлган эканлар. Бу миқдор мустақил китоб ўқишлари ва таълифларидан ташқари.
Шу каби илмда, касб-ҳунарда ва бошқа ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришган кишилар ҳаётига назар ташласангиз улар ўз олдига юксак мақсад қўйиб, қадриятларини белгилаб, мана шу асосда ҳаракат қилганларини кўрасиз.
Албатта, ҳаммаси Аллоҳ таоло битиб қўйганидек бўлади. Биздан сабабларни қилиш ва ҳаракат талаб этилади. Натижа эса Аллоҳдандир. Мақсадларни ёзиб, бор кучимизни сарфлаб унга эришолмасак ёки умримиз етмай қолган тақдирда ҳам қилган яхши ниятимиз ва ҳаракатимиз учун ажр оламиз, иншаАллоҳ.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади.