Кувайтнинг Адлия ва дин ишлари вазири Доктор Фаҳад Ал-Афаси мамлакатнинг 9-халқаро Қуръон мусобақаси 10 апрель куни бошланишини эълон қилди.
“KUNA” агентлигининг хабар беришича, халқаро мусобақа Амир Шайх Сабоҳ Ал-Аҳмад Ал-Жабир Ал-Сабоҳ ҳомийлигида ўтказилади.
Мусобақадан кўзланган мақсад араб ва мусулмон давлатларида яшовчи Қуръони Каримни ёд олиш билан шуғулланганлар орасида ғолибларни аниқлаш, ёш авлодга Қуръон тиловати ва илмларини ўргатишда имомлар ролига эътиборни қаратиш, шунингдек, Қуръони Каримни ёд олувчиларни рағбатлантиришдан иборат эканини айтиб ўтган.
Вазир Ал-Афаси жорий йилги мусобақадан кўпроқ одам манфаат кўрсин, деган мақсадда хориж давлатлардан имкон қадар Қуръонни ёд олган кўп вакил иштирок этишини таъминлашга ҳаракат қилинаётганини сўзига қўшимча қилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги раҳбарияти Давлатобод туманида аҳоли вакиллари билан мулоқот уюштирди.
Унда бир жамиятда яшаётган инсонлар ўзаро тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшашга буюрилгани, охирги вақтларда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган фазилатларни кенг ёйиш жуда ҳам зарур бўлаётгани ҳаётий мисоллар асосида айтилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илмга, касб-ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмалар келтирилиб, ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги эслатилди. Бу осойишта ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғулари билан яшашга эътибор қаратилди.
Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов динимиз таълимотларида ота-онага ҳурмат, комил инсон фазилати, ҳар бир ишда мўътадиллик, исрофдан сақланиш, риёкорлик, кибр иллатидан йироқ бўлиш, кўр-кўрона тақлид, зулм каби гуноҳлардан сақланишга чақирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати