Барча нарсаларнинг асоси бўлгани каби меҳрибонлик ҳам энг юксак ахлоқ ва бошқа кўпгина хулқларнинг асл манбаси ҳисобланади. Чунки, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғ билан алоқа қилиш, етимни бошини силаш, камбағал, бева-бечораларга, касаллар, ишчилар, ҳожатмандлар, мусибатдагиларга ёрдам бериш, қўшнилар, ошна-оғайнилар ва барча инсонларга яхши муомалада бўлиш, гуноҳкорни айбидан ўтиш, раҳбарлар билан маслаҳатлашиб иш тутиш каби бир неча фазилатлар мана шу меҳрибонлик тушунчасидан келиб чиқади.
Меҳрибонлик сўзининг асли араб тилидаги “ар-роҳмату” сўзидан олинган бўлиб, раҳматга уламолар: “Бошқа бир кишидаги мусибатни ҳис қилганда азоб чекадиган ёки ундаги ҳурсандчиликни билганида севинадиган қалбдаги юмшоқликдир”, деб таъриф беришган. Киши ўз биродарига етган қийинчилик ва ҳурсандчиликларда у билан бирга бўлиши шу раҳматдан бўлади. Меҳрибон киши раҳм-шафқатга ҳақли одамни билса унга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Агарда, ёрдам бериш қўлидан келмаса, ёки бунинг умуман иложи йўқ бўлса ич-ичидан қийналади. Бу ҳудди Пайғамбаримиз айтганларига ўхшайди: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат қилишларида бир жисмга ўхшайдилар. Бирон аъзо оғриса қолган аъзолар ҳам бедор ва иситма бўлиб биргаликда азоб чекади”.
Ислом меҳр-шафқат динидир. Аллоҳ таолонинг энг улуғ сифатларидан бири ҳам Раҳмондир. Раҳмон сўзининг маъноси барча махлуқотларга раҳм қилувчи, мўминга ҳам, кофирга ҳам неъматларни берувчи дегани. Ҳа, Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги чексиз. Ўзига итоат қилмаган гуноҳкор бандаларига ҳам ризқ бераверади. У Зот охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам раҳмат пайғамбари қилиб юборган. Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, деган. (Анбиё 107). Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Бу ҳақиқатни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмасликлари, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканликларидан хабардор бўлган инсонларгина тушуна олади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга ниҳоятда меҳрибон эдилар. Кунларнинг бирида саҳобалари билан масжидда ўтирганларида бир саҳролик аъробий келиб ўтиради. Икки ракат намоз ўқигандан кейин масжиднинг бир томонига ўтиб бавл қила бошлайди. Уни кўрган саҳобалар қаттиқ ғазабланиб, тўхтатиш учун унга ташланмоқчи бўлишганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уни тек қўйинглар. Бавлини устига бир челак сув қуйиб юборинглар. Сизлар осонлаштирувчи бўлинглар, қийинлаштирувчи бўлманглар”, дедилар ва аъробийни чақириб, юмшоқлик билан: “Бу масжидлар бундай бавл, нажосат нарсалар учун ярамайди. Бу ерда Аллоҳ зикр қилинади, намоз ўқилади, Қуръон қироат қилинади”, дедилар. (Бухорий ривояти)
Бу улуғ ҳикматни қаранг. Агар саҳобаларни тўхтатмаганларида нажосат ҳамма ёққа ёйиларди. Аъробийнинг саломатлигига қаттиқ зарар етарди. Энг ёмони исломдан нафратланишига сабаб бўларди. Нажосатни иши эса енгил. Бир челак сув қуйилса кифоя. Жой тоза бўлади.
Бундай мисолларни жуда ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунчалик мулойим бўлишларининг сабаби бор эди. Уни Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилади: Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Оли Имрон 159). Имом Бухорий Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди”, деганлар. У зот ҳатто ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқатли бўлишни таъкидлаганлар. Жумладан, ҳайвон сўймоқчи бўлган киши пичоғини ўткирлаб олиши, унинг жонини оғритмаслиги, сут соғадиганлар қўлларининг тирноғини олиб соғишлари, ҳар бир ҳўл жигари бор нарсада ажр борлиги, яъни унга ем ёки дон берса савоб бўлишини айтганлар.
