Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Апрел, 2025   |   14 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:48
Пешин
12:29
Аср
17:04
Шом
19:03
Хуфтон
20:20
Bismillah
12 Апрел, 2025, 14 Шаввол, 1446

Гуноҳларни ўчириш йўли

11.04.2018   7403   4 min.
Гуноҳларни ўчириш йўли

Бу дунёда Аллоҳнинг ҳукми билан инсонлар моддий имкониятларига кўра турли тоифаларга бўлинади. Албатта, Аллоҳ барчани бой қилишга қодир бўла туриб, уларни бой ва камбағал қилиб қўйишида ҳикмат бор. Аллоҳ баъзиларга ризқни кенг ва баъзиларга эса тор қилиб берганидаги асосий ҳикматлардан бирини баён қилиб шундай дейди: «Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар. Лекин У ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва (ҳамма нарсани) кўриб турувчидир» (Шўро сураси 27 оят).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради», дедилар» (Термизий ривояти).

Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати тўғрисида Қуръонда шундай дейилган: «Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир» (Бақара сураси, 271 оят). Демак, садақани хоҳ ошкора хоҳ яширинча берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга яъни гуноҳларининг кечирилишига эришади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайри эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаъат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб бир нарсани беради.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни имони борлигига)», дедилар» (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали имонимиз борлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлар эканмиз. Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсага қасам ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар», дедилар.

Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайсингиз яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, юзини дўзах оловидан асрашга қодир бўлса, шу ишни қилсин», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Эҳсон қилиш энг олдин сизни авайлаб-ардоқлаб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади.

Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир»; «Расули акрам алайҳиссалом: яъни: «Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз», дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар». Бошқа ҳадисда эса, яъни: «Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Юқорида келтирилган оят ва ҳадисларга биноан ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша ва садоқатли бўлиши лозим. Бу имтиҳон дунёда бизларга берилган маънавий ва моддий бойликларини Аллоҳ ва унинг Росулининг кўрсатмаларига монанд сарф қилиб, Қиёмат кунида “Сахий бойлар” қаторида турмоқликни насиб айласин.

 Улуғбек НАЗИРОВ

Андижон шаҳар

“Холиқбердибой” жоме масжиди имом хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қалбингизни маҳзунликка тўлдирадиган амал

11.04.2025   2205   7 min.
Қалбингизни маҳзунликка тўлдирадиган амал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бандаларим ичида шукр қилувчилари оздир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятида инсонни “кафур” яъни неъматларни эътироф этмайдиган, ношукр, деб атаган.

Куфрнинг асл маъноси ҳам шу, шукрнинг зидди. Шукр бу неъматларни эътироф йўлига кўра зоҳир қилиш бўлса, куфр уларни яшириш, тан олмаслик ва инкор қилишдир.

Дарҳақиқат, инсон ўзидаги умрбод шукр ҳисси билан яшашни тақозо қилувчи кўплаб неъматларни кўрмайди. Нигоҳини мудом ўзидан бойроқ, ўзидан чиройлироқ, ўзидан соғломроқ кишиларга қаратиб, ўз қалбини маҳзунликка тўлдиради. Ҳолбуки, аввалги неъматларнинг шукри адо этилмаган ёки ярим ямалоқ тарзда адо этилган, аввалги соғломлик даврида саломатлигининг қадрига етиб, бунинг учун бахтиёрлик ва шукроналик ҳиссини туймаган эди.

Нафс ўзгаларга боқар экан, ўз эътиборини уларга насиб бўлган неъматларга қаратади. Улар дучор бўлган мусибатлар ва ғам-ташвишларни кўрмайди. Қачонки, навбат ўзига келганда эса доим йўқотишлар ва қайғуларни кўради.

Бундай инсонга орзу қилган нарсалари бериб қўйилса ҳам шукрини адо этиши қийин. Чунки ўз кўзида кичикроқ бўлиб кўринган аммо аслида буюк бўлган неъматларни кўрмасдан келди, уларга шукр қилмади. Бундай инсон орзусидаги неъматлар ато этилганда ҳам уларни кичик кўради ва янада каттароғини орзулайди.

Шукр қилувчи банда бўлиш бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайдиган буюк ишлардандир.

Шукр бу фақат тилда Аллоҳга шукр! ёки алҳамду лиллаҳ! дейиш билан амалга ошмайди.

Тил шукри бу Аллоҳга У берган неъматлари учун ҳамд айтиш, уни ўзгалар ҳузурида ибрат маъносида зикр қилишдир.

Амал шукри эса У берган неъматлари баробарида солиҳ, эзгу амаллар қилиш, Унга тоат ва ибодатда бўлиш, У берган неъматларни Унга гуноҳ ва маъсият бўлган ишларга сарф қилмаслик, У ато этган моддий ва маънавий неъматларни эзгуликка сафарбар қилиб, Аллоҳ унга эҳсон қилгани каби у ҳам Унинг бандаларига эҳсон ва мурувват кўргузишидир.

