Инсон ўзи орзу қилган ҳақиқий саодатга эришиш учун интилиб яшайди. Лекин ҳақиқий саодат ҳақида ҳар кимнинг ўз тушунчаси бор.
Кимдир ҳақиқий бахтни мол-дунёга эришиш деб билади. Умрини мол-дунё жамлаш учун елиб-югуриб ўтказиб юборади. Мол-дунё “бир лаҳзалик саодат” эканлигидан, унинг абадий эмаслигидан хабари йўқ. Қуръони Каримда қиёмат куни бандалар ҳисоб қилиниши ҳақида ҳамда номаи аъмоли чап томондан берилган банданинг қуйидагича ҳасрат чекиши зикр қилинади:
مَا أَغْنَى عَنِّي مَالِيَهْ
هَلَكَ عَنِّي سُلْطَانِيَهْ
Менга мол–мулк ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди (Ҳоққа сураси 28-29-оятлар).
Кимдир ҳақиқий бахтни ҳамма ҳавас қиладиган, эътиборли мансабга эришиш деб билади. Ўша мақсадига етишиш учун барча чора–тадбирлар, восита–ю сабабларни ишга солади. Яна кимдир уни сиҳат-саломатлик деб билса, бошқалар уни тинч-омонликда ҳаёт кечириш деб тушунади. Айрим инсонлар эса, ҳақиқий бахт–саодат бу Аллоҳга иймон келтириш ва Унга итоат этиш, охиратда Унинг жаннатига ноил бўлиш деб биладилар.
Инсонларнинг бахт ҳақидаги тушунчаларининг турли хил бўлишининг сабаби, ўзларида ўша нарсанинг бўлмаслиги ёки уни йўқотганликларидир.
Масалан, мол–дунёсини йўқотган киши ҳақиқий бахтни мол–дунёда деб билади.
Бир муддат иш топа олмай сарсон бўлган киши, ўзи истаган фаолиятга киришгач, ўзини бахтиёр ҳис қилади.
Узоқ вақт шифтга термулиб хасталикни бошдан кечирган бемор учун тани жонининг соғ бўлишидан катта бахт йўқ.
Демак, бирор нарсани йўқотган киши унга эга бўлгандагина ҳақиқий саодатни ҳис қилар экан.
Аслида, қалбида ҳотиржамликни, жисмида фаровон ҳаётни излаган киши, уни Роббисига итоат этиш, буйруқларига бўйсуниш ва гуноҳ маъсиятлардан йироқлашиш билангина топади. Чунки ҳақиқий мўминнинг қалби дунё матолари ила ҳузурланишдан кўра Роббисига ибодат қилишдан лаззат олади. У иймони, тоати билан Роббисига яқинлашгани сайин, қалби унга боғланаверади. Ҳатто, Аллоҳнинг муҳаббати унинг асосий мақсади бўлиб қолади.
وَالَّذِينَ آمَنُوا أَشَدُّ حُبًّا لِلَّهِ
Иймон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари эса (уларникидан) кучлироқдир (Бақара сураси 165-оят).
Албатта, Аллоҳга ибодат қилиш ва Унга яқинлашиш оддийгина қуруқ гаплар эмас. Балки воқеликда ўз исботини топган энг тўғри йўлдир. Ибодатнинг асари дунё ва охиратда зоҳир бўлади. Банда учун ундан фойдали йўл йўқ. Фақат шу йўл билангина у ҳақиқий саодатга эришади.
فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَى (123) وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَى (124) قَالَ رَبِّ لِمَ حَشَرْتَنِي أَعْمَى وَقَدْ كُنْتُ بَصِيرًا (125)
Бас, сизларга (Мен) тарафдан ҳидоят келганидаким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким менинг эслатмамдан юз ўгирса, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У “Раббим! Нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг,ахир (олдин) кўрувчи эдим-ку?!” – дейди (Тоҳо сураси 123-125-оятлар).
Муфассир уламолар ушбу ояти каримадаги فَلَا يَضِلُّ “йўлдан озмас” сўзини “дунёда йўлдан озмас” деб, وَلَا يَشْقَى “бахтсиз бўлмас” сўзини “охиратда бахтсиз бўлмас” деб тафсир қилганлар.
Шунингдек, доимий тарзда Аллоҳни зикр қилиш қалбни қотиб кетмаслигига сабаб бўлади. Қолаверса, қалб хотиржамлик ва сакинат ила ором олади.
الَّذِينَ آمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур. (Раъд сураси 28-оят).
Уламолар зикр қилишнинг бир неча фойдаларини баён қиладилар:
1) Зикр қилиш билан банда Аллоҳнинг розилигига ноил бўлади.
2) Зикр шайтонни қувади.
3) Мўминнинг қалбидан қайғу, ғам-ташвишни кетказади.
4) Хурсандчилик, шодлик ва мамнунликни олиб келади.
5) Сиҳат-саломатликни мустаҳкамлайди.
6) Юз ва қалбга нур бахш этади.
7) Ризқни зиёда бўлишига сабаб бўлади.
8) Аллоҳ таолога ва инсонларга муҳаббатни пайдо қилади.
Авазхўжа БАХРОМОВ,
Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота”
жоме масжиди имом-хатиби тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эътибор берган кишини маҳзун қиладиган учта нарса бор. Уларнинг ҳар бири алоҳида жиҳат бўлиб, уларга қараган қиз албатта маҳзун бўлади. Мана шу уч нарсага қарашни бас қилсак, ҳаётимиз розилик, саодат ва сакинатга тўлади.