Ўзини билган, Муҳаммад алайҳиссалом умматиман деган ҳар бир инсон доимо ақл билан иш тутиши, инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам, ҳатто жонсиз нарсаларга ҳам зарар етказмаслиги, меҳр-шафқатли бўлиши керак. Ана шундагина оламда доимо тинчлик барқарор бўлади.
Шермуҳаммад БОЛТАЕВ
Ҳазорасп тумани «Шайх Қосим бобо» масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жалолиддин Суютий 849–911/1445–1505 йилларда мамлуклар давлатининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммолари юзага чиқа бошлаган даврда яшаган. Мамлуклар давлатининг ҳукмронлиги уч аср давом этган ва Усмонийлар томонидан Мисрнинг забт этилиши билан якунланган. Мамлуклар Миср, Сурия, Ҳижоз ва Жанубий Анадолуда сиёсий таъсирга эга бўлиб, кучли марказлашган бошқарув ва ташкилотлари билан салибчиларга ва мўғулларга қарши кураш олиб борган ва уларни тўхтатишга муваффақ бўлган. Бу давлат тарихнинг муҳим бурилиш даврларидан бирида яшаган.
Аъйни Жолут жангидан кейин Бағдоднинг барча бойликлари талон-тарож қилинган ва буюк Ислом цивилизацияси мўғуллар томонидан вайрон қилинган. 1258 йилда Бағдодга кирган мўғуллар қирқ кун давомида талончилик ва қирғин уюштирган. Асрлар давомида катта меҳнат билан яратилган кутубхоналар ва илмий хазиналар қисқа муддат ичида йўқ қилинган. Мўғул истилосидан кейин Бағдод ўзининг сиёсий, маданий ва илмий марказ мақомини йўқотган. Бағдоддаги халифаликнинг йўқ қилиниши бутун ислом оламига руҳий зарба бўлган.
Бу воқеадан сўнг Бағдодда яшаган кўплаб мусулмон олимлар мўғул истилосидан зарар кўрмаган мамлуклар давлатининг пойтахти Қоҳирага қочган. Ташқаридан келган олимлар Қоҳирада катта илмий фаолликни юзага келтирган.
Жалолиддин Суютий мамлуклар давлатининг сиёсий таназзули бошланган даврда яшаган. У ҳаётининг катта қисмини 873–901/1468–1496 йилларда ҳокимиятда бўлган султон Қойитбай даврида (23-50 ёш оралиғида) ўтказган.
Манбаларга кўра, Султон Қойитбай ҳар ойнинг бошида давлат амалдорларини саройга таклиф қилиб, улар билан учрашган ва маошларини топширган. Имом Суютий ҳам бир неча бор бу учрашувларга борган, бироқ кейинчалик бу амалиёт суннатга ва салаф олимларининг одатларига мос эмаслигини билдирган ҳолда таклифларни рад этган. Қирқ ёшида султон ҳузурига чиққанида таъзим қилмаган ва бу воқеа Суютий билан султоннинг муносабатларини ёмонлаштирган. Суютий ушбу воқеа бўйича “Ма роваҳул асатийн фи адамил мажиъ илас салатийн” номли рисола ёзган. Султон Суютий бу китобга раддия тарзида уламолардан фатво сўраган, бироқ улар унга қарши қарор чиқаришдан бош тортган. Натижада султон уни барча давлат лавозимларидан четлатган. Шундан кейин Суютий маълум бир муддат ўз уйида узлатда яшаган.
Суютийнинг ҳаётидаги энг муҳим бурилиш нуқтаси султон Қойитбай билан юз берган ушбу воқеа бўлган. Можаро унинг илмий фаолиятига катта таъсир кўрсатган. Чунки мана шу воқеалар натижасида у зот тўлиқ илм билан шуғулланишга ва сўфиёна узлатга эътибор қаратган.
