Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Киши ўз аҳлига яхшилик қилиши керак. Токи у оила аъзолари учун энг севимли кишига айлансин”.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:
وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَاماً
“Улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт”, дейдиганлардир” (Фурқон сураси, 74-оят).
Қуразий раҳимаҳуллоҳ: “Мўмин киши аёлини, фарзандларини Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилаётган ҳолда кўришидан кўра унинг кўзини қувонтирадиган бошқа нарса йўқ” деганлар.
Имом, тобеий Яҳё ибн Абу Касир: “Агар мана бу уч нарса уйда бўладиган бўлса, у уйдан барака олинади. Булар исроф, зино ва хиёнат” деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қайси бири яхшироқ?” дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қараганда, хурсанд қиладигани, буюрса, итоат қиладигани, эрининг аёли нафсида ва ўз молида ёқтирмайдиган нарсаси борасида унга хилоф қилмайдигани” дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.
“Ибн Равоҳа бир куни йиғлади. Аёли ҳам йиғлади. Шунда у аёлидан: “Йиғингнинг боиси нима?” деб сўради. Аёли: “Сизнинг йиғлаётганингизни кўрдим ва шунинг учун мен ҳам йиғладим” деб жавоб берди. Шунда эри: “Албатта, менга сиротдан ўтишим ҳақида хабар берилди. Амалларнинг ўлчови ҳақида менга хабар берилмади” деди.
Бу ривоятда аёлнинг эрига итоат қилишига гўзал бир мисол келтириляпти. Аёлнинг эрига итоати оиланинг барқарорлиги ва саодатининг мусҳаткам таянчи, кафолатидир.
Имом Иброҳим Ҳарбий айтадилар: “Онамга ҳам, синглимга ҳам, аёлимга ҳам танамдаги истимамни айтиб, шикоят қилмадим. Чинакам эркак ўз ғамини ичига яширадиган ва оиласини ўз ғамлари билан паришон қилмайдиган кишидир”.
Дарҳақиқат, бу ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларининг ҳаётга татбиқ қилиш борасида юксак хулқ намунаси эмасми?!
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар:
“Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганларингиздир. Мен сизларнинг орангиздаги аҳлига энг яхшироғингизман”.
Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилганда, шундай деб марҳамат қилган:
وَأَصْلَحْنَا لَهُ زَوْجَهُ
“Жуфтини ўнглаб қўйдик” (Анбиё сураси, 90-оят).
Баъзи уламолар: “Киши Аллоҳ таолога: “Эй Роббим! Аёлимни ислоҳ қилгин! Солиҳа қилиб бергин!” деб кўп дуо қилиши керак” деб айтишган.
Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳнинг аёли: “Биз эримизга, худди сизлар амирларингизга гапиргандек, гапирамиз” деган.
Умар розияллоҳу анҳу: “Мен киши ўз аҳлида ёш боладек бўлишини яхши кўраман. Агар у эркакка эҳтиёж тушса, унда эркакдек бўлиб, (эҳтиёжни қондира)ди” деганлар.
Ота-оналар ўз фарзандлари ҳақларига кўп дуо қилишлари керак ва уларни қарғашдан сақланишлари лозим.
“Агар ота боласининг ҳаққига золимона равишда дуоибад қилса, гуноҳкор бўлади. Бу иш мазлум бола учун гуноҳларига каффорот бўлади ва сабр қилганига ажр олади”.
10. Ота-оналарнинг фарзандларига ибрат бўлиши.
Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ: “Албатта, мен намоз ўқийман ва шу пайт боламни эслаб қоламан. Шунинг учун намозимни зиёда қилиб адо этаман” деганлар.
Яъни болам мендан ибрат олади деб ўйлаб, намозимни чиройли тарзда, хушуъ-хузуъсини ўрнига қўйиб адо этаман, деганлар.
“Ал-усра ас-саъийда индас салафис солиҳ” номли
мақоладан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бақара сурасининг: «Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши борми?..» 245-ояти каримаси нозил бўлгач, Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ қарздан беҳожат бўлгани ҳолда, бизнинг қарз беришимизни хоҳлайдими?” – дедилар.
Набий алайҳиссалом: “Ўша сабабли сизларни жаннатга киритишни хоҳлайди”, дея жавоб бердилар. “Агар мен Роббимга қарз берсам, унинг эвазига мен ва болаларимни ҳам жаннатга киритадими?” – дедилар Абу Даҳдаҳ.
Набий алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. Шунда Абу Даҳдаҳ: “Ундай бўлса, қўлингизни узатинг!” – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини узатган эдилар, Абу Даҳдаҳ: “Менинг иккита боғим бор, уларнинг бири Мадинанинг паст тарафида, бошқаси тепа тарафида жойлашган. Худо ҳаққи, менда шулардан бошқа нарса йўқ, уларни Аллоҳга қарз бердим”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биттасини Аллоҳга бериб, бошқасини ўзинг ва оиланг тирикчилиги учун олиб қўявергин”, дедилар.
Абу Даҳдаҳ: “Ё Аллоҳнинг Расули, сиз гувоҳ бўлингки, мен иккисидан энг яхшисини, ичида 600 туп хурмоси борини бердим”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, Аллоҳ у сабабли сени жаннат ила мукофотлайди”, дедилар.
Абу Даҳдаҳ боғ томон юрдилар ва аёли ҳамда болаларини чақириб: “Чиқинг, мен бу ерни Аллоҳга қарз бердим”, дедилар.
Умму Даҳдаҳ: “Йўғ-э, нимага бундай қилдингиз, ахир бу боғни орқангиздан қоладиган болаларингизга ташлаб кетганингиз яхши эмасми? Чорагиними ё ярминими бериб, қолганини ўзимизга олиб қолмабсиз-да!” демадилар.
Аксинча, Умму Даҳдаҳ: “Яхши савдо бўлибди, Аллоҳ сизга барака берсин”, дедилар. Кейин болаларига ўгирилиб, уларнинг этакларидаги хурмоларни қоқиб ташладилар ва оғзида чайнаб турганларини ҳам чиқартириб юбордилар. Шу заҳоти болалари билан у ердан чиқиб, иккинчи боғга кириб жойлашдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Даҳдаҳ учун мевалари мўл қанчадан-қанча хурмо дарахтлари тайёрлаб қўйилган”, дедилар.
Эй Абу Даҳдаҳ, мукофотингизни Аллоҳ берсин! Қандай қилиб Аллоҳнинг амрига бу даражада тезлик ила лаббай дея жавоб бердингиз-а?! Қандай қилиб ажабтовур, мевалари кўплигидан шохлари эгилиб қолган бу хурмозорни
Аллоҳнинг жаннатидан умид қилиб, Ўзининг йўлида садақа қилдингиз?! Буни қандай уддаладингиз?!
Ҳозирги кунда олдига ишончли кишилар келиб масжид қурилиши учун ёрдам сўрашганида ёки мусулмонларга фойда келтирадиган бирор-бир ишга ҳомийлик қилиш илтимоси бўлганда иккиланадиган баъзи бойларга ўхшаб Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу узоқ ўйланмадилар. Ёки бўлмаса мақтов, ўзларининг ҳақларига мадҳия сўрамадилар. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у зот бу ишларни Аллоҳ Ўзининг мухлис бандаларига тайёрлаб қўйган жаннатига талабгор бўлиб қилдилар, бундан бошқа нарсанинг талабида бўлганлари йўқ.
Эй Абу Даҳдаҳ, қилган ишингиз муборак бўлсин! Яна сизга бундайин солиҳа аёл муборак! Бундай улкан мартабада тура олиш қутлуғ бўлсин! Эй Умму Даҳдаҳ! Мусулмонларнинг аёллари сиздайин зотларга эргашсинлар...
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.