Маҳзун қилувчи биринчи нарса: Атрофдаги одамларнинг қўлидаги неъматларга қараш.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Синов учун дунё ҳаётининг кўрки қилиб, айримларни баҳраманд қилган нарсаларимизга кўз тикма. Роббингнинг ризқи яхшидир, боқийдир"(Тоҳо сураси, 131-оят).
Кўз тикиш – бировларнинг қўлидаги дунё матоҳларига ҳасад, тамагирлик билан қарашдир.
Бировнинг қўлидаги нарсаларга қараш ҳам икки хил бўлади:
Биринчиси – табиий, беихтиёр қараш. Бунда атайлаб, қасд қилиб қаралмайди. Одамларнинг қўлидаги нарсаларга, уларга Аллоҳ берган неъматларга беихтиёр кўз тушиб қолади. Бундай пайтда кўзини четга олган одамнинг қалби тамагирликдан узилиб, хотиржам бўлади. Аслида бунақанги пайтларда чин дилдан ҳавас қилиш, бу неъмат ўша кишига буюрсин, бардавом бўлсин деб дуо қилиш, бу кишига неъмат берилганига хурсанд бўлиш керак. Лекин кўз тикиб тураверса, «Нега шу нарса менда йўқ? Нега нуқул унинг омади келаверадию, менинг ҳеч ишим юришмайди?» деб, ҳасад қилса, ўша кишидаги бу неъмат йўқ бўлишини истаса, бундай пасткаш одам ўзига ғам-ғуссани тилаб олган бўлади.
Иккинчиси – атайлаб кўз тикиш. Бу – бировларнинг мол-мулкига, уларга берилган неъматларга атайлаб, бирор ёмон мақсад билан қараш ва бу ишни қайта-қайта қилишдир. Аллоҳ таоло қалбимизни маҳзунликдан асраш учун бизни бу нарсадан қайтарган. Шундай экан, қалбингиз хотиржам бўлиб, қайғусиз яшашни истасангиз, бошқаларга берилган неъматларга кўз тикманг!
Бир қиз айтади: «Бир куни онам мени ҳайрон қолдириб, "Кел, қизим, бугун сенга 37 йилдан буён қалбимнинг туб-тубида сақланиб келаётган бир сирни айтаман", деб қолдилар. Бориб, ёнларига ўтирган эдим, бундай дедилар:
«Ёшлигимда бировларнинг қўлидаги неъматларга кўп кўз тикардим. Аллоҳ уларга берган нарсаларни кўриб, ҳасад қилардим. Уларни ўзимдан устун деб, ўзимни эса жуда ночор деб билардим. Аллоҳ менга берган неъматлар эса кўзимга кўринмасди. Шунинг учун бирор кун розилик деган нарсани ҳис қилмай яшадим, қайғу мени бир сония ҳам тарк этмади. Охири бориб, тушкунликка – депрессияга тушиб қолдим.
Маҳзунлигимнинг сири мана шу эди. Лекин мен сенинг бундай бахтсиз бўлишингни истамайман. Шунинг учун, бойликда ҳам, чиройда ҳам доим ўзингдан пастроқларга қарагин, қизим. Шунда дунёю охиратда бахтли бўласан. Одамларнинг қўлидаги неъматларга қарасанг, қайғу-ҳасратдан бошинг чиқмайди, бундан ўзингни ҳимоя қилгин, болам!»
Иккинчи қиз айтади:
«Яширмайман, онам бировларга кўп ҳасад қиларди. Гапининг асосий мавзуси кимнингдир нимагадир эришган бўлар эди. Ўзининг аҳволидан эса фақат нолир эди. Яхшиям дадажоним донолик билан иш тутдилар. Бўлмаса мен ҳам онамнинг аҳволига тушиб қолишимга бир баҳя қолган эди. Отам онамнинг бу хунук одатига ажойиб услубда ёндаша бошладилар. Ҳар гал онам: "Фалончининг фалон-фалон нарсалари бор, бизда эса ҳеч нарса йўқ" деса, отам: "Одамларнинг қўлидаги нарсаларни кўп гапирсанг, обрўйинг тушиб кетади. Энг ёмони – Аллоҳнинг адолатига шубҳа қилган, берган ризқига норози бўлган бўлиб қоласан", дер эди.
Онам ўзининг аҳволидан нолиб, "Фалончихон бой-бадавлат, мен бечора эса…" деб қолса, отам яна ўша ҳикматли сўзларини такрорлар эди.
Отам бу сўзларни сокинлик билан, табассум билан айтар эди. Отамнинг бутун жисми-жонида, онамнинг акси ўлароқ, ҳар доим розилик, хотиржамлик уфуриб турарди, «Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бизда неъматлар жуда кўп!» деган сўзларни бот-бот такрорлар, ортидан эса Аллоҳ бизга берган, бошқаларда йўқ неъматларни санаб берарди.
Кўпинча отамнинг саодати билан онамнинг маҳзунлигини таққослаб кўрардим. Онамнинг одамлар қўлидаги нарсаларга қараб, хурсанд бўлмаслиги, отамнинг эса ўзига берилган неъматларга шукр қилиб, хотиржам яшаши ҳақида кўп ўйлардим. Ниҳоят, икки томонни солиштириб кўриб, отамга ўхшашга онт ичдим, бирор сония ҳам онамга ўхшаб қолмасликни Аллоҳдан сўрай бошладим. Чунки онам бировга берилган мол-дунёга қараб, ўзининг аҳволидан нолиб, ҳаётини барбод қилди, обрўсини тушириб, Роббининг адолатига шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолган эди».