Суютий “Ҳуснул муҳазара” ва “Ат-таҳаддус би ниъматиллаҳ” асарларида ўзининг ҳаётини тасвирлаган. Қуйида ушбу икки асардан ҳамда бошқа муаллифларнинг имом Суютий ҳақида ёзган биографияларидан ҳам фойдаланилиб, у зотнинг ҳаёти қисқача баён этилади.
У зотнинг тўлиқ исми: Абулфазл Абдураҳмон ибн Камолиддин Абу Бакр ибн Носириддин Муҳаммад ибн Собиқуддин Абу Бакр ибн Фахриддин Усмон ибн Носириддин Муҳаммад ибн Сайфиддин Хизр ибн Нажмиддин Абу Салоҳ Айюб ибн Носириддин Муҳаммад ибн Шайх Ҳумомиддин ал-Ҳумам ал-Ҳузайрий ал-Асютийдир.
У зот Жалолиддин лақаби билан машҳур бўлиб, барча манбаларда у “Жалолиддин ас-Суютий” ёки “Абдурраҳмон ас-Суютий” номлари билан тилга олинган.
“Абулфазл” куняси у зотга оиласининг яқин дўстларидан бири ҳамда у зотнинг устози Иззуддин Аҳмад ибн Иброҳим Киноний тарафидан берилгани зикр қилинган.
“Ал-Ҳузайрий” нисбасининг нима учун бу зотга берилгани масаласига келсак, у зотнинг ўзи бу ҳақида бундай дейди: “Бизнинг Ҳузайрий нисбамиз, Бағдодда жойлашган Ҳузайрийя маҳалласида яшаганимиздан келиб чиққан. Ишончли бир одамдан отамнинг бобоси араб эмаслиги ва шарқдан келган бўлиши мумкинлигини эшитдим. Бу эса шуни кўрсатадики, бу нисба жой нисбасидир”.
Суютийга “Асютий” (ёки Суютий) нисбасининг берилиши эса, у зотнинг отаси Мисрнинг Асют шаҳрида туғилиб, Қоҳирага келишидан олдин шу ерда қозилик лавозимида ишлаганлиги сабабли берилган.
Суютий ҳижрий 849 йил Ражаб ойининг биринчи куни (1445 йил 3-октабр) Мамлуклар давлатининг пойтахти Қоҳирада туғилган. Манбаларга кўра, унинг отаси, Шофеий мазҳаби фиқҳ олимларидан бири бўлиб, қозилик билан шуғулланган. Исми Камолиддин бўлган. Онасининг кутубхонада кўзи ёригани боис, Суютийнинг лақабларидан бири – “Ибнул кутуб” (китобларнинг фарзанди) бўлган.
Онасининг келиб чиқиши турк бўлгани ҳақида манбаларда маълумотлар бор. Шунга кўра, имом Суютийни ҳам она-ҳам ота тарафдан келиб чиқиши туркларга бориб тақалади десак, муболаға бўлмайди.
Суютийнинг отаси 855/1451 йилда вафот этганида, у ҳали олти ёшда бўлган. Отасининг васиятига кўра, унинг таълимини отасининг дўстлари, жумладан, Ибн Ҳумом Сивосий (ваф. 861/1457) ўз зиммасига олган.
Суютий ҳаётини ёритувчи манбаларда унинг рафиқаси ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди. У ўзининг яқинлари, ака-ука, опа-сингил ҳамда фарзандларининг кўплари ҳақида гапирар экан, уларни вабо, зотилжам ёки туғруқ пайтида “шаҳид” бўлганини хотирлайди.
Аҳмад Темур Асютда, ўзларини Суютий авлодидан эканини даъво қилувчи ва ал-Жалолий нисбасини олиб юрган одамлар борлигини қайд этади. Бироқ, олимларнинг бу борада билдирган эътирозларини инобатга олган ҳолда, улар Асютдаги Жалолиддин Суютий масжидида хизмат қилган кишиларнинг авлодлари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мулоҳаза ҳақиқатга яқин дейиш мумкин. Бу даъво мантиқли, сабаби Суютий авлодларининг кейинчалик отамакон Асютга қайтишгани мантиққа мувофиқ эмас.
Абдулҳай Хушвақтов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.