Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Киши ўз аҳлига яхшилик қилиши керак. Токи у оила аъзолари учун энг севимли кишига айлансин”.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:
وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَاماً
“Улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт”, дейдиганлардир” (Фурқон сураси, 74-оят).
Қуразий раҳимаҳуллоҳ: “Мўмин киши аёлини, фарзандларини Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилаётган ҳолда кўришидан кўра унинг кўзини қувонтирадиган бошқа нарса йўқ” деганлар.
Имом, тобеий Яҳё ибн Абу Касир: “Агар мана бу уч нарса уйда бўладиган бўлса, у уйдан барака олинади. Булар исроф, зино ва хиёнат” деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қайси бири яхшироқ?” дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қараганда, хурсанд қиладигани, буюрса, итоат қиладигани, эрининг аёли нафсида ва ўз молида ёқтирмайдиган нарсаси борасида унга хилоф қилмайдигани” дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.
“Ибн Равоҳа бир куни йиғлади. Аёли ҳам йиғлади. Шунда у аёлидан: “Йиғингнинг боиси нима?” деб сўради. Аёли: “Сизнинг йиғлаётганингизни кўрдим ва шунинг учун мен ҳам йиғладим” деб жавоб берди. Шунда эри: “Албатта, менга сиротдан ўтишим ҳақида хабар берилди. Амалларнинг ўлчови ҳақида менга хабар берилмади” деди.
Бу ривоятда аёлнинг эрига итоат қилишига гўзал бир мисол келтириляпти. Аёлнинг эрига итоати оиланинг барқарорлиги ва саодатининг мусҳаткам таянчи, кафолатидир.
Имом Иброҳим Ҳарбий айтадилар: “Онамга ҳам, синглимга ҳам, аёлимга ҳам танамдаги истимамни айтиб, шикоят қилмадим. Чинакам эркак ўз ғамини ичига яширадиган ва оиласини ўз ғамлари билан паришон қилмайдиган кишидир”.
Дарҳақиқат, бу ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларининг ҳаётга татбиқ қилиш борасида юксак хулқ намунаси эмасми?!
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар:
“Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганларингиздир. Мен сизларнинг орангиздаги аҳлига энг яхшироғингизман”.
Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилганда, шундай деб марҳамат қилган:
وَأَصْلَحْنَا لَهُ زَوْجَهُ
“Жуфтини ўнглаб қўйдик” (Анбиё сураси, 90-оят).
Баъзи уламолар: “Киши Аллоҳ таолога: “Эй Роббим! Аёлимни ислоҳ қилгин! Солиҳа қилиб бергин!” деб кўп дуо қилиши керак” деб айтишган.
Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳнинг аёли: “Биз эримизга, худди сизлар амирларингизга гапиргандек, гапирамиз” деган.
Умар розияллоҳу анҳу: “Мен киши ўз аҳлида ёш боладек бўлишини яхши кўраман. Агар у эркакка эҳтиёж тушса, унда эркакдек бўлиб, (эҳтиёжни қондира)ди” деганлар.
Ота-оналар ўз фарзандлари ҳақларига кўп дуо қилишлари керак ва уларни қарғашдан сақланишлари лозим.
“Агар ота боласининг ҳаққига золимона равишда дуоибад қилса, гуноҳкор бўлади. Бу иш мазлум бола учун гуноҳларига каффорот бўлади ва сабр қилганига ажр олади”.
10. Ота-оналарнинг фарзандларига ибрат бўлиши.
Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ: “Албатта, мен намоз ўқийман ва шу пайт боламни эслаб қоламан. Шунинг учун намозимни зиёда қилиб адо этаман” деганлар.
Яъни болам мендан ибрат олади деб ўйлаб, намозимни чиройли тарзда, хушуъ-хузуъсини ўрнига қўйиб адо этаман, деганлар.
“Ал-усра ас-саъийда индас салафис солиҳ” номли
мақоладан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун Малайзия Ислом санъати музейида икки томонлама маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ислом цивилизациясини ўрганишда илмий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган "Маданий мерос: Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўприк" мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда Малайзиянинг энг йирик "Ал-Бухорий" жамғармаси, Малайзия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Исломни англаш институти, Малайзия Ислом маданияти институти, Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти, Ислом фанлари университети, Халқаро ислом университети ҳамда бошқа етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳада, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тақдим этилди. Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий марказлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар эътиборига ушбу илмий муассасалар фаолиятига бағишланган махсус ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. Шунингдек, Малайзия илмий жамоатчилигига Ўзбекистон Президентининг "Малайзия ислом санъати музейи" китоб-альбомига ёзган сўзбошиси тақдим этилди.
Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти билан танишган давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Президентининг ушбу марказни ташкил этиш ташаббусини юқори баҳоладилар. Олимлар мазкур лойиҳа ёшларни маърифатпарварлик руҳида тарбиялаш ва тинчликсевар ислом қадриятларини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Тадбир доирасида махсус декларация ҳам қабул қилинди. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси марказида халқаро олимлар ва тадқиқотчиларнинг ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилди. Ушбу муҳим қадам ислом мероси йўналишидаги етакчи мутахассислар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Марказ музейини бойитиш, шунингдек, Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган.
Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти (Малайзия) Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро англашув меморандумини имзолади. Давра суҳбатининг асосий қарорларидан бири икки мамлакатнинг ислом цивилизациясини ўрганишга ихтисослашган етакчи тадқиқотчилари ва экспертларини бирлаштирадиган қўшма Ўзбекистон-Малайзия илмий жамиятини ташкил этиш бўлди.
Ташкилотга Ўзбекистон томонидан Ислом цивилизацияси маркази, Малайзия томонидан эса Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти раҳбарлик қилади. Экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши арафасида бўлиб ўтади. Жамиятнинг асосий вазифаларига қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва нашрлар, таълим ва маданий ташаббусларни ташкил этиш, академик тажриба ва ресурслар алмашиш, шунингдек, ислом мероси масалалари бўйича халқаро мулоқотни ривожлантириш киради. Жамиятнинг кординаторлари этиб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори – доктор Фирдавс Абдухолиқов ва Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти директори – доктор Абдулазиз Бергут сайланди.
Ўзбекистон Президентининг ислом маданиятини асраб-авайлаш ва буюк алломалар меросини ўрганишга қўшган ҳиссасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Малайзия томони ўзбекистонлик тадқиқотчиларга 100 000 дан ортиқ қўлёзма ва нодир нашрлардан электрон фойдаланиш имконини берувчи махсус сертификат тақдим этди. Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти кутубхонасининг сертификати ва рақамли калити Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларига ҳам рухсат берилди.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистон томони икки томонлама илмий, таълим ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро марказлар ўртасида радикализмнинг олдини олиш бўйича махсус дастур доирасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш таклиф этилди. Маданият соҳасидаги ташаббуслар Малайзия Ислом санъати музейида Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликлари ва топилмаларига бағишланган фотокўргазма ташкил этишни, шунингдек, мамлакатнинг тарихий-маданий мероси билан танишиш мақсадида Малайзиянинг диний ва таълим ташкилотлари вакиллари, журналистлар ва жамоат арбоблари учун Ўзбекистон бўйлаб медиатур ўтказишни ўз ичига олади. Таълим соҳасида малайзиялик олимларни Имом Бухорий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендиялар дастурларига жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Малайзия халқаро ислом университети ўртасида қўшма таълим дастурини ишлаб чиқиш, жумладан, Visiting Professor дастури бўйича ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг Малайзия олий ўқув юртларида иштирокини таъминлаш таклиф қилинди. Илмий соҳада Малайзия Ислом маданияти институти ва Имом Бухорий номидаги марказ ўртасида мусулмон олимларининг тиббиёт соҳасидаги илмий меросини ўрганиш ва қайта тиклаш ҳамда Имом Бухорий меросини тадқиқ этиш таклиф этилди. Бундан ташқари, маънавий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида малайзиялик диндорларга Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконини берувчи "Умра плюс" махсус зиёрат дастурини ишга тушириш таклиф этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) ҳамда Ўзбекистон илмий марказлари томонидан нашр этилган китоблар ва факсимиле нашрларнинг ноёб кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тақдим этилган нашрлар давра суҳбати иштирокчиларининг чуқур қизиқишини уйғотди. Илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш рамзи сифатида китоблар тўплами Малайзиянинг ҳамкор ташкилотлари кутубхоналарига, жумладан, Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти, Малайзия Ислом маданияти институти ва бошқа муассасаларга совға қилинди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар Малайзия Ислом санъати музейидаги ўзбек маданий мероси экспозициясини зиёрат қилишди. Тадбир меҳмонлари Ўзбекистоннинг бой меросини акс эттирувчи ноёб тарихий ашёлар билан танишиб, музейнинг доимий экспозициясини ҳам кўздан кечиришди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) томонидан нашр этилган "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумининг 58-жилди айнан Малайзия Ислом санъати музейи тўпламларига бағишланган.
Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати