Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Эрни рози қилган аёл...

10.04.2018   14809   15 min.
Эрни рози қилган аёл...

Қизлар жувонларга тўла бу дунё

Аммо хайруннисо Фотима қайда

“Хайруннисо”, яъни “аёлларнинг аълоси” деган даража нафақат Хадича (р.а)га, балки кейинчалик унинг қизига ҳам берилган. Фотима (р.а) ўта сабру қаноатли, эрига итоатли аёл деган ном барчага ибрат бўлган ва шу сифатларига кўра “Жаннат саййидаси” деб мадҳ этилингандир. Ибн Можа «Сунан»ларида ва Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ларида келтирилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Авф айтадилар: Муъоз (р.а) Шомдан келганларида Набий (с.а.в.)га сажда-таъзим қилдилар. Шунда у зот: «Эй Муъоз бу нимаси?» деб сўрадилар. Муъоз: «Эй Расулуллоҳ, Шомга борган эдим, уларни епископ ва патриархларига, яъни, диндор ва роҳибларига сажда қилишаётганинг устидан чиқиб қолдим ва ўйладимки, бу нарсани сизга қилиниши лозим ва бунга сиз ҳақлисиз, деб сизга сажда қилмоқликни  ирода қилдим», яъни сиз инсонларнинг ичида таъзим (сажда) қилишга лойиқроқсиз, деган эди, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бундай қилма! Эй Муьоз агар бирор кишига Аллоҳдан ўзгага сажда қилишни буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, аёл эрининг ҳаққини адо қилмагунича, Раббисининг ҳаққини адо қилолмайди. Ҳатто уловнинг устида бўлган ҳолида, эри у билан қўшилишни талаб қилса, аёл туянинг устида бўлса ҳам, уни рози қилмоқлик учун эрининг талабини бажармоқлиги лозим,  уни қайтармаслиги керак» (Ибн Можа ривояти).

Эрнинг аёли устидаги ҳаққи шунчалар улуғки ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Агар бирортага Аллоҳдан бошқага сажда қилишни буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим».

Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.) айтадилар: «Сизларнинг ичингиздан жаннатга кирадиган эркаклар ҳақида хабар берайми дедилар?» «Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули», дедик. Шунда: «Пайғамбар (с.а.в) жаннатдадир, сиддиқ жаннатдадир, шаҳар ичидаги биродарларини фақат Аллоҳ учун зиёрат қилса, шу эркак жаннатдадир. Сизларга жаннатга кирадиган аёлларингиз ҳақида хабар берайми», дедилар. « эй, Аллоҳнинг Расули», дедик. У киши: «Меҳрибон ва туғувчи, яъни, эрига меҳрибон итоаткор ва кўп фарзанд туғувчи аёллардир. Агар аёл ғазабланиб ёки бирор нарсаси ёқмай эрининг жаҳлини чиқарса: «Мана қўлим қўлингизда, рози бўлмагунингизча уйқуга кўз юммайман», деб айтади. (Табароний ривояти).

Ибн Можа «Сунан»ларида Муъоз бин Жабалдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларида, Набий (с.а.в.) айтганлар: «Дунёда бирор бир аёл эрига азият етказса, эркакнинг жаннатдаги шахлокўз ҳурларидан бўлган завжаси: «Унга азият етказма, Аллоҳ сени ўлдирур, бас у дунёда бегонадир. Яъни, ўткинчи меҳмон сендан ажралиб, яқинда бизнинг олдимизга келади». Яъни, сени дунёда тарк қилиб, бизнинг олдимизга келишига яқин қолди ва мен унинг жаннатдаги завжасиман: деб у аёлга нидо қилади: дедилар.

Яна эрнинг аёли устидаги ҳақларидан аёл унинг мол-мулки ва номусини сақлаши ва уйига бирор кишини эрининг рухсатисиз киритмаслиги керак. Бу ҳақда Набий (с.а.в.) айтганлар: «Сизларга эркак жамлайдиган яхшилик ҳақида хабар берайми? У солиҳа аёлдирки, агар эри унга қараса хурсанд бўлади, буюрса итоат қилади ва бирор жойга чиқса, унинг мол-мулкини муҳофаза қилади» (Абу Довуд ривояти).

Эрнинг аёли устидаги ҳақларидан яна бири – эри уни тўшагига чақирса, боришдан бош тортмаслиги. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қуйидаги сўзларига биноан: «Агар эркак аёлини тўшагига чақирсаю, у келишдан бош тортса, фаришталар уни тонг отиб бўлгунича лаънатлайдилар» («Фатҳул Борий ала Саҳиҳул Бухорий»).

 Жобир (р.а.) ривоят қилган: «Уч хил инсоннинг намозлари қабул бўлмайди ва улардан осмонга яхшилик кўтарилмайди:

  1. Қочган қул, то қайтиб келмагунча;
  2. Маст одам, то ўзига келмагунча (кайфи тарқамагунча);
  3. Эрини ғазаблантирган аёл то эри рози бўлгунча (Ибн Ҳиббон ривояти).

Набий (с.а.в.) видолашув ҳажларидаги хутбаларида ушбу сўзларни айтдилар: «Огоҳ бўлингларки, сизлар учун аёлларингиз устида ҳақ бор ва аёлларингиз учун сизларнинг устингизда ҳақ бор. Бас, сизларнинг улар устидаги ҳаққингиз – ўрнингизга сиз ёқтирмайдиганларни киргизмасликлари ва уйингизга сиз ёқтирмайдиганга рухсат бермасликлари. Огоҳ бўлингки, уларнинг сизлар устиларингиздаги ҳаққи уларга кийинишларида ва таомларида эҳсон қилишингиздир» дедилар. (Имом Муслим ва Ибн Можа ва Термизийлар ривоятлари).

Ислом аёлга эри ёқтирмайдиган бирорта одамни уйига киришга рухсат беришни ҳаром қилди. Чунки бу нарса эр хотин орасида адоват туғдириб, шубҳа гумонларга  олиб келади.  Баъзан эр, хотинининг амакиси ёки тоғасининг ўғлига ўхшаш қариндошларининг юриш туришидан гумонда бўлиши ва шу сабабли уйига унинг киришини истамаслиги мумкин. Ўзининг ё аёлининг баъзи қариндошлари турмушини бузишидан қўрқса, ундайларга киришни манъ қилишга ҳаққи бор. Шу пайтда аёл эрига итоат қилиши лозим бўлади. Агар уйда хотин эри ёқтирмайдиган душманини ҳурмат қилаётганини кўрса, кўнглига оғир ботиб ғазаби қўзғайди.

Эрнинг аёли устидаги ҳақларидан яна бири – уй ишларини бошқариш, яъни овқат пишириш, ювиш, тозалаш кабилардир. Улар ҳамма даврда урф одат бўлиб, у ҳақда улуғ кўрсатмалар келган, чунки ҳаёт ўзаро ёрдам ва бардамликсиз давом этмайди:

     وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ 

 (Эй мўьминлар) Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир (Моида сураси, 2).

Эркак уйдан ташқарида аёли ва фарзандларининг саодати ва эҳтиёжларини ўйлаб, озиқ овқат ва кийим кечак олиб келиш учун ишлайди тирикчилик қилади. Аёл эса уйда овқат пишириш, идиш товоқ, кир ювиш ва умуман уйни саодат масканига айлантириш учун уй ишлари билан шуғулланади. Эркак уйдан ташқаридаги ишларни, аёл киши эса уй ичидаги ишларни бошқаради. Шу тариқа ҳаёт ўзаро бир-бирини тушуниш ва ўзаро ёрдам асосида тикланади. Баъзи фақиҳлар никоҳ ақди фақатгина эр-хотинлик турмуши, жасадий роҳат ва жинсий шаҳватни қондириш учун ёки уй хизматини қилдириш учун эмас, эркак уйга ходим тайинлаб қўйиши шарт, деб айтишади. Аммо саҳиҳ хабарларда келишича, Набийнинг (с.а.в) аёллари ҳам, қизлари ҳам уй хизматида бўлишган. Уйда қилиниши керак бўлган нарсани барчасини ўзлари қилишган, Набий (с.а.в) ҳам, бу ишларда аҳли аёлларига кўмаклашганлар.  Оишанинг (р.а.) зикр қилганларидек , аёлларига ёрдам бериб турганлар. Оишадан (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уйда нима иш қилишлари ҳақида сўраганларида айтганлар: «Аҳлларининг хизматида бўлиб, қачон намоз вақти бўлиб қолса, намозга чиқиб кетардилар» (Бухорий ривояти).

Имом Аҳмад Оиша (р.а.)дан ривоят қилишларича, у кишидан: «Набий (с.а.в.) уйларида нима билан машғул бўлар эдилар?» деб сўрашди. Оиша (р.а.): «Кийимларини ўзлари тикар, наъл (орқаси кесик, шиппаккка ўхшаш оёқ кийим)ларини тузатар, эчкиларини ўзлари соғар ва эркаклар уйда қиладиган ишларни қилар эдилар», деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Эрининг ҳаёт қийинчиликларини кўтаришда ёрдам бериш, эр-хотин орасидаги саодатнинг давомий бўлишни таъминлаши ва бунинг натижасида уй низом ва тартиб асосида тикланишига асар ва ривоятлардан далиллар келтириб берамиз.

Бухорий ва Муслимлар Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)дан ривоят қилишган, айтадилар: «Менга Зубайр уйландилар ва у кишининг бирорта ҳам моли ёки қули йўқ эди. Фақат бир дона оти бор эди холос. Шу отларига емини бериб, боқиб юрардим. Унинг охурига дон эзиб, хашак солиб, ем бериб, сув ичирардим. Челагини тешиб, ун элаб, хамир қорар эдим, лекин ҳеч чиройли қилиб нон ёпа олмас  эдим. Шунинг учун менга ансорларнинг қизлари нон ёпиб беришарди. Улар содиқ, яхши аёллар эди. Яна Зубайрнинг – Расулуллоҳ (с.а.в.) мен учун ажратиб берган ерларига дон экардим, лекин шу хизматларимнинг ҳеч қайсиси менга от боқишчалик оғир эмасди… То отам Абу Бакр менга хизматчи юбормагунларича от боқишдан қутилмадим. Менга хизматчи юбориб қулликдан озод қилгандек бўлдилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Али (р.а.) ривоят қиладилар: «У киши Ибн Аъбадга айтдилар: «Сенга ўзим ва Фотима бинти Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақида сўзлаб берайми? Фотима (р.а.) у зотнинг (с.а.в) аҳллари ичида энг суюклилари бўлиб у мен билан яшарди». Кўпинча у кичик тегирмончада ун чиқарар эди, қўл тегирмон унинг қўлини қадоқ қиларди. Мешда сув таширди, меш елкасига ботиб, изини қолдирарди. Уй супуриб кийимлари чанг бўлиб кетарди. Кунлардан бир куни Набий (с.а.в)нинг ҳузурларига хизматчилар келиб қолишди. Унга: «Бориб отангдан битта хизматчи сўраб келмайсанми?» дедим. Отаси олдиларига борса, суҳбатлашаётган одамлар бор экан. Эртасига ўзлари келиб қолдилар ва қизларига: «Нима ҳожатинг бор эди?» дедилар. У жим турган эди, мен: «Я Расулаллоҳ, мен сизга айтиб бераман, қўл тегирмонда ун чиқарганди, қўли қадоқ бўлди, сув кўтариб меш ташиганди, бўйнини из қилиб ташлади. Шунга ходимлар келиб қолганида, олдингизга бориб, уни бу қийинчиликлардан қутқариш учун бир ходим сўраб келишга буюргандим», деб айтдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Аллоҳга тақво қил, эй Фотима! Раббингнинг фарзларини адо эт, аҳли оиланг ишларини қил ва тўшагингга борганингда ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир айт, шу билан юзта бўлади. Мана шу нарсалар сенга ходимдан кўра яхшироқдир» дедилар. Шунда Фотима (р.а): «Аллоҳдан ва Унинг расулидан розиман», деди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в) қизларига ходим бермадилар» (Буни Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар). Бу ишлари билан  Расулуллоҳ (с.а.в.) қизларига меҳрибон бўлганмилар ё шафқатсиз? Ахир Фотима онамиз ул зот аҳлларининг ичида суюклироғи эмасмиди?

Асмо, Фотима ва Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлларининг (Аллоҳ уларнинг ҳаммасидан рози бўлсин)  Улар уй хизматида ўзлари ўзларига хизматкор эдилар ва у аёлларнинг бирортасида хизматкор йўқ эди. Уй хизмати – шараф, у ҳеч қайси амир ёки вазир қизининг қадрини пасайтириб қўймайди. Лекин эркакнинг ризқи кенг бўлиб завжасига ходим олиб беришга қодир бўлса, олиб берсин. Бундай ёрдам қилишда ҳеч қандай ёмонлик йўқ, аммо аёлнинг, уй ишидан бирортасини ходим бажариши шарт эмас. Эрнинг унга хизмат қилиб берадиган ва ишларини бажарадиган хизматкор олиб бериши керак, дейишимиз ортиқча ҳашаматдан бир кўриниш ва у бўлмаган ишдир. Наҳотки бизларнинг аёлларимиз салаф солиҳ аёллардан яхшироқ бўлса? Наҳотки қизларимиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қизлари Фотимаи Заҳродан карамлироқ бўлса. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ходим олиб бермай, балки қизларига бу нарсадан кўра раббисига яқинроқ қиладиган, афзалроқ нарсани – тасбеҳ, таҳмид ва такбир айтишни маслаҳат берганлари биз учун улуғ бир дарс ва ибрат эмасми?.