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шукр бу – Аллоҳнинг неъмати банданинг тилида мақтов ва эътироф шаклида зоҳир бўлиши, қалбида эса шуҳуд ва муҳаббат тарзида намоён бўлиши, тана аъзоларида эса Унга итоат ва бўйсуниш ўлароқ кўринишидир” (“Мадорижуc соликийн”. 2/244).

Демак, шукр тилда, қалбда ва амалда бўлар экан.

Тил шукри мунъим (неъмат берувчи)ни мақтаб, Унга сано айтиб, Унинг неъматларини эътироф этиш билан амалга ошади.

Қалб шукри эса Аллоҳнинг буюклиги, азамати, фазлу марҳамати, лутфу иноятининг чеки йўқлиги ва Ўзининг карами ва саховати ила бандасига ато этган неъматларни қалб кўзи ила кўриб, бу ҳақда тафаккур юритиб, ўзидаги неъматларни уларнинг мунъими бўлган Зотга боғлаб, Унга қалбан миннатдорлик ва муҳаббат ҳисларини туймоқдир.

Шукрнинг ушбу икки босқичи босиб ўтилгач ўз-ўзидан учинчи босқич бўлмиш амал шукри келади. Бу марҳалага етиб келган инсон Мунъим томонидан ўзига ато этилган неъматларни У рози бўладиган эзгу ишларга сарф этади, Аллоҳ таоло унга эҳсон қилгани каби у ҳам ўзи каби бандаларга эҳсон қилади, асло-асло Қорун каби ман қилувчи бўлиб қолмайди. Балки, Аллоҳ таолонинг гўзал исму сифатларидан ўз насибасини олган ҳолда Аллоҳ унга карам кўрсатгани каби у ҳам олийжаноб бўлишга интилади. Шу тариқа, у шокир ва шакур мақомига эришади.

Бу эса шукрнинг учта босқичидан сўнг эришиладиган буюк мартаба бўлиб, Аллоҳ таоло бу сифат билан Ўз пайғамбарларини васфлаган. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломни Албатта, у шакур (кўп шукр қилувчи) банда эди (Исро сураси, 3-оят) дея мақтов ила зикр қилган.

Шунингдек, бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандалари ичида шукр қилувчилари озлигини эслатар экан, бу сифатнинг нечоғли улуғлиги ва ҳаммага ҳам насиб бўлмайдиган, ҳамма ҳам ета олмайдиган нодир ва ноёб бир мақом эканига ишора қилади: Бандаларим ичра шукр қилувчи бўлганлари эса оздир (Сабаъ сураси, 13-оят).

Инсон ушбу ояти карима устида бироз тафаккур юритса, ўзи учун олам-олам маънолар эшигини очиши муқаррар.

Бу сўзлар ила Аллоҳ таоло нафақат воқеликдан хабар бермоқда балки, олийжаноб, ўзини ҳурмат қилувчи ва ҳақиқий мард бўлган бандаларини Ўзининг азалий тақдирида оз ва нодир бўлишларини ёзиб қўйган шукр қилувчи зотлар сафидан ўрин олишга ташвиқ этмоқда.

Фаросат эгалари, Аллоҳни муроқаба қилувчи, Уни яхши кўрувчи, қалбларининг энг тўридан Унга энг ардоқли жой ажратган бандалари бундай оятлар ўз ичига олган теран маъноларни англашлари ва унинг ўзларига хитоб эканининг фарқига боришлари шубҳасиз.

Шунингдек, Роббимизнинг мазкур сўзлари шукр қилувчилардан бўлиш оғир иш экани, етишиш қийин бўлган мартаба экани ҳамда Аллоҳ наздида шаъни улуғ иш эканига ҳам далолат қилади.

Агар ундай бўлмаганда эди, Аллоҳ таоло бандаларим орасида шакур бўлганлари оздир демаган бўларди. Агар бундай бўлмаганда эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода Аллоҳдан Ўзига шукр қилишга ёрдам беришини сўрашни васият қилмаган бўлардилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз асҳоблари ичида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни ўзгача яхши кўрардилар, у кишига ўзгача таважжуҳ қилардилар. Уни баъзан ўз уловларига миндириб олардилар. Шунингдек, у кишидан Қуръонни ўрганишга ҳам тарғиб қилардилар.

Муоз ибн Жабал Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муқарраб бўлган саҳобийлардан эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни яхши кўришларини қасам ичиб айтганлар.

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад”да, Абу Довуд “Сунан”да Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтиришича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалнинг қўлидан тутиб Эй Муоз! Аллоҳга қасамки, мен Сени яхши кўраман. Эй Муоз, мен сенга шуни васият қиламанки, ҳар намоз сўнгида “Аллоҳумма аъинний аъла зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика”, дейишни тарк этма!”, дедилар.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур саҳобийга ҳар намоздан сўнг юқоридаги тартибда дуо қилишни васият қилдилар. Дуонинг мазмуни эса қуйидагича: Аллоҳим, Сени зикр қилишга, Сенга шукр қилишга ва Сенга гўзал равишда ибодат қилишга ёрдам бер!.


Зиё АШРАФ