Имом Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» китобларида Асмо бинти Хорижа қизи турмуш қураётганида қилган насиҳатларини ҳикоя қиладилар, Асмо қизларига айтадилар: «Қизалоғим, ўсиб улғайган уйингдан чиқдинг ва ўзинг танимайдиган ва олдин яқин бўлмаган кишининг тўшагига кетдинг.

У учун ер бўл, сенга осмон бўлади,

У учун ўрин бўл, сенга устун бўлади.

У учун чўри бўл, сенга у қул бўлади,

Унга хиралик қилма, ёқтирмай қолади.

Яъни, ҳа, деб ундан ҳар балони талаб қилаверма, безор бўлади.

Ундан узоқлашма, эсдан чиқариб қўяди,

Сенга яқин бўлса, унга яқин бўл.

Сендан узоқлашса, ундан узоқ бўл,

Унинг бурни, қулоғи ва кўзини муҳофаза қилки, сендан фақат ширин ҳидни ҳидласин, фақат гўзал сўз тингласин ва сенинг чиройингни кўрсин»

Аллоҳга бўлган муҳаббат мўминнинг саодатидир. Аллоҳ учун севмоқ тубсиз саодатдир-ки, унинг таъмини фақатгина содиқ мўминлар биладилар ва унинг ўрнига бошқа нарсани истамайдилар.

Умму Муосира турмушга чиқаётган қизига насиҳат қилди. Унинг табассуми билан кўз ёшлари аралашиб кетган эди: Қизим, сен энди янги ҳаётга қадам қўаяпсан, у шундай ҳаётки, унда отанг учун ҳам, онанг учун ҳам, ака-ука, опа-сингилларинг учун ҳам ўрин йўқдир. Сен у ҳаётда эрингнинг ҳамроҳига айланасан, эринг бу ҳаётда сен ҳақингда унга биров шерик бўлишини истамайди, яъни сени ўзингдан ҳам қизғонади. Сен унга ҳам ёр, ҳам она бўласан. Сен унга унинг борлиғи, бор ҳаёти, бор дунёси эканингни сездир. Шуни билгинки, эр киши катта гўдак кабидир. Озгина ширин сўз ҳам уни бахтиёр қилади. Унинг сенга уйланиши сени ўз аҳли-оилангдан маҳрум бўлишингга сабаб бўлди деган туйғуни сезишига эринг учун имкон берма, чунки бу туйғу уни ҳижолат қилади. Ахир эринг ҳам сени деб ота-онасининг уйини, оиласини ташлади. Лекин у билан сенинг орангдаги фарқ у эркак, сен аёл эканлигингдир. Сир эмас, аёл киши доимо оиласига, туғилиб ўсган хонадонига ошиқади. Лекин барибир у ўзини мана бу янги ҳаётга ўргатмоғи зарурдир. Унга эр, бошлиқ, фарзандлари учун ота бўлган киши билан ҳаётини бирга ўтказмоғи даркор. Бу сенинг янги дунёйингдир.Сен дунёда энг баҳтли аёлсан чунки,

Аёл барча хазиналардан қиммат, барча бойликлардан бебаҳодир.

Аёл бир ўзи хонадонингни жаҳаннамга айлантира олганидек, уни жаннатларга ҳам айлантиришга қодирдир. Демак сен оилангни жаннатга айлантираолсанг Сен энг баҳтли аёлсан…… барчамизни Роббим бахтлиларнинг бахтлиси бўлиш бахтига мушарраф айласин. Амин.

Пошшахон ЭШОНХОН КИЗИ

Хадичаи- Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом

билим юрти мударрисаси 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Эҳромда тикилган кийимларни кийса

24.12.2024   7695   1 min.
Эҳромда тикилган кийимларни кийса

Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.

